Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мўътадил ислом, радикализм ва бошқа мулоҳазалар...

Мўътадил ислом, радикализм ва бошқа мулоҳазалар...

Фото:«.Freepik.com»

XXI аср шароитида ҳар бир теракт ортидан мусулмонларни «Facebook» ёки «Twitter»га кириб, терактни ёмонлашга ва унинг исломга алоқаси йўқлигини исботлашга шай ҳолда кўришимиз оддий ҳолга айланиб қолди. Аллоҳ сақласину, аммо ўзининг ғаразли мақсадлари учун ваҳшийликдан тап тортмаган, руҳан носоғлом одамлар қилган хунрезликлар учун кечирим сўраш мусулмонликнинг «шартларидан биридек» гўё.

Аслини олганда ҳар қандай соғлом фикрли инсон яхши тушунади – ислом дини марказида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Аммо «мўътадил» тушунчасини ҳамма ҳар хил тушунадиган кўринади. Кимлар учундир мўътадиллик таассубга кетмаслик бўлса, кимлар учундир мўътадиллик масжидга келмаслик экан.

Нима ҳам дердик, ҳамманинг дунёқараши ҳар хил. Мўътадилликка бўлган ўзгача муносабатни муслималар боши ва бўйнини тўсиб ўрайдиган икки энлик матога қилинаётган муомала ёки Қуръонга муҳаббат қўйиб, мўътадил исломни тутган диндорларга бериладиган ғалати-ғалати саволларда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Чунки ҳозирги кунга келиб, одамларнинг фикрича, диндор бўлиш жамиятга қўшилишга, илмий ютуқларга эришишга, халқ манфаати учун хизмат қилишга катта тўсиқдек гўё. Масалан, омадли бизнесменнинг, кучли шифокор ёки биолог олимнинг диндор бўлиши жамиятда катта ҳайрат билан кутиб олинади. «Йўғ-е? Қанақасига? Ия, сиз ҳали намозам ўқийсизми?».

Энди одамни ўйлантирадиган асосий савол қуйидагича: жамиятда пайдо бўлган бундай стандартларнинг бош сабабчиси ким? Менимча, «албатта бош сабабчи диндорларнинг ўзи» десангиз керак. Чунки «радикаллашиб кетадиганларнинг ҳаммаси диндорлар-да» деган фикр бор хаёлимизда. Аммо, келинг, марказий телеканалимизда огоҳлигимиз учун мунтазам кўрсатиб туриладиган, чет эллардаги жиноий гуруҳларга қўшилиб, кейинчалик қўлга тушган «террорчи мутаассибларни» бир ёдга олайлик.

Яхшилаб эътибор берсангиз, камера қаршисида ўзини хокисор тутиб, «халқимдан, президентимдан кечирим сўрайман» деб ўтирган ана шу радикалларнинг аксари аввал умуман динни билмаган одамлар. Тарихини эшитсангиз, диний илм оламан деб «ёмон ниятли одамлар таъсирига тушиб қолган» ёки пул ваъда қилишгани учун шу йўлга кирган бўлади. Аввал илмсиз бўлганлари мўътадил исломни қидириб, уни топа олмай, охири беғараз ёрдамини аямайдиган радикалларнинг ўлжасига айланган бўлади. Мен албатта «радикал» ва «ислом» сўзларини ёнма-ён қўллаганим учун мусулмонлардан узр сўрайман.

Аслида радикал тушунчаси чегара билмайди. Бунга мисол, «Отамдан қолган далалар» фильмида жаҳли чиққан аёлнинг Сталиннинг суратини ойна-пойнаси билан синдириб ташлаганини кўриб қўшниси шайтонлаб қолади, эсингиздами? Ана шу, масалан, шовинистик радикализмга бир мисол. Яъни радикализмнинг айнан ислом ёки диндор мусулмонлар билан ўлчаниши нотўғри. Сабаби, ислом тўлалигича мўътадилликка асосланган, бунинг кичик бир исботини пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг «ўрта йўлни тутинглар, таассубга кетманглар» деган маънодаги сўзларида ҳам кўриш мумкин!

Боя айтганимдек, мўътадил ислом деган тушунча аксарият халқ учун ўзгача бир йўсинда шаклланиб қолди. Баъзилар учун мўътадил ислом – чақалоқнинг қулоғига азон айтиш, «3, 7, 20, 40»ларга бориш, ўлганда жаноза ўқиш, нечадир юз қадам босиб зиёратгоҳларга чиқиб, йиғлаб фарзанд сўраш ва бошқа икки-уч хил маросимдангина иборат, холос. Бироқ ота-она фарзандига мўътадил исломни икки-уч хил маросимдан иборат деб уқтирган тақдирда ҳам мусулмон одам дегани фитратига қараб вақти-вақти билан ўзини сўроққа тутиб туради. Бу нарса биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам юз беради. Айниқса, ҳозирги глобализация замонида ён-атрофга назар солиш, турфа хил одамлар, динлар, маданиятларни кузатиш имконияти пайдо бўлгач, ҳар қандай одамда ёшлигидан бошлаб, ақли кириб ҳаёт мазмунини тушуниб етгунча турли саволлар пайдо бўлаверади.

«Нега у ундай, нега бу бундай? Нега у унақа, нега бу бунақа?». Саволлар ҳаммада ҳар хил, лекин саволлар туғилавергач, ота-онаси чиройли ўзбекона тарбия берган фарзанд ўз-ўзидан диний илм олишга қизиқади. Негалигини биласизми? Чунки ўзбек халқида одоб-ахлоқ қоидаларининг деярли ҳаммаси ислом асосига қурилган! Ўзбек халқининг маънавий-маърифий мероси ислом билан чамбарчас боғлиқ. Ёшларнинг мустақил фикр юритишни бошлайдиган ўсмирлик даврида динга қизиқишига сабаб ҳам шу. Ачинарлиси шундаки, худди мана шу паллада биз ана шу ёшлардан «ажраб қолаяпмиз». Яъни айрим ёшлар диний илм оламан деб, қаерга боришни билмай, ўзини интернетга ураяпти ва ҳар хил одамларнинг қўлига тушиб, радикаллашиб кетаяпти. Энди навбатдаги савол – ана шу ёшлар нега мўътадил исломни тополмаяпти?

Биринчи сабаб – бизда диний илм олиш учун имкониятларнинг кўп эмаслиги. Динга эътибор, исломий таълим муассасаларидаги шароитлар, янги масжидлар, турли марказларнинг қурилиши ва ҳоказолар — бошқа мавзу. Мен айнан оммавий диний таълим ҳуқуқини назарда тутаяпман. Мисол учун, муҳандис ёки физика ўқитувчиси каби оддий бир фуқаро хонадонида катта бўлаётган фарзандларнинг исломий илм эгаллаши учун деярли ҳеч қандай имконият мавжуд эмас. Ота-оналарнинг аксари эса ўзлари илмга муҳтож ҳолида фарзандларига илм беришга қодир эмас.

Шундай экан, халқнинг бу эҳтиёжини қондириш бўйича Диний қўмита томонидан жиддий таклифлар илгари сурилиши ва ҳукуматга муҳокама учун тақдим этилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун дунёвий давлат бўлишига қарамай бу соҳада самарали тизимни йўлга қўйган Европа давлатларидан андоза олса ҳам бўлади. Масалан, Англия мактабларидаги ўқув режаларида ўқувчига диний таълим таклиф этилиши мажбурий, аммо ўқувчи ёки унинг ота-онаси буни рад этиш ҳуқуқига эга. Германиянинг аксар ерларида ҳам диний таълим ихтиёрий узлуксиз курс сифатида тақдим этилади. Ҳатто айрим федерал ерларда ота-оналар ўз эътиқодидан келиб чиқиб исломий ёки католик илмлардан бирини танлаш имкониятига эга.

Алоҳида эътиборли жиҳати шундаки, Европа мактабларидаги узлуксиз диний таълим тажрибасининг бизда шаклланиб қолган исломофобик қарашларга умуман алоқаси йўқ. Аксинча, мактаблардаги диний таълимга радикализмнинг олдини олишда ишлатиладиган самарали чоралардан бири сифатида қаралади. Тан олиш керак, Ўзбекистон мисолида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ҳеч ким кутмаган ташаббуслар билан чиқаяпти, мактаб дастурларига узлуксиз диний таълимни киритиш ҳақида муждалар пайдо бўлди, деярли ҳар куни кичик бўлса-да, қандайдир хушхабар эшитишга ўрганиб ҳам қолдик. Аммо буларнинг тўлиқ татбиқ этилиши қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ҳали билмаймиз. Президент «менга ёрдам қилинглар» деб қайта-қайта айтгани билан одамларнинг онгини бирпасда ўзгартириб бўлармикан дейман-да...

Энди иккинчи сабаб ҳам бор. Бу – жамиятда кўзга кўринмас, аммо рад қилиб бўлмас исломофобия омили. Яъни одамларнинг ўзи радикализмга йўл очиб бераяпти. Масжидга борганга ёвқараш қилинса, намоз ўқигандан шубҳа қилинса, Қуръон ўрганмоқчи бўлган ҳақида-ку индамай қўяқолай! Ҳа, бу одам дегани «дин» сўзини тилга олган ҳар бир диндор мусулмондан радикал деб гумон қилавергандан кейин диндор одамдан яна қандай муносабат кута оламиз? Одамларга фуқаролик жамиятининг муҳим принципларидан бирини тез-тез эслатиб туриш керакмикан дейман-да. Диний бағрикенглик!

Биз демократик давлатда яшаётган эканмиз, яҳудий, насроний, даҳрий кабиларга бағрикенглик қилганимиздек, уларнинг конституцион ҳуқуқини ҳурмат қилганимиздек бечора диндор мусулмонга ҳам бағрикенглик қилишимиз керак. Чунки «дунёвий давлат» дегани – атеист давлат дегани эмас. Шунингдек, XXI аср олимлари ўтказган кўплаб тадқиқотлар кўрсатадики, нафақат диндор, балки ҳар қандай фуқаро қайсидир дин, миллат, ирқ ёки бошқа элементар сабабга кўра қолганлардан ўзгача муомала кўрса ва оқибатда таҳқирланса (discrimination), шунингдек, бу унинг жамиятнинг асосий қатламидан ажралиб қолишига сабабчи бўлса (social segregation), у ўз-ўзидан ана шу жамиятнинг душманига айланади. Бундай одамлар орасида радикализмга берилиш даражаси ниҳоятда юқори бўлади.

Тўғри, Президент ҳозир тинмай такрорлаётган «одамларни рози қилиш» ғоясини амалга ошириш осон иш эмас, ҳаммани бирдек рози қилиб бўлмайди. Аммо қайсидир маънода ҳамманинг ҳуқуқи таъминланадиган консенсусга келинса ва шунга мос ижтимоий онг шаклланса, айни муддао бўлади. Чунки қонунчилик ҳамма шароитни яратиб берган тақдирда ҳам одамларнинг онги ўзгармас экан, бирор натижага эришиш амримаҳол. Буни барча ҳуқуқлари тикланган, лекин ҳануз жамиятда турли нохуш ҳолатларга учраб турган АҚШдаги қора танли аҳоли мисолида кўриш мумкин.

Кейинги ўринда айбдорликка даъвогарлар – баъзи нохолис оммавий ахборот воситалари. Мисол учун, Лондонда бўлган терактни эсланг. Ўзининг радикал қарашлари сабабли жамиятда яккаланиб қолган террорчи оммага «мусулмонлар етакчиси» деб кўрсатилди. Ёки бўлмаса, террорчиларнинг оила аъзолари ҳақида гап кетганда бериладиган урғулар ҳам ажойиб – «намоз ўқиган», «ҳижоб ўраган», «масжидга қатнаган» ва ҳоказо. Одамларнинг онгини бошқариш учун бундан ҳам осонроқ нима бор? Аммо инсоф билан ёндашилса, урғу бериладиган нарсалар талайгина.

Масалан, Европада террорчилик ҳаракати содир этганлар яқиндан ўрганилганда, уларнинг тунги клубларга мунтазам қатнагани, фоҳишабозликка муккасидан кетгани, наркотик моддалар истеъмол қилгани аниқланган. Ёки, ҳеч кимга сир эмас, Россия орқали Сурия, Ироқ жанг майдонларига борган марказий осиёлик жангариларнинг аксари ночор оилавий шароити сабабли мўмай даромад излаб кетади. Гапимни қувватлаш учун радикализмнинг фақат ақидавий эмас, аксинча, ижтимоий-сиёсий сабаблар натижасида ҳам юзага келишига оид тадқиқотлар бир талай. Аммо терроризм тушунчаси негадир мана шу «клуб», «наркотик», «фоҳишабозлик», «ишсизлик», «иқтисодий қийинчилик», «ночорлик» ва бошқа шунга ўхшаш атамаларга боғланмайди. Калтакнинг бошқа учи ўзига тегишидан қўрққанлар, хатоларини тан олмай, яна ўша мусулмоннинг ўзини айбдор қилади.

Қайси фарзанд онасининг қорнидан «мен террорчи бўламан» деб тушади? Урғуни унинг террорчилиги ёки соқол қўйганига эмас, уни шу ҳолатга олиб келган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маиший сабабларга қаратиш керак. Ана шундагина иллатнинг илдизига болта урса бўлади. Бу борада эса ҳозирги «жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш» сиёсати айни муддао. Фақат энди бу жараённи таълим тизимида татбиқ этиш зарур.

Радикализмнинг турли сабабларини кўриб чиққач, мен эътиборингизни яна бир бор ижтимоий омилга қаратмоқчиман. Ёшларнинг мўътадил исломни тополмай гандираклаб юриши бир муаммо бўлса, юқорида таъкидлаганимдек, ўзининг мустақил ташаббуси билан китобларни излаб, йўлда-чўлда ўқиб-ўрганиб, мўътадил исломни амаллаб топганларнинг мўътадиллигига қилинадиган шубҳалар (яна ўша исломофия тенденцияси) бошқа бир жиддий муаммо. Бироз такрор бўлса ҳам айтаман, одамлар диндорликни фақат салла, тасбеҳ ва масжид билан боғлашади.

Дунёвий соҳаларда ажойиб натижаларга эришган, жамиятга ўрнак бўлишга-да лойиқ инсонларнинг диндорлиги одамларни ҳайратга солади. Ўзи тарбияга муҳтож бўлган айрим катталаримиз эса аждодлари меросини, Бухорийу Термизийларни ўқийман, динимни ўрганаман деган фарзандларига «қулоғимиз тинч турсин» каби важлар билан ўз динини ўрганиш, унга амал қилиш учун ҳеч қандай имконият қолдиришмайди. Масалан, куни кеча ахборот-технологиялари соҳасида ўзининг жадал қадамларини ташлаб, жамият ривожи учун салмоқли ишлар қилаётган бир укамиз суҳбат орасида айтиб қолди: «Жумага кетаётганимни билиб, таксичи амаки менга «ундан кўра илм ўқи» деб насиҳатни бошлаётган эди, «West»да ўқишимни айтиб, бир маза қивордимки...».

Кўраяпсизми, одамлар учун дин ва дунё умуман иккига ажралиб кетган. Бу хулоса фақат шу ҳолатга хос эмас. Жамиятда шундай ҳолат. Бу яхшилик аломати эмас. Тўғри, ҳеч кимни мажбурлаш йўқ, одамларнинг эътиқод эркинлиги ва бу борадаги танловига заррача дахл қилиш қонун билан тақиқланади. Аммо жамиятдаги динга ва диний илмларга бўлган бундай муносабат билан ана шу мўътадилликни зўрға топган, яшаш мазмунини тушуниб етган, ундан жамият фақат фойда кўрадиган (!) ёшларни ё радикаллаштириб юборамиз, ё ахлоқсиз «уюшмаган ёшлар»га айлантирамиз.

Кейин эса «Ёшларимиз нега ахлоқсиз бўлиб кетаяпти? Нега ёшлар оммавий маданиятга ружу қўяяпти?» деб уялмай таажжуб ҳам қиламиз. Аммо, яхшиямки, Президент халқнинг нафақат моддий, балки маънавий бойлиги хусусида ҳам қайғуриб, аждодлар меросини тирилтириш, ўзбек халқининг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш борасида кўплаб ташаббуслар билан чиқмоқда. Ортиқча мулозаматсиз, самимий айтаманки, халқимизнинг келажаги буюк бўлишига энди чин маънода умидим бор.

Шу аснода биз диний илмга чанқоқ ёш авлодга мўътадил ислом ҳақида таълим олиш имкониятини яратиб бера олсак, диний таълим олмоқчи бўлган йигит-қиз «Telegram»даги чет элдан юритиладиган номаълум каналга эмас, мактаб ёшидан бошлаб Ўзбекистон қонунчилиги билан мустаҳкамланиб (Европа давлатларидаги каби) ихтиёрий танланадиган мактаб дарслиги ёки қўшимча курслар кўринишида бериладиган илмларни ўргана олса, ана ўшанда ёшларнинг келажагидан хавотир олмасак ҳам бўлаверади.

Сўнгсўз ўрнида таъкидлаш жоизки, давлат бир томондан ёрдам қилаётган паллада жамиятда исломофобик қарашларни йўқотиш учун диндорларнинг ўзлари ҳам жонбозлик кўрсатишлари зарур. Шу сабабли мусулмон дўстларимизга айтаманки, қайси касб эгаси бўлишингиздан қатъи назар, ўз устингизда ишланг! Аллоҳ таоло сизга илмни фарз қилганини, нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам фарз қилганини унутманг. Жамият учун зарур кадрларнинг етишиб чиқиши шу жамиятдаги кимдир адо этиши керак бўлган фарзи кифоя эканини ёдда сақланг. Аниқ, табиий ва ижтимоий фанларни чуқур ўзлаштиринг.

Гўзал ахлоқ эгаси бўлиш билан бир қаторда, ўз соҳангизга ҳам шундай жидду жаҳд қилингки, шундай ютуқларга эришингки, турли сабаблар билан диндорлар ҳақида салбий фикрлашга ўрганиб қолган одамлар фикрларини ижобий томонга ўзгартиришга мажбур бўлсинлар. Бадгумон бўлганларидан уялиб, қизариб қолсинлар. Диний илмларни чуқур эгаллаш мутаассибликка эмас, аксинча, шахс камолотига олиб боришини, Аллоҳнинг йўл-йўриғидан юрган одамдан жамият фақат манфаат топишини, диндорлардан халқ фаровонлиги учун зарур бўлган кучли мутахассислар етишиб чиқиши мумкинлигини ўз мисолингизда исботланг. Бу йўлда Аллоҳ таоло сизга ёрдамчи бўлсин.

Жавоҳир Иззатуллаев


Ушбу блогпост муаллифи Ўзбекистон блогерлари чемпионатида иштирок этмоқда. Мукофот жамғармаси 60 млн сўмдан ортиқ чемпионатга келиб тушган бошқа ижодий ишлар билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг