Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жуфтига садоқатли жонзотлар

Жуфтига садоқатли жонзотлар

фото: https://www.worldanimalprotection.

Ҳайвонот оламида моногамия, оилапарварлик, жуфтга садоқатлик камдан-кам учрайдиган, аммо ажойиб хусусиятдир. Баъзи турлар ҳамроҳи билан умрбод ришталарни боғлайди ва ўз авлодларини тарбиялаш, омон қолишни таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилади. Умрининг охиригача бир-бирига интиладиган бу ҳайвонлар садоқат ва ҳамкорлик табиатда инсон муносабатларида бўлгани каби зарур эканлигини кўрсатади.

Бўрилар

Бўрилар ўзларининг мустаҳкам оилавий қадриятлари билан машҳур.  Жуфтини ўзгартириши мумкин бўлган бошқа ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, барча турдаги бўрилар ўз шерикларига содиқ қоладилар ва уларнинг ҳар бири болаларини тарбиялашда фаол роль ўйнайди. Бу ҳамкорлик  тўданинг омон қолиши учун муҳим факт бўлиб, умр бўйи битта жуфти бор ҳайвонлар орасида бўриларни алоҳида ажратиб туради.

Қор қоплонлари

Табиатан ёлғиз ва тутиб бўлмайдиган қор қоплонлари кўпайиш даврида мустаҳкам ҳосил қила олади. Одатда мустақил ҳаёт кечирадиган бошқа катта мушуклардан фарқли ўлароқ, қор қоплонлари турмуш ўртоғи билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиши маълум.

Эркак қоплон кўпинча ов ва ҳимоя  қилиш учун оиласи ёнида қолади. Моногам ҳайвонлар сифатида бу ҳамкорлик, айниқса, озиқ-овқат танқис ва атроф-муҳит муросасиз бўлган шафқатсиз табиатда жуда муҳимдир.

Пингвинлар

Эркак пингвинлар бўлажак турмуш ўртоқлари учун жуда кўп ҳаракат қилишади. Яъни улар жуфтига бериш учун мукаммал юмалоқ ва силлиқ тошни топмагунча қирғоқдан қайтмайди.

Aгар урғочи пингвин совғани қабул қилса, улар оила қуришади. Урғочиси тухум қўяди ва уни ота пингвин патлари орасида босиб ётади. Тухум хавфсиз жойда эканлигига ишонч ҳосил қилган она пингвин икки ойлик овга жўнаб кетади. Эркак пингвин оғир арктика шароитида тухумни хавфсиз сақлашга масъулдир ва у ҳеч қандай шароитда – ҳатто оч қолганда ҳам ҳаракатланиши мумкин эмас!

Пингвинлар жуфтликлар орасидаги узоқ муддатли садоқатлилиги билан машҳур. Уларнинг ўзига хос жиҳати шундаки,  кўпайиш мавсумида ўзининг аввалги шеригига қайтади.  

Оқ бошли бургутлар

Оқ бошли бургутлар нафақат куч ва эркинлик, балки садоқат рамзидир. Бу улуғвор қушлар, одатда, умр бўйи жуфтлашади ва ҳар йили бир хил уяга қайтади. Тухумни босиб ётишдан тортиб озиқ-овқат учун ов қилишгача, ҳам эркак, ҳам урғочи бургутлар ўз болаларини боқиш масъулиятини тенг баҳам кўрадилар.

Уларнинг ҳамкорликда тарбиялаш услуби жўжаларининг табиатда омон қолишига ёрдам беради, чунки ресурслар учун рақобат кучли бўлиши мумкин.

Чўл сичқонлари

Бу кичик жонзотлар бир шерик билан умрбод жуфтлашадиган ҳайвонларнинг энг машҳур намуналаридан биридир. Кемирувчилар биринчи жуфтлашгандан кейин кучли, умрбод жуфтлик ришталарини ҳосил қилади. Эркак чўл сичқонлари шеригига уя қуришда, озиқ-овқат йиғишда ва болаларига ғамхўрлик қилишда ёрдам бериш орқали ажойиб содиқликни намойиш этадилар.

Тити маймунлари

Жанубий Америкада яшайдиган тити маймунлари шеригига садоқатли ҳайвонларнинг яна бир мисолидир. Бу кичик приматлар ўзларининг вафодорлиги билан машҳур бўлиб, улар ҳатто думларини бир-бирига боғлаб ухлашади, буни уларнинг чуқур муҳаббати рамзи сифатида кўриш мумкин.

Тити маймунлари ота-оналикка масъулият билан қарайди. Урғочиси овга чиққанида ота маймун боласини ерга туширмай кўтариб юради.

Француз фаришта балиқлари

Моногамия фақат қуруқликдагилар учун эмас. Океаннинг бепоён бағрида француз фаришта балиқлари яшайди. Жуфтлар ҳеч қачон бир-биридан ажрамайди, бирга саёҳат қиладилар ва бирга ов қилишади. Уларнинг бир-бири билан мустаҳкам алоқаси одатда умр бўйи давом этади.

Қора калхатлар

Қора калхатлар жуфти билан умр бўйи яшайди. Улар болаларини бирга тарбиялайди, уяларини бирга ҳимоя қилади ва озиқ-овқатни бирга тўплайди.

Агар  жуфтлардан бири хиёнат қилса, у бошқа тўда томонидан жазоланиши мумкин. Моногамиянинг бу умумий мустаҳкамланиши қора калхатларни ҳаёт учун жуфтлашадиган ҳайвонлар орасида ноёб қилади.

 Оққушлар  

Оққушлар  ҳақида гап кетганда уларни романтика билан боғлашади. Қушларнинг дарё бўйлаб нафис сузиб юрганларида юрак шаклида бир-бирига боғланган бўйинларнинг классик тасвири аслида учрашиш маросимидир. Улар, шунингдек, қанотларини қоқиб, рақсга тушишади. Aгар қушлар илк учрашувда бир-бирларини ёқтиришса умр бўйи ажралишмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг