Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Лўлилар Қодировни судга берадими?

Лўлилар Қодировни судга берадими?

Қонунчилик палатасида Жиноят процессуал кодексини ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси атрофида баҳс-мунозарада Алишер Қодиров лойиҳани ҳимоя қилаётган Расул Кушербаевга «лўлилик қилманг» дегани ортидан самарқандлик лўли фаоллари депутатга қатъий эътироз билдиришди. «Фидойилар» маҳалласи марказида тўпланган миллат фаоллари Қодировни судга беришлари мумкинлигини айтишган.

Садри Набиев:

– Депутат бўла туриб, яна инсон ҳуқуқларини била туриб «лўлилик» дея бир миллатни обрўсизлантирадиган даражада ибора қўллаши на қонунчиликка ва на одамгарчиликка тўғри келади. Депутат халқни бир жойга, бир мақсадга жамлаш ўрнига сан лўли, сан ўзбек, сан фалон дейишга ҳаққи йўқ. Умумий манзарада халқимиз билимсиздир, қайсидир жиҳатдан орқададирмиз. Лекин Ватан олдида ҳаммамиз тенг ҳуқуқли инсонлармиз. Иккинчи жаҳон уруши йилларида қанча-қанча лўли йигитлари бошқа миллат вакиллари билан елкама-елка туриб қурол тутди. Ватан номидан чақирилганда афғон урушида ҳам жўнатилган лўлилар кам эмасди. Улар орасида ҳалок бўлганлар юзларни ташкил қилади. Узоққа борманг, Юнусобод метро йўли қурилишида ҳалок бўлган йигитларнинг доғи ҳали яқинлари юрагидан аримади. Оддий хавфсизлик қоидалари таъминланмагани сабаб ёш-ёш йигитлар ўлиб кетди. Шулардан бири лўли йигити эди. Лўли Ўзбекистонда туғилиб, яшаб Ўзбекистон билан фахрланади, бир бурда топган нонига ҳам шукур қилиб яшайди. Лўлидан Ўзбекистонга хиёнат қилгани чиқмаган. Алишер Қодиров мана шу гапнинг мағзини бир чақиб кўрсин. У «лўличилик қилманг» деган гапини чойхона ёки бир даврада эмас, сиёсий минбарда айтаяпти. Гарчи бошқа жойда айтиши ҳам жавобгарликка тортилишга асос бўлади.

Жаноб Қодиров, лўли миллатининг ҳам қанчадан-қанча муаммолари бор. Агар сиз ана шулардан ақалли биттаси ҳақида тўхталиб, лўлиларни тилга олсангиз ярашар эди.

Биз умумий миқёсда саводсиз, оми кўринсак-да, орамизда қанчадан-қанча олий маълумотли мутахассислар, ҳуқуқини биладиган инсонлар бор. Биз сизни судга беришимиз мумкинлигини ҳам биламиз. Очиқ-ойдин кўриниб турган ҳолатда Омбудсман каби инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилот нега мурожаат кутиб тургани доимо бизни ажаблантирган.

Алмос Нуралиев, 73 ёшда:

– Лўлилар нега бошқалар кўзига ёмон кўринади? Чунки миллатнинг аксари тиланчилик қилади. Нега, деб ўйлаб кўришадими? Уларга мос иш ўринлари яратиш ҳақида кимдир ўйлаяптими? Аҳолиси қарийб 4 мингга яқинлашган маҳаллада болалар боғчаси йўқ. Агар имтиёзли боғчалар бўлса, болаларини хотиржам боғчада қолдириб, ўша тиланчиликдан топадиган 30-40 минг сўмини бирор-бир ишхонадан ҳам топиш мумкин.

Қуёшларда куйиб юрган тиланчини хориждан келган меҳмон «лўли» деб эмас, ўзбекистонлик деб айтади. Депутат деганининг ана шунга ақли етиши керак эди, «лўлилик қилманг» дейишдан аввал. Мана шу гап бутун маҳаллага тарқалди, оғриндик.

Илҳом Шодиев:

– «Шаббона» фильми экранга чиқарилган кунларни ҳануз унута олмаймиз. Нима эмиш, лўли майитини ҳовлисига кўмар эмиш. Ўшанда ҳам ўзимизни хўрланган, камситилган ҳис қилгандик. Ваҳоланки, Тошкентда «Чиғатой», Самарқандда «Шоҳи Зинда» энг машҳур, ўзбекнинг ҳам мана-ман деган арбоблари ётган қабристонларда неча неча аждодларимиз қўйилган. Ўшанда, ижодкорларни савиясизликда айблашган. Энди депутатни ҳам шундай десак тўғри бўлар.

Шу ерда тўпланганларнинг ота-боболари, яқинлари олий маълумотли ўтишган. Кам сонли бўлишса-да, таълимга интилиш бизнинг миллатимизга ҳам хос. Ўзимнинг набирам Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида 3-босқич талабаси. Мана, Садрининг 2 фарзанди ҳам олий даргоҳларда таълим олаяпти. Очиғини айтай, лўлидан чиққан олий маълумотли мутахассислар ўша иттифоқ даврида маълум талаблар асосида, мажбурликдан миллатини ўзбек ёки тожик деб кўрсатган. Ҳозирда лўлидан чиққан икки нафар камёб ихтисосдаги шифокоримиз хорижда яшаб, ишлаяпти. Бир учувчимиз ҳам оиласи билан хорижда. Улар қайтиши даргумон, деб ўйлайман. Бу ҳали биргина бизнинг маҳалладаги гап. Самарқанднинг ўзида 7-8 та маҳалла бор. Мамлакат миқёсида-чи? Депутатлар мана шулар ҳақида бир фикр юритишсин.

Солежон Собиров:

– Бир масалани анчадан буён пенсионер-оқсоқоллар билан маслаҳатлашамиз – катталар ҳаёти бўлганича бўлди, уни ўзгартириш қийин, энди келажак авлодни нолдан бошлаб янгича ҳаётга ўргатиш керак деган фикрдамиз. «Фидойилар» маҳалласига 9 та кўча қарайди. На бир болалар боғчаси, на майдонча ва на министадион бор. 30 апрель куни шу ҳақда Президент қабулхонасига мурожаат қилдим. Ёзиб олишди. Бир неча кун ўтиб шаҳар архитектурасидан келишди. Бориб жойни кўрсатдик. Уларга маъқул тушди. Яқинда шаҳар ҳокимлигидан жавоб келди. «Бизнинг эътирозимиз йўқ, майли ҳашар йўли билан қуринглар» деб ёзилган хатда. Бизнинг маҳаллада ўқиган одамлар бўлгани билан пулдорлар йўқ, аҳолининг кўпчилиги оддий ишчи ёки тиланчилик билан кун кўради. Яқинда маҳалла фаоллари номидан бош прокуратурага ёзган аризамизда шу ҳолатни кўрсатиб ўтдик.

Улуғбек расадхонаси яқинида «Қир» маҳалласи бор. У ерда ҳам лўлилар яшайди. Вақтида истиқомат қилиш мумкин бўлмаган қирликдаги ерлар ноқонуний сотилган. Бошқа миллат вакиллари қатори лўлилар ҳам сотиб олиб иморат кўтариб яшаб келган. Мумкин эмас экан, оилаларнинг кўчирилишига эътирозимиз йўқ. Лекин муддат бермасдан, уй бермасдан айнан лўли оилалари «Племсовхоз» деган ҳудудга кўчирилди. Бугунда 132 та хўжалик чодирларда яшамоқда. Орада қаттиқ ёғингарчиликлар бўлиб ўтди, сув кечиб яшадилар, буёғи жазирама иссиқ... Алишер Қодиров сиз лўли миллатини қанчалик биласиз? «Палаткага кўчмайман» деган иккиқат аёлларгача беш суткага қамалгани ҳақида эшитмагансиз, албатта. Ёрдамингиз тегмас экан, қўйинг, зарарингиз ҳам тегмасин, руҳий босим ўтказманг.

Эслатма: лўлидан чиққан олим, тарих фанлари номзоди Хол Назаров тадқиқот олиб борган 70-йилларда Ўрта Осиёда 30 мингдан ортиқ лўли бор, деб қайд этилган. Олим, 2000 йилда бу рақамни 50 мингдан ошган, деб айтган. Ҳозирда бундай кўрсаткич маълум эмас. Марказий Осиёдаги лўлиларнинг 70 фоизи Ўзбекистонда яшайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг