Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Норин тиббиёт бирлашмаси бошлиғи пора олаётганида қўлга тушди

Норин тиббиёт бирлашмаси бошлиғи пора олаётганида қўлга тушди

Фото: «novosti.kr.ua»

2017 йил 3 июлдан 2018 йилнинг март ойига қадар Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Т. Мухторов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пулни пора сифатида олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тиббиёт коллежини тамомлаган Ш. Бурҳонова 2017 йил декабрь ойида Т. Мухторовга Норин туман тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилишни сўраб мурожаат қилади. Т. Мухторов бўш иш ўрни йўқлигини, агар бўш иш ўрни чиқиб қолса, хабар беришини билдириб, ҳужжатларини ташлаб кетишини айтади.

Ш. Бурҳонова тиббиёт бирлашмасидан чиқиб кетаётиб, шу ерда ишловчи қўшниси А. Султоновани кўриб қолади ва унга қандай мақсадда келганини айтади. Шунда А. Сул­тонова унга кутиб туришини тайинлаб, ўзи Т. Мухторовнинг олдига кириб кетади.

Шундан сўнг Ш. Бурҳонова Тиббиёт бирлашмасининг «Туғруққача тайёрлаш бўлими»да 2018 йил март ойига қадар иш ўрганиб юради. Бу ора­да у яна қўшнисига мурожаат қи­либ, раҳбар билан гаплашишни илтимос қилади. Ўз навбатида, Т. Мухторов А. Султоновага «Туғруққача тайёрлаш бўлими»га ишга киритиш учун — 300 АҚШ доллари, бошқа бўлимларга эса, 200 долларлик харажати бор эканини шипшийди.

Т. Мухторовнинг бундай хатти-ҳаракатидан норози бўлган А. Султонова 2018 йил 10 март куни Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш департаменти Наманган вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат этиб, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Т. Мухторов ишга қабул қилиш эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилаётгани ҳақи­да маълум қилади.

Шундан сўнг аризани текшириб кўриш мақсадида тезкор тадбир ташкил қилинади. А. Султоновага холислар иштирокида кимёвий ишлов берилган 300 АҚШ доллари берилади ва тиббиёт бирлашмаси раҳбарига олиб бориши кераклиги тушунтирилади.

А. Султонова қўл телефонидан Т. Мухторовга қўнғироқ қилиб, Ш. Бурҳонованинг ота-онасидан айтилган пулни олгани ва Наманган шаҳрида жойлашган «Дўстлик» буюм бозорига келса, шу маблағни беришини айтади. Т. Мухторов туман ҳокимлигида йиғилишда эканини билдириб, А.Султоновага иш­хонага келишни тайинлайди.

Шундай қилиб, жорий йилнинг 10 мартида Т. Мухторов ўзининг хизмат хонасида А. Султоновадан 300 АҚШ долларини тамагирлик йў­ли билан пора сифатида олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.

Суриштирув ва тергов жараёнида Т. Мухторов Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан тегишли тартибда жазо тайинлади.

Жасур Қурбонов,

жиноят ишлари бўйича

Норин туман суди раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг