Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кашфиётчи ва Нобель совриндори вафот этди

Кашфиётчи ва Нобель совриндори вафот этди

Фото: «Brookline.com»

AҚШда таниқли кардиолог, дефибриллятор ихтирочиси ва Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Бернард Лаун вафот этди. У 99 ёшда эди, деб ёзади «The New York Times».

Қайд этилишича, у Массачусетс штатида Честнат Хиллдаги уйида ҳаётдан кўз юмган. Сўнгги йилларда шифокор турғун юрак етишмовчилиги кўринишидаги асоратлардан азият чеккан, устига-устак, унга пневмония ташхиси қўйилганди.

Юрак уришининг нормал ритмини тиклашга имкон берувчи илк дефибриллятор 1962 йилда Лаун томонидан кашф этилган. АҚШда ўша пайтларда йилига ярим миллион ўлимга олиб келувчи юрак хуружи юрак ритми бузилиши билан боғлиқ деб ҳисобланган. Кашфиёт реанимациянинг янги техникасини ишлаб чиқишга ҳамда замонавий юрак стимуляторларини яратишга имкон берди.

Лаун, шунингдек, ўзининг урушга қарши фаолияти билан ҳам тарихга кирди. 1980 йилда у кардиолог Евгений Чазов билан бирга «Дунё шифокорлари ядро урушининг олдини олиш учун» ҳаракатига асос солган. Ташкилот ядро синовлари ва қуролланиш пойгасига қарши чиқди. Ҳаракат фаолияти Нобель қўмитасининг ҳам назаридан четда қолмади: Тинчлик мукофотига сазовор бўлди (1985). Тиббий тадқиқотлардан ташқари кардиолог хайрия ишлари билан ҳам шуғулланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг