Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Электр танқислиги сабабларидан бири маълум қилинди

Электр танқислиги сабабларидан бири маълум қилинди

Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электр станцияси фавқулодда ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилди.

Бунинг натижасида Наманган вилоятининг кўплаб ҳудудларида электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, йўқотишлар 600 МВтни ташкил қилади. 

Бунинг оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди.

Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокининг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун Тахиатош ИЭСда қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок ишга туширилди. Ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. 

Ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17-50 да тизимга уланди. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда. Бугун соат 19-00 га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19-30 гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21-00 га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб ҳавонинг кескин совуши фонида электр танқислиги кузатилмоқда. Бу масала Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида ҳам кўриб чиқилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева вазият бўйича президентга ахборот берилишини маълум қилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг