Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғлимни эркакча тарбиялаяпман!

Ўғлимни эркакча тарбиялаяпман!

Бугун боладаги бу каби одатларни кўриб, кулиб қўямиз. Шўхликка йўямиз. Эртага-чи?

Фото: «Ziyouz.uz»

– Хўш, ота ўғил, боғчага бориб келдингизми? – деди тўрт яшар ўғлига отаси.

– Ҳм, бойдим. Ану Апсамат бор-ку, ўша тонфетимни еб қўйди.

– Ия, бу нимаси? У оғзингдаги ошни ҳам олдириб ўтирибсанми? – дея тутақиб кетди ота.

– Йўқ, у ошимни эмас, тонфетимни опқўйди. Ота, унинг бўйи меникидан баланд, кучи ҳам кўп-да!

– Агар энди бирор нарсангни олиб қўйса, биқинига қараб теп. Қани сенга бир нарса қилсин, мендан кўради!

Қадимдан Шарқ халқларида ўғил бола алоҳида эътибор ва иззат-икром билан тарбияланади. Ота-она ва оиланинг бошқа аъзолари ҳам ўғил боланинг тарбиясига жиддий қарашади. Ахир у оиланинг эртаси, таянчи, боқувчиси-да. Баъзан «Қизларни ўқитгандан фойда йўқ. Эртага оилали бўлгач, менга бир бурда нон олиб келадими, йўқми? Ўғилни ўқитсак, роҳатини ҳам ўзимиз кўрамиз» деган гаплар қулоққа чалинади. Шундай гапларни эшитганда, бироз кўнглингиз оғрийди. Йўқ, бугун сиз билан бу мавзуда эмас, балки ўғил фарзандга ортиқча эътибор бериш натижасида юзага келадиган салбий оқибатлар ҳақида фикрлашиш ниятидамиз.

Сир эмаски, ўғил отадан, қиз эса онадан ўрнак олади. Ўғил учун отаси дунёдаги идеал инсон, у ҳамма нарсага қодир. Оталар ўз навбатида издошлари бўлган ўғилларининг тарбиясига алоҳида эътибор бериб, унга барча имкониятларни яратиб беришга ҳаракат қилишади. Ўғилни эркалатадиган, ўрни келса, нотўғри тарбияни берадиган ҳам отадир!

– Қани ўғлим, битта онангни деб сўкингин-чи?

– Қара, анави бола музқаймоқ еяпти, бориб қўлидагини тортиб ол!

– Ота ўғил, битта сигаретдан тортмайсизми?.. Энди «уф-ффф» дейсиз!

Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Афсуски, ҳаётимизда учрайдиган бу каби ҳолатларга кўп ҳолларда эътибор бермаймиз. Болакай ҳали ёш, отаси уни шунчаки эркалатаяпти. «Сўкинса, бировнинг музқаймоғини тортиб олса ёки сигарет тортиб кўрса бирор нарса бўлармиди?» деймиз. Афсуски, бугун бизга арзимас бўлиб туюлган ҳолатлар эртага катта кўнгилсизликларнинг асоси бўлиши ҳеч гап эмас.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, инсон беш ёшигача умри мобайнида олиши мумкин бўлган тарбия ва билимнинг деярли 70 фоизини ўзлаштириб бўлар экан. Наҳотки, шундай пайтда биз боланинг онгига зарарли нарсаларни сингдираётган бўлсак? Бугун боладаги бу каби одатларни кўриб, кулиб қўямиз. Шўхликка йўямиз. Эртага-чи? Ахир бола улғаяди, демак, унинг одатлари ҳам ёшига яраша кўпайиб бораверади. Афсуски, унда бу одатларини аввалгидек кулги билан қарши олмаймиз. Негаки, йигирма ёшли бола энди бировнинг музқаймоғини эмас, бир қимматбаҳо буюмини тортиб олишга уринади. Балки, отаси «ўғил бола» деб оғзига тутган сигаретга қаноатланмай бошқа нарса чекишга ўтар. Хўш, энди илдиз отиб улгурган бу одатлардан фарзандни қандай қутқармоқчисиз? Унга тушунтирасизми ёки бирор жазо қўллайсизми?

Йўқ, аслида тарбияланувчини эмас, тарбиячини жазолаш керак!

Аслида, эркак бўралаб сўкмайди. Ҳар вазиятда муштига зўр берадиган ёки ёмон одатларидан кўкрагини кериб юрадиган одам эркак ҳисобланмайди.

Асл эр оиласини, ватанини ҳимоя этади, аввало муштига эмас, ақлига суяниб иш қилади. Ғурур, қатъият, вазминлик, меҳнатсеварлик унинг доимий ҳамроҳи бўлади.

Шундай экан, фарзандлар тарбиясига беэътибор бўлмайлик. Ўғил-қизингиз эрта-индин бир оиланинг эгаси, юртнинг ишончи ва сизнинг ғамхўрингизга айланади. Демак, бугунги тарбия кўп ўтмай ўз мевасини беради.

Наргиза Муродова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг