Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Котэ Махарадзе ва ўзбекнинг зимқишлоғи ўртасидаги боғлиқлик

Котэ Махарадзе ва ўзбекнинг зимқишлоғи ўртасидаги боғлиқлик

Гуржиларнинг Котэ Махарадзе деган машҳур футбол шарҳловчиси бўларди. («Гўгул амаки»нинг айтиши бўйича 2002 йилда вафот этган экан.) Ўрисчани ҳар қанча зўр гапирмасин, «аксенти»дан барибир гуржилиги билиниб турарди. Ўша аксенти билан гўзал эди унинг нутқи.

Ана шу Котэ Махарадзени ўзимиздаги ҳозирги электр танқислиги билан боғласам, нима дейсизлар? Абдулла Қаҳҳор Британиянинг мустамлака сиёсати билан Ҳиндистоннинг оқ сигири, Ғафур Ғулом эшакнинг қулоғи қимирлаши билан бошқоронғи аёл ўртасида муносабат кўрганида, мен нега «бежо» Махарадзе билан зим-зиё ўзбек қишлоқлари ўртасида боғлиқлик топмай? Бир излаб кўрсам, нима дейсизлар...

Хуллас, бундан йигирма йиллар олдин футбол бўйича Гуржистон миллий терма жамоаси қайсидир бир чет эл жамоаси билан ўйнайди. У пайтларда бечора гуржилар ҳозирги ўзбекларнинг аҳволидан ҳам ёмонроқ ҳолатда эди. Электр қуввати камлигидан ёритгичлар стадионни яхши ёрита олмайди. Шунда ўйинни шарҳлаб бораётган Махарадзе экран орқали бутун халққа мурожаат этиб, ортиқча чироқларини ўчириб қўйишни илтимос қилади. Халқ ҳам шарҳловчининг гапига қулоқ осади, шекилли, бир пасдан кейин майдон анча-мунча ёришади.

«Танаффус пайтида, – деб ёзади Котэ ака мақоласида, – шарҳловчилар хонасидан чиқиб қарасам, шаҳар қоп-қоронғу. Бирорта чироқ кўринмайди. Юрагим қинидан тошиб кетди. Биз, албатта, ғалаба қозонамиз, дедим ўшанда!»

...Мен ҳам сал олдин бир иш билан пойтахт кўчаларини айланиб келдим. Шаҳарнинг гўзаллигидан кўзлар қамашади. Ҳаммаёқ кундуз кунидагидек ёп-ёруғ. Она қуёш парча-парча-парча бўлиб шаҳарга сочилганга ўхшайди. Катта-катта жарнома-реклама экранлари, ўйноқи чироқлар, дўконларнинг анвойи ёғдулар таратиб турган номлари, ҳатто «ёнаётган» дарахтлару симёғочларни кўриб, одамнинг кўзи яшнаб кетади. Худди бизда ўнлаб атом электр станциялари ишлаб тургандек, худди энг овлоқ қишлоқларимиздаги хонадонлар ҳам чароғондек...

Мен ватанда Котэдек обрўга эга эмасам-да, мана шу тармоқ орқали барча дўстларимга мурожаат этмоқчиман, эрта бир кун ғалаба қозонишимиз учун илтимос қилмоқчиман. Давлат бугун халқни тўла-тўкис электр билан таъминлай олмаслиги ҳаммамизга аён. Трансформаторлар ал-мийсоқдан бўлмасаям, аксарияти «ал-иттифоқ»дан қолган. Катта кучланишларни кўтара олмайди. Газ тортилганида эса, электр энергиясига талаб янада кучланиш олади. Шундай экан, газсиз, чироқсиз ватандошларимиз учун осмонўпар ҳашаматларимиздан озгина чекиниб турсак, нима дейсизлар. Совуқ уйларда дилдираб улғаяётган кўз қувончларимиз – гўдакларимиз учун, зах мачитлар у ёқда турсин, касалхонада ётиб шамоллаб қолаётган жигарларимиз учун бироз қайғурсак, нима дейсизлар?

Ҳар биримиз хонадонимиздаги энг зарур бўлганидан бошқа барча чироқларни ўчириб қўйсак, қаердадир ўзимизникига ўхшаган битта хонадонда чироқ ёнишига ёрдам берган бўламиз, деган умиддаман. Шундай кунларда бир-биримизни қувватламасак, бирлашмасак, бошқа қачон бирлашамиз. Барибир, ҳеч биримизнинг «электрни ўзимизга беринглар, ортса, бошқага берасизлар», деб ҳокимиятнинг эшиги олдига боришга ҳафсаламиз йўқ, журъатимиз ҳам етмайди. Ҳеч йўғи, қўлимиздан келган ёрдамни берсак, ёруғ кунларга тезроқ етишамизми, дейман-да.

Зеро, Пайғамбаримиз ҳам (у зотга салавот ва саломлар ёғилсин) бир-бирига ёрдам берган мўминларга Оллоҳ дунё ва охиратда ёрдам беришини муждалаганлар. Шундай экан, кучимиз етганича ҳаракат қилаверайлик. Кучимиз етмаганига – Худо пошшо. У ёғини Ўзига ҳавола қиламиз.

Айтгандай, ўша ўйинда Гуржистон ғалаба қозонган-қозонмагани эсимда йўқ. Аммо энг катта ғалаба учун илк қадам ўша ўйин куни ташлангани аниқ. Шунинг учун ҳам ҳозир бу юрт энг чароғон ўлкалардан бири.

Абдуғафур Искандар
2019 йил 28 ноябр, соат 23:38

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг