Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мия нима учун берилган?

Мия нима учун берилган?

Фото: «Газета.ру»

Биринчи қисм. Ривожланиш

Президент: «Келинглар, муаммоларимиз ечими ҳақида биргаликда ўйлайлик, кўзимиздан яшириниб ётган камчиликларимизни биргаликда топиб, ошкор қилайлик», — деяпти. Жойларда эса кўп ҳолатларда катта-кичик раҳбарлар камчиликларни яшириш билан овора. Нега?

Чунки камчиликларни ошкор қилиш уларнинг ечими тўғрисида фикрлашни ва... энг муҳими, юқорига жўяли таклифлар беришни тақозо қилади. Бунинг учун эса... мияни ишлатиш керак бўлади.

Кузатишимча, ҳозир жўяли таклифларни оддий одамлар, нодавлат ташкилотлар бераяпти-ю, аммо мансабдорлардан ҳали айтарли таклиф тушмаяпти. Бунинг сабаби ҳақида узундан-узоқ гапириш ва ҳатто... илмий иш ёқлаш ҳам мумкин, лекин гапни қисқароқ қилса ҳам бўлади.

Бош мияни ўрганувчи олимларнинг таъкидлашича, у доим ишлаб турсагина ўзини яхши ҳис қилар экан. Маълум муддат ишламай турган мия эса ишлаш қобилиятини унута бошлар экан. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ундан ҳам муҳимроқ гап бор. Мия фаолиятини ўрганувчи олимлар, хусусан, биология фанлари доктори Татяна Черниговскаянинг таъкидлашича, мия ўзи диоимий ривожланиш учун яратилган экан! ривожланишдан тўхтаса мия ўз ишини бажармаётганини сезиб... нобуд бўла бошлар экан!

Бу бундай, нобуд бўлаётган мияда фақат примитив (содда) ишларни бажариш қобилиятидан бошқа қобилиятлар қолмайди дегани.

Энди фикрлашда давом этамиз — мазкур билганимизни ҳозирги ҳолатимизга татбиқ этишга уриниб кўрамиз.

Масалан, одамларга ижобий таъсир этиб, уларнинг бошини қовуштириш, дунёқарашини яхши тарафга ўзгартириш кишидан яхшигина савия ва мия фаолиятини талаб этади. Ривожланишдан тўхтаган мия учун эса бу мислсиз мушкулотдир.

Бундай ҳолатда мазкур мия эгаси агар раҳбар лавозимида бўлса, унда ўзининг вазифасини ўзига хос тарзда тушунади ва ўзига хос тарзда юритади. Масалан, одамларга ижобий таъсир этишнинг бирон-бир йўлини билмаганидан дўқ-пўписа қилади, уларни ҳақорат қилади ва ҳатто уради. Буларни у «чин дилдан» қилади. Чунки тушуниш доираси шуни тақозо этади-да.

Иккинчи қисм. «Унда айб йўқ»

Аслида унинг «айби йўқ». Нега?

Ривожланишдан тўхтагани боис у ҳаётнинг асл лаззати — маънавий юксалиш таъмини унутган бўлиб, лавозим курсисини сақлаб туришни ўзининг ҳаётий мазмунига айлантирган бўлади. Бундай мансабдор юксак тушунчаларни, эл-юрт манфаатини ўзгача — ўзининг тор тушуниш доирасида талқин қилади. Яъни бу тушунчалар, қанчалик юксак бўлмасин, унинг ўша бош манфаати — амал курсиси атрофида айланади ва ўргилади, «хизматкор» вазифасида бўлади.

У ўша бош манфаати йўлида юқоридан келган топшириқларнинг моҳиятини тушунса ҳам бажаради, тушунмаса ҳам «бажаради», тўғрисини ҳам бажаради, эгрисини ҳам бажаради — фарқи йўқ. Муҳими — бажариш.

У ҳамма топшириқларни доим ҳам аслича қабул қилолмайди, балки ўзича тушунади. Бу эса ўша «калла деса салла» ва бошқа мақолларни эслаш учун сабаб бўлади (масалан, «ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш керак» деган талабни баъзи ҳокимлар ўзига хос тарзда «қондиришди». Қандай дейсизми? Ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўша ҳудуддан олиб чиқилишига куч ила тўсқинлик қилишди... «Ўзимизнинг вилоятдан экспорт қилинсин!» дейишди. Бу иш мамлакат миқёсида экспорт ҳажмини кўпайтирмаслигини, аксинча, ҳудуд деҳқонларининг ишига путур етказишини, деҳқон зарар кўришини, экспорт эвазига вилоятга келадиган пул миқдори эса камайишини — буларнинг ҳаммасини ёш бола ҳам тушуна олади. Аммо ҳоким фойда деганда бошқа нарсани тушунса, нима қилсин?!).   

Бундай мансабдор жўяли таклифлар бермайди, зеро, беролмайди — бундай таклифлар унда бўлмайди. Аммо буниси ҳали ҳолва — таклиф билан чиқишни у катта хато деб билади. Ўзининг «катталар олдида ортиқча гапириб қўймаслик» қобилиятини эса ўзи юқори баҳолайди. Унинг «тўхтаб қолган» мияси воқеликни тўғри илғашга асло имкон бермайди.

Аммо биз уларни қандай таниб оламиз?

Ҳар бир дарднинг ўз белгилари бўлади. Бу белгиларга қараб соҳа мутахассислари ўша дард инсонда мавжудлигини бехато билиб олишади.

Йиллар давомида фаолияти бир хил топшириқларни бажариш билан чекланиб қолган, шахсий дунёсининг тўрига мансаб курсисини ўтқазиб олган бу тоифанинг ҳам, албатта, белгилари бор. Ўша белгилар — симптомлар орқали биз уларни бемалол билиб олишимиз мумкин бўлади. Демак...

Учинчи қисм. Симптомлар

Бу турдаги мансабдорларни қуйидаги белгиларидан билиб олсак бўлади:

  1. Камчиликлар ошкор бўлишини ёмон кўришади.

Оддий ҳақиқат — юрт ривожини истаган раҳбар камчиликларни топиб, уларга барҳам беришни хоҳлайди. Камчиликлар ошкор бўлганда жазавага тушган ҳокимни кўрсангиз, билингки, унинг ғами юрт ривожи эмас, балки лавозим курсисидир. Айнан шу матоҳни муҳим билгани боис камчиликларнинг ошкор бўлишини у салбий ҳолат деб тушунади. Буни лавозимига таҳдид деб санайди.

  1. Имкон пайдо бўлди дегунча одамлар билан қўпол муомала қилишади.

Оддий ҳақиқат — одамларни яхши кўрадиган киши уларни ҳақорат қилмайди, хўрламайди. Биз ўрганаётган тоифа эса, қанчалик ўзини яхши қилиб кўрсатмасин, эгаллаб турган лавозимига соя тушганда асл қиёфаси кўриниб қолади. Шунда биз уни таниб қоламиз. Бундай пайтларда у амал курсисига хавф туғдирган «айбдорлар»ни, қўйиб берсангиз, янчиб ташлайди.

  1. Боя айтганимиздек, бундайлардан таклиф, ташаббус чиқмайди.

Биринчидан, илғор ғоялар фақатгина эл-юрт учун жон куйдирадиган инсонларнинг хаёлига келиши мумкин. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бу тоифа эса нима учун жон куйдиришини билдик. Иккинчидан, таклиф билан чиқиш ўша таклифни татбиқ этишни тақозо қилиб қолиши мумкин. Ўзи шундоқ ҳам мансаб йўлида ҳаловатидан кечган қаҳрамонимизга бу ҳеч ҳам керак эмас. Учинчидан, таклиф билан чиқиш унинг табиатига умуман мос эмас — унинг интилгани ривожланиш эмас, балки лавозим ила осуда «қўша қариш».

  1. Ўзи бошқараётган ҳудудни ўзининг шахсий нарсасидек тутади.

Бу тоифа раҳбар ўз ҳудудида ўзини подшоҳдай тутади. Биринчидан, ишларини маслаҳат билан юритмайди. Кенгаш қилиш, ҳудуд аҳлининг фикрини сўрашни ор билади. Иккинчидан, ўзи бошқараётган ҳудудни ёки ташкилотни ўзининг шахсияти билан чамбарчас боғлайди. Шунинг учун ҳам ҳудуддаги камчиликларнинг ошкор бўлишини ўзининг шахсий ҳаётига аралашув деб, ички сирларининг очилиши деб, шахсига таҳдид деб тушунади. «Туманимизни (ёки вилоятимизни) шарманда қилдинглар... ундайлар, бундайлар» деб одамларни ҳақорат қилишлар, қуюшқондан чиқишлар шундан! Имкон бўлса бу тоифа камчиликларни ошкор қилувчиларни албатта топиб, ўчини олади. Фақатгина ошкоралик муҳити, жамоат назорати институтлари бундайларнинг қўлини боғлаб туради — истаклари рўёбга чиқишига тўсқинлик қилади.

Тўртинчи қисм. Истаклар дунёси

Бу турдаги мансабдорларнинг ўз орзуси бор. Келинг, унга назар ташлаймиз:

Сокинлик. Ҳамма жим. Ҳоким буванинг хизматига мунтазир. У кишининг бир ишораси ила ўқитувчи-ю шифокорга ўхшаган «майда-чуйда» қатламлар ҳар қандай юмушни бажаришга тайёр. Тадбиркору деҳқон ҳоким буванинг обрўсини сақлашни муқаддас бурчи деб билади. Бу йўлда улар ўз манфаатларидан кечишга, етиштирган маҳсулотини жойи келса таннархидан-да арзон сотишга шай турадилар. Бу орзулар дунёсида ҳамма ҳудуд статистикасини яхшилаш учун жон куйдиради. Бунинг учун ҳамма келишиб олиб ҳаракат қилади — камчиликлар яширилади, ютуқлар кўпиртирилади, ҳисоботлар «яхшиланади».

Ҳудуднинг энг оғир муаммолари юқоридан келган текширувчилар билан биргаликда «ҳал қилинади» — мазкур орзу дунёсидаги текширувчилар «тушунган» йигитлардир. Чақалоқлар ўлими, ўсмирлар иштирокидаги қотилликлар, фоҳишахоналарнинг гуллаб-яшнаши, порахўрлик ва ҳоказо муаммолар тинчгина, ҳудуднинг (яъни, ҳоким буванинг) обрўси тўкилмаган шаклда «ҳал қилинади».

Дарди борлар ҳоким бува учун оғриққа чидайдилар, ўлаётганлар Тошкентдан комиссия келгани эътиборидан ўлмай турадилар. Бу «жаннат» дунёнинг журналистлари ҳам ўзига хос — уларнинг эсу-дарди ҳоким бувани тараннум этиш, камчиликлар ҳақида эса чурқ этмаслик. Ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаро ўрни келганда «ҳаётидан розилар» ролини ҳоким бува учун ўйнаб беришга, мингдан-минг раҳмат айтишга тайёр туради.

Бу хаёлий дунёда ҳатто осмондаги булутлар ҳам ҳоким буванинг андишасини қилади — у киши хоҳлаганда ёмғир ёғади. Ҳа, айтганча, битта-иккита камчиликларни ошкор қилиб, у кишининг кайфиятини туширганлар зиндонда ётиб, қилган ишидан минг пушаймон бўлади. У ёқ-бу ёқда қочиб юрганлар эса оммавий қарғаш йўли билан кули кўкка совурилади.

Сўнгсўз

Узоқ йиллар ошкоралик бўлмаган муҳитда «катта бўлган» мансабдорларимизнинг аксарияти сурункали ривожланишдан тўхтаб қолиш дардига чалинганини кўраяпмиз — белгилари айтиб турибди. Бу тоифа кишилар ўзларидан билиб мансабдан кетмайдилар — буни ҳам тушундик. Минг хил созга солиб янги шароитга мослашганини кўрсатмоқчи бўлаяптилар, холос. Президентнинг таъбири билан атганда «кимдир эски замон яна қайтишини кутиб турибди». Бу айнан ўша — таҳлилимиз қаҳрамонларидир.

Уларни белгиларига қараб таниб, асл моҳиятини ошкор қилиш — жамият ўлароқ бурчимиздир. У ёқ-бу ёқдан эшитилаётган ишга эскича ёндашув ҳолатлари, гоҳида эса очиқдан-очиқ ривожланиш жараёнига тескари ишлар ўша тоифанинг кирдикорларидир. Зеро...

Зеро, бахтли ҳаёт доимий ривожланиш билан таъминланади. Бу эса самимий, мия нима учун берилганини унутмаган кишиларнинг ҳаракати билан бўлади.

Шокир Шарипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг