Ўзбекистон экспортида анъанавий ҳамкор давлатлар улуши камайиб боряпти – МБ
Ўзбекистонда экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши транспорт, туризм ҳамда ахбороткоммуникация хизматлари каби йўналишларда кузатилмоқда. Хусусан, 2018-2024 йиллар давомида туризм хизматлари экспорти 3,4 баробарга, ахборот технологиялари экспорти 4 баробарга, транспорт экспорти эса 1,7 баробарга ошди.
Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсатининг 2026 йил ва 2027-2028 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»га доир ахборотида экспортнинг географик диверсификацияси кенгайиши ҳам кузатилгани, экспорт ўсиш суръатларида анъанавий савдо ҳамкор давлатларнинг ҳиссаси аста-секин камайиб бораётгани ыайд этилади.
Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистоннинг экспортида тўртта асосий мамлакатлар (Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия) улуши қарийб 64 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил охирига келиб ушбу мамлакатлар улуши 44 фоизгача пасайди.
Экспорт улушининг пасайиши Хитой, Қозоғистон, Туркия, Россия, Эрон, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар ҳиссасида ҳам қайд этилди. Ушбу мамлакатларга экспорт ҳажми ўсишда давом этаётган бўлса-да, айрим ҳамкор давлатларга экспортнинг ўсиш суръатларида маълум секинлашув кузатилмоқда.
Бошқа давлатлар билан савдо ҳажмининг жадал ошиши умумий экспортда уларнинг улуши ортишига олиб келмоқда. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган анъанавий мамлакатлар асосий экспорт ҳамкор мақомини сақлаб қолмоқда.
Мазкур жараёнлар билан бир вақтда, янги географик йўналишлар бўйича савдо оқимларининг ўсиши қайд этилмоқда. 2017-2024 йиллар давомида Франция, АҚШ, Покистон, БАА, Озарбайжон ва бошқа қатор мамлакатларга экспорт ҳажмининг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Ушбу йўналишларда экспортнинг ўсиши уран, нефт маҳсулотлари, ип-калава, ўғитлар, мис, маиший техника, ёрмалар ва бошқа маҳаллий товарларга ташқи талабнинг ошиши билан изоҳланади.
Экспорт номенклатурасида товарлар гуруҳи номлари сонлари ҳам ортиб бормоқда. 2017 йилда уларнинг сони 2 245 тани ташкил этган бўлса, 2024 йил охирига келиб ушбу рўйхат 4 359 та товар позициясигача кенгайди.
Хусусан, 300 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари (асосан дуккаклилар ва буғдой (ун)), 400 га яқин номдаги кимёвий маҳсулотлар (хусусан минерал ўғитлар), 300 га яқин тайёр ва қайта ишланган тўқимачилик маҳсулотлари, 180 дан ортиқ номдаги қора ва рангли металлардан тайёрланган товарлар, шунингдек, 780 дан зиёд номдаги машина ва ускуналар (асосан маиший техника) экспорти йўлга қўйилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter