Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ОАВга фойда солиғи ва ҚҚСдан имтиёзни назарда тутувчи қарор лойиҳаси келишув жараёнида – АОКА

ОАВга фойда солиғи ва ҚҚСдан имтиёзни назарда тутувчи қарор лойиҳаси келишув жараёнида – АОКА

Фото: «Xabar.uz»

«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 17-бандида Сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган. Банд ижроси учун масъул бўлган АОКА бу борадаги ишлар қайси босқичдалиги тўғрисида маълумот берди, деб ёзмоқда «Kun.uz».

Ўзбекистон тараққиётига оид қатор йўналишларни қамраб олган давлат дастурига кўра, 2021 йилнинг 1 майига қадар Сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтириш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Бу масала бўйича амалга оширилган ишлар билан танишиш учун Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизматидан изоҳ олинган.

Давлат дастурида белгиланган лойиҳа бўйича амалга оширилган ишлар

Мазкур топшириқ бўйича «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда лойиҳани мутасадди ташкилотлар билан келишув жараёни давом этмоқда.

Кутилаётган янгиликлар, ОАВ учун имтиёзлар

Лойиҳада агентликка ахборот ва сўз эркинлигини, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан йилига икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритиб туриш масъулияти юкланмоқда.

Шунингдек, лойиҳага кўра оммавий ахборот воситаларига бир қанча солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланмоқда. Масалан:

  • оммавий ахборот воситаларидан ундириладиган фойда солиғи;
  • оммавий ахборот воситаларидаги реклама учун қатъий белгиланган қўшилган қиймат солиғи ставкаси;
  • оммавий ахборот воситалари таҳририятларида фаолият кўрсатаётган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан имтиёзлар;
  • даврий босма нашрлар ҳамда уларнинг муассислари томонидан чет элдан импорт қилинадиган газета ва офсет қоғозларни, матбаа ускуналарини олиб кириш учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) камайтирилиши;
  • оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун давлат мулки объекти учун ижара тўлови ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасидан ҳам камайтирилишини назарда тутувчи меъёрлар ўрин олган.

Айтиб ўтиш жоизки, ишлаб чиқилган лойиҳа давлат органлари ва ташкилотларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган нормалар билан бойитилган.

Албатта, ушбу ҳужжат ҳозирда лойиҳа мақомида бўлиб, масъул ташкилотлар томонидан тўлиқ келишувдан ўтказилганидан кейин ОАВга яна қўшимча маълумот берилади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятидаги ўзгаришлар

Бу масалада давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда қўшимча вазифа ва функциялар берилган ҳолда агентлик фаолиятини қайтадан ташкил қилиш бўйича бир қатор янгиликлар мавжуд.

Жумладан, агентлик давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини қуйидаги муҳим мезонлар асосида таъминлаш чораларини кўради:

  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини тезкорлик билан ёритишда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан фаол мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда республикада олиб борилаётган ахборот сиёсатининг ўз ташкилотидаги ижроси учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан жавобгарлиги;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ўз ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка ахборот олишдаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда журналистларни ортиқча талабларсиз аккредитация қилиш йўналишидаги фаолиятини мунтазам равишда такомиллаштириб бориши;
  • давлат органлари ва ташкилотлари тегишли соҳадаги истиқболли режаларнинг оммавий ахборот воситалари ҳамда соҳа экспертлари иштирокида фаол муҳокамасини ташкил қилиши;
  • давлат органлари ва ташкилотлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг фаолиятига тааллуқли танқидий-таҳлилий чиқишларга ахборот хизматлари томонидан 3 соат ичида ҳамда раҳбарлари томонидан 8 соат ичида муносабат билдириши;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун очиқ матбуот конференциялари, брифинглар, мулоқотлар ташкил этиш ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка ўз фаолияти ҳақида батафсил ахборот бериб бориши;
  • давлат органлари ва ташкилотлари кўплаб фойдаланувчиларга эга бўлган ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очиш, юритиш ва фаолиятига дахлдор ахборотни жойлаштириш ҳамда мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб боришни ташкил этиши.

Шунингдек, янги лойиҳадаги меъёрларга кўра, агентлик томонидан давлат идораларининг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган тегишли танқидий-таҳлилий материалларга ўз вақтида муносабат билдириб бориши, ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги веб-саҳифаларини юритиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш натижалари, ўз фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича даврий равишда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари олдида ҳисобот бериши, ахборот хизматлари орқали ўз фаолияти тўғрисида тизимли ахборот бериши, оммавий ахборот ва коммуникация воситалари орқали бўладиган танқидий-таҳлилий чиқишларга муносабат билдириши бўйича мунтазам мониторинги олиб борилади ва мониторинг якунлари асосида рейтинг тизимида баҳолаш ишлари ташкил этилади.

Рейтинг натижаларига кўра шакллантирилган таҳлилий маълумотлар асосида паст кўрсаткич қайд этган масъуллар ҳамда матбуот котибларининг очиқлик йўналишидаги фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, шунингдек, уларнинг бу борадаги ҳаракатсизликларига тегишли чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борилади.

Бундан ташқари, қарор лойиҳасига агентлик фаолиятига доир яна бир қанча ташкилий ва таркибий ўзгаришлар амалга оширилиши бўйича тегишли меъёрлар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республикадаги қатор интернет нашрлари ОАВ зиммасидаги солиқ юки таҳририятларни, айниқса, хусусий электрон нашрларни қийнаб келаётган асосий муаммолардан эканлиги ҳақида гапириб, ҳукуматдан солиқ имтиёзлари сўрашган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг