Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Нима учун Америка дунёдаги энг қудратли давлат?

Нима учун Америка дунёдаги энг қудратли давлат?

АҚШ байроғи

Фото: «Japantimes.co.jp»

Чунки ҳамма, биринчи навбатда америкаликлар, бунга ишонади. Улар ўзлари ишонган нарсага бутун дунёни ишонтиришга устаси фаранг. Америка кинолари, қўшиқлари, маҳсулотлари ва ҳоказоларда бот-бот Америка кучли, Америка қудратли, Америка энг зўр, деган ғоя такрорланаверади. Ҳадеб бир сўзни эшитаверган одам, у хоҳ рост, хоҳ ёлғон бўлсин, унга қаттиқ ишониб қолади…

Мен аслида Америка ҳақида ёзмоқчи эмасман. Мени нега ўзбекистонликлар Ўзбекистонни дунёдаги энг кучли давлат деб тан олмайди, деган савол кўпроқ ўйлантиради. Биз «Ўзбекистон келажаги буюк давлат», «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам», деган баландпарвоз шиорларни узоқ йиллар эшитиб келдик. Тилда айтсак ҳам, негадир қалбимиз тасдиқламас эди. Ахир аҳволимиз ўзимизга аён – олаётган ойлигимиз ой охиригача етиб бормайди, бошимиз қарздан чиқмайди, оддий давлат ишида ҳалол меҳнат қилиб бирор нарсали бўлишга кўзимиз етмасди. Бундай шароитда ҳеч ким бизнинг бошқа давлатлар фуқароларидан кам эмаслигимизга ишонтира олмасди. Ҳозир ҳам жуда кўп баландпарвоз сўзлар, оламшумул ваъдаларни эшитяпмиз, аммо токи аҳволимиз ўнгланмас экан, синиқ табассум билан қабул қилаверамиз бундай гап-сўзларни.

Аммо, аслини олганда, дунёдаги энг қудратли давлат – бу ўз Ватанимиз, ўз юртимиз. Бепоён ерлар, пурвиқор тоғлар, табиий бойликлар, далаю яйловлар, дарёю кўллар, хуллас, ўша Америкада бор ҳамма нарса бизда ҳам бор, бўлмаганлари вақти соати келиб албатта бўлади. Менимча, ҳамма нарса муносабатга боғлиқ. Давлатнинг халққа, халқнинг давлатга муносабатига. Кореяда бир шиорга кўзим тушганди (бу ҳақда аввал ҳам бир неча марта ёзганман): давлатнинг яхши бўлиши – халққа яхши, халқнинг яхши бўлиши давлатга яхши. Яъни, давлат қанча кучайса – халққа яхши: туриш-турмуши, ойлик-маоши яхшиланади, инфратузилмалар яхшиланади, йўллар равон, энергия таъминоти барқарор бўлади, одамлар муносиб ва адолатли меҳнат шароитларида фаолият кўрсатади, ойлиги бир ой яшаши, еб-ичишидан ортиб, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши учун ҳам етади. Ўз навбатида, халқ қанча виждонли, меҳнаткаш, ҳалол ва фидойи бўлса давлат шунча кучаяди, қудратли бўлади, ривожланади.

Америка ҳам ўз-ўзидан «дунёдаги энг қудратли мамлакат»га айланиб қолмаган. Фидойи инсонлар ҳаракати, жонбозлиги эвазига оёққа турган (албатта, бошқа сабаблари ҳам кўп). Ана шу оёққа туриш ва оёқда туриб қолиш жараёнида қатор қадриятлар ўзгармас қонунларга айланди. Булар ичида энг асосийлари – эркинлик ва ишонч. Бизга шу икки нарса етишмаяпти. Давлат халққа, халқ давлатга, амалдор ходимга, одамлар бир-бирига ишонмаяпти. Ишонганлар панд еб қолаяпти ҳам. Шунингдек, эркинлик масаласида ҳам оғриқларимиз етарлича. Эркинликнинг тўсилиши оқибатида яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилиш каби умуминсоний ҳуқуқлар чегараланяпти. Айниқса прописка масаласи ҳалиям ижобий ечим топмаяпти? Фуқаро ўзи истаган жойда ҳеч қандай тўсқинликларсиз яшаб, меҳнат қила олмаса, ўзи хоҳлаган жойда таълим ололмаса (ўқишга киришнинг қийинлигини, квоталар камлигини назарда тутаяпман).

Тўғри, жуда кўп нарсалар енгиллашяпти, куни кеча прописка олишда айрим ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди. Аммо булар кам. Аввал давлатнинг халққа муносабати амалда ижобий томонга ўзгарсин, кейин халқ ҳам ўз фикрини ўзгартиради. Ишонч ва эркинлик узоқ келажак режаларини тузиш ва уларни амалга ошириш учун дадиллик билан қадам ташлашга замин яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг