Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жалолиддин Мангубердининг қабрини кўчиришдан кимга наф?

Жалолиддин Мангубердининг қабрини кўчиришдан кимга наф?

Фото: Сollegemg.ru

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда Жалолиддин Мангубердининг қабрини Хоразмга олиб келиш ҳақидаги овозалар тарқалди. Бу мавзуга, айниқса, Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилоят бўлими мутасаддилари ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирларда урғу берилмоқда. Бу масала юзасида аҳоли ўртасида турли хил фикр-мулоҳазалар айтиляпти.

Хўш, Жалолиддин Мангуберди қабри қаерда?

Агар у мавжуд бўлса, саркарда жасадини Хоразмга кўчириб олиб келиш нечоғлиқ мантиқан тўғри? Бу саволларга миллий ва эътиқодий қадриятларимиз нуқтаи назаридан ёндошган ҳолда жавоб бериш ўринли.

Аввало, тарихдан маълумки, олис ўтмишда буюк саркарда ва подишоҳларнинг дафн қилинган жойи сир сақланган. Чунки аламзада душман ўлган рақибининг жасадини хўрлаш орқали унинг ворислари шаънини таҳқирлаши мумкин бўлган. Жўчихон Муҳаммад Хоразмшоҳ жасадини не кўйларга солгани ҳақида тарихнавис Василий Ян батафсил ёзиб қолдирган. Чингизхоннинг ўғиллари ҳам отаси вафот этгач, унинг дафн этилган жойини сир тутади.

Жалолиддин Мангуберди ва унинг ҳаёти ҳақида энг ишончли маълумотлар Шиҳобиддин Муҳаммад Ан-Насавийнинг «Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни» асаридир. Бу асар муаллифи Жалолиддиннинг муншийси ва шахсий котиби бўлиб, кўпгина воқеаларга ўзи гувоҳ бўлган ва унда бевосита иштирок этган. Ҳатто, у Жалолиддиннинг сўнгги дамда мўғуллар қуршовидан қандай чиқиб кетганини ўз кўзи билан кўрган ва унинг ўлими ҳақида аниқ маълумотларни ёзиб қолдирган. Шунингдек, озарбайжонлик академик Зиё Бунёдов хоразмшоҳ-аншутегинлар тарихини чуқур тадқиқ қилган олим саналади. Унинг «Хоразмшоҳ ануштегинлар давлати тарихи» асари бу борадаги энг ишонли, эҳтирослардан ҳоли тўлақонли манба саналади.

Ҳар иккала муаллиф Жалолиддин Мангуберди шаҳид бўлгач, тунда дафн қилиниб, қабри текислаб қўйилганини қайд этади. «Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни» асари иловасида шундай ёзилган: «Шиҳобиддин Ғозий Хоразмшоҳнинг тоғаси Утурхондан :«Ҳақиқатан ҳам ўлдирилган Жалолиддинми?» деб сўради. У майитнинг кимники эканини билди ва: «Ҳа, бу Жалолиддин», деб йиғлаб юборди. Улар Султонни тунда Майафориқин яқинига кўмишади ва унинг қабрини мўғуллар Султон хокини хўрламасин деган мақсадда текислатиб юборишади»...

Майафориқин – Туркиянинг курд миллатига мансуб аҳолиси яшайдиган қишлоқ. Жалолиддин Мангуберди ана шу қишлоқ яқинидаги ҳудудга дафн қилинган. Ҳеч бир асарда Майафориқин қишлоғига дафн қилинди, деган маълумот мавжуд эмас. «Майафориқин яқинига...» деган жумланинг ўзи аниқ бир ҳудудни кўрсатишнинг иложи йўқлигини англатади.

Баъзи бир олимларнинг кейинги тадқиқотлари Жалолиддин Мангубердининг жасади ўз даврида Темур Малик томонидан олиб келиниб, Самарқанд яқинидаги Хатирчи туманига дафн қилингани таъкидланмоқда. Чунки бу ердан топилган қабр тоши шундай фикрларни билдиришга туртки бўляпти. «Хоразм ёшлари» газетасининг 2016 йил августдаги 8-сонида ўлкашунос Комил Нуржонов қаламига мансуб «Жалолиддин Мангуберди қабри топилди» сарлавҳали мақоласи ва Самарқанд Давлат университети ўқитувчилари Муродхон Ҳошимов ва Мирвоҳид Даминовларнинг «Султон Жалолиддин қабр тоши» бюллетенида ҳам мавзуга оид баҳсли фикрлар илгари сурилади.

1993 йилда Хоразм вилоят собиқ ҳокими Маркс Жуманиёзов довюрак Хоразмшоҳ қабрини топиш мақсадида таниқли олим ва ижодкорлардан иборат делегацияни Туркияга илмий-қидирув сафарига юборган эди. Лекин мазкур делегация бирон бир натижага эришолмай қайтиб келишди.

Эндиликда Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилоят бўлими раҳбари Бекзод Абдиримов ушбу нуфузли делегация уддалолмаган ишни амалга ошириш ташаббуси билан чиққани турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Аслида бу масалага миллий ва эътиқодий қадриятларимиз нуқтаи назаридан ёндошмоқ зарур. Ислом динида қабр кўчириш деган нарсанинг ўзи йўқ. Қабр кўчиришдан тириклар учун ҳам, марҳумлар учун ҳам ҳеч қандай манфаат етмайди. Қабр кўчириш билан ёш авлод қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантиришнинг имкони бўлганида эди, Эроннинг Ҳамадон шаҳрида қўним топган Ибн Сино, Афғонистоннинг Ҳиротида дафн қилинган Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Қобулдан Бобур Мирзо, Ғазнадаги Абу Райҳон Беруний қабрлари юртимизга олиб келинган бўлур эди. Тожиклар Ҳиротдан Абдураҳмон Жомийнинг қабрини, туркманлар Эроннинг Ҳожиговшон қишлоғидан Махтумқулининг, озарбайжонлар Ироқдан Фузулийнинг қабрини ўз юртига аллақачон кўчиришнинг уддасидан чиққан бўлар эдилар.

Аввало, маънавий тарбия улуғ аждодларимиз ҳаёти ва асарларини мукаммал ўрганиш, уқиб, баҳра олиш орқалигина шаклланади. Қабр кўчириш орқали ёшларда фахр, ифтихор туйғуларини шакллантиришни мақсад қилишнинг ўзи – Алишер Навоий таъбири билан айтганда, писта пўчоғидан кема ясаш билан баробар.

Қолаверса, муқаддас динимизда қабр кўчириш муҳим ақидалардан бири бўлганида эди, не-не буюк уламоларнинг майитини ташувчи карвонлар сафи узилмас эди. Инчунун, марҳумлар руҳи уларнинг қабрини зерикканда бориб, айланиб келиш билан эмас, балки бир калима Қуръон ўқиб, бағишлаш билангина таскин топади. Қуръон ўқиб, ўтганларни ёдлаш учун эса масофалар дахл қилмайди. Биз ўз уйимизда ўтириб олис ҳудудларда сўнгги қўним топган аждодларимиз руҳига ояти карималар тиловат қилишимиз учун ҳеч бир нарса тўсқинлик қилмайди.

Истардикки, Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари Б.Абдиримов эътиборни жалб қилиш учун маънавий тарғиботнинг бошқа услубидан фойдаланса, айни муддао бўлар эди.

Эрпўлат Бахт,
журналист
Хоразм вилояти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг