Ўзбекистон дунёнинг 206 та давлати билан «олди-берди» қиляпти – статистика

2025 йил январь–сентябрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 59,8 млрд АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 11 млрд 141,8 млн АҚШ долларига ёки 22,9 фоиз га кўпайди.
ТСАда экспорт ҳажми 26 млрд 683,6 млн АҚШ долларига (2024 йилнинг январь–сентябрь ойларига нисбатан 33,3 фоизга ўсди) ва импорт ҳажми 33 млрд 111 млн АҚШ долларига (15,6 фоиз ўсиш) етди. Ҳисобот даврида ташқи савдо баланси 6 млрд 427,4 млн АҚШ доллари миқдорида манфий сальдо билан шаклланди.
Ўзбекистон жаҳоннинг 206 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (19,1 фоиз), Россия (15,7 фоиз), Қозоғистон (5,8 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Экспорт таркибида товарлар улуши 74,7 фоизни ташкил этиб, унда асосан саноат товарлари (10,7 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,7 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,7 фоиз) ва ҳар хил тайёр маҳсулотлар (4,7 фоиз) ҳиссаси юқори бўлди.
2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар – Россия (12,2 фоиз), Хитой (5,2 фоиз), Қозоғистон (4,0 фоиз), Афғонистон (3,8 фоиз), Туркия (3,1 фоиз), Франция (2,6 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз), Тожикистон (1,5 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 37,2 фоизни ташкил этди.
Ушбу даврга келиб импорт ҳажми 33 млрд 111 млн АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,9 фоиз), саноат товарлари (15,9 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келди. Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойида импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 млрд 529,1 млн АҚШ долларига кўпайди ва 29 млрд 465 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 3 млрл 646 млн АҚШ долларига етди.
2025 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси 175 та давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширди. Йирик ҳамкор давлатлар, жумладан, Хитой (30,3 фоиз), Россия (18,6 фоиз), Қозоғистон (7,3 фоиз), Туркия (4,0 фоиз), Корея Республикаси (3,8 фоиз), Германия (2,6 фоиз) ва Ҳиндистон (2,5 фоиз) жами импортнинг 2/3 қисмини ташкил этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter