Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзиёев «катта-катта ваъда берган» ҳокимларни танқид қилди

Мирзиёев «катта-катта ваъда берган» ҳокимларни танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Қанчалик қийин бўлмасин, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигидан 42,5 минг гектарни қисқартириб, аҳоли пунктлари ва саноат ерлари тоифасига ўтказиб бердик.

Афсуски, катта-катта ваъдаларни берган айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу ерлардан самарали фойдалана олмаяпти», - деди Президент.

Хусусан, 100 та туманда тоифаси ўзгарган 17,5 минг гектар ер на тадбиркорга берилган, на аукционга чиқарилган. Бу ерлар олинганидан буён захирада ётгани танқид қилинди.

Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар бу ерлар аукционга чиқарилмаса, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Шунингдек, тоифаси ўзгариб, тадбиркорларга ажратилган 19 минг 300 гектар ердан 5 минг 400 гектари бўш турибди. Саноат зоналарида ҳам лойиҳа жойлаштирилмаган ерлар бор. Аксинча, тайёр инфратузилмаси бўлган саноат ерларидан бошқа мақсадда фойдаланиш кўп учрамоқда.

Тоифаси ўзгарган ерлар эвазига шу йилнинг охиригача 15 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиши керак эди. Бироқ, 8 минг гектар ерлар ҳалигача ўзлаштирилмаган.

Йил якунигача янги ерларни ўзлаштириш ваъдасини бажармаган ҳокимлар жаримага тортилиши, уларнинг ер тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлари умуман қабул қилинмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Кадастр агентлигига 2024 йил 1 мартга қадар барча саноат ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, вилоят ҳокимларига эса 2021 йилгача ажратилиб, қурилиш бошланмаган 7 минг гектар ерни захирага қайтариш топширилди.

Бош прокуратурага бу борада қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бундан буён вилоят кадастр бошлиғини ишга қўйиш ва ишдан олиш Бош вазир томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг