Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Миллий гербарийсида бир асрдан ортиқ яшаётган ўсимликлар бор

Ўзбекистон Миллий гербарийсида бир асрдан ортиқ яшаётган ўсимликлар бор

Мактабда ботаника фани ўқитувчимиз гербарийни қандай йиғиш кераклигини ўргатганди. Қизиқ жараён эди. Гарчи биз гербарий нима учун кераклигини билмасакда ушбу фаннинг энг ёқимли жараёни бўлиб хотирамизда муҳрланиб қолган.

Биз унда билмасдик, нимжонгина, узганингиздаёқ сўлишни бошлайдиган ўсимлик, ҳатто бир аср яшаши мумкинлигини, илм фанга, табиатга, дунё флорасига чексиз манба бўлишини. Ўзбекистон миллий гербарийси – 1,5 миллиондан ортиқ ўсимлик намуналари сақланадиган, Марказий Осиёдаги иккинчи (Пекин (РЕ) дан кейин) энг йирик гербарий.

 – Бу ерда 1840 йилдан буён Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барча ҳудудларидан, шунингдек дунёнинг айрим бошқа минтақаларидан тўпланган ўсимликларнинг қуритилган турлари мавжуд, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси, Ботаника институти, Ўзбекистон флораси лабораторияси мудири Дилмурод Маҳмуджонов. – Гербарий махсус усуллар билан йиғиб, қуритилган ўсимлик коллекцияси. Улардан нафақат илмий мақсадларда, балки «Қизил китоб»га киритилган йўқолиш арафасида турган, камёблашган турларни назорат қилишда ҳам фойдаланамиз. Шу ўринда фикримни Кеw коллекциялари раҳбари доктор Алан Патоннинг сўзлари билан тўлдириб кетмоқчиман: «Дунё коллекциялари биологик хилма-хилликни ҳужжатлаштириш учун ноёб манбадир, чунки улар қаерда ва қачон содир бўлганлиги ҳақидаги далилларни беради».

Ўзбекистон миллий гербарийси музейида 1830-1835 йилдан бошлаб тўпланган гербарий орасида ўн мингга яқин ўсимлик тури сақланади. Шунинг 4 ярим мингдан зиёди ўзимизда ўсадиган ўсимликлардир.

Ҳудудимиздан терилган дастлабки намуналар 1900-1905 йилларга тўғри келади. Сўнги йилларда Ўрта Осиёда олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда жами 161 оила, 1288 туркум 9341 та турлар тарқалган.

– Бирор ўсимликни ўрганиш унинг ДНКсини ўрганишдан бошланади, – дейди суҳбатдошимиз. –  Ўсимликларнинг авлод-аждоди, яшаган жойи, униб ўсган тупроғи, популяцияси ҳақида мана шу гербарийлар орқали ўрганилади.

Халқаро ўсимликлар номлари индексидаги рақамлар бутун дунёга ишлайди. Масалан Япониянинг гербарий музейига бориб шу рақам орқали истаган ўсимлик билан танишиб чиқишингиз мумкин. Бизда қандай номланса уларда ҳам худди шундай номланади, келиб чиқишидан тортиб туригача. Яъни айтайлик лоланинг бирор тури, Хитойда ҳам худди шу рақам билан сақланади.

 

Биз терилган гулми, ўсимликними  газета орасига солинса етарли – ўзи қуриса керак деб ўйлаймиз.  Аммо қуритиш учун қўйилган ўсимлик токи қоғоз орасида доғ қолдирмагунча газета ва қоғоз алмаштирилаверишини шу ерга келиб билдик. Уларни бостириб тахлаш учун эса махсус катакчали тахталар керак бўлади.

Кейин ҳар бир ўсимликка  терилган вақти, номи ёзилади. Сўнг кейинги босқичга ўтилади. Яъни гербарий -18 градусли музхонада сақланади. Сабаби улар орасида бирорта ҳашарот қолмаслиги керак.

Агар бирорта ҳашарот ўтиб кетса, гербарийларнинг бошқаларига ҳам касаллик тушириши, нобуд қилиши, ноёб турларни йўқотиш мумкин. Ана энди совуққа чидамли ҳашаротларни эса химиявий йўл билан йўқотиш мақсадида учинчи босқичга ўтилади. Бу ишлардан кейингина улар махсус қоғозга тикилиб алоҳида-алоҳида фондларга жойлаштирилади.

Масалан Умумий бўлим, Ўрта Осиё бўлими, Тип бўлими, Алмашиниш бўлими. Марказий Осиё гербарийси бўлими асосан, 125 оила 1151 туркумга мансуб, 9 мингга яқин ўсимликни ўз ичига олади. Мазкур бўлимда буюк ботаник олимларимизнинг номлари билан боғлиқ бўлган турлар мавжуд. Булар орасида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларидан бир ярим асрдан ортиқ давр мобайнида, яъни 1840 йилдан бошлаб кўплаб тадқиқотчилар, жумладан, бир қатор чет эл олимлари томонидан йиғилган гербарийлар мавжуд. Улардаги ёрлиқлар немис, рус, покистон, француз ҳатто хитой тилларида ёзилган. 

Умумий бўлимда  юз минг нусхадан зиёд гербарийлар институт ходимлари чет давлатлардан йиғиб келган 2300 га яқин туркумга мансуб турлар сараланган. Типлар бўлимида янгидан кашф этилган турларнинг илк 2000 нусхаси Ўрта Осиё ва Қозоғистондан йиғилган. 320 туркумга ўсимликлар – 1 минг 500 га яқин турни ўз ичига олади. Ноаниқ турни аниқлаш учун типларга мурожаат қилинади. Алмаштириладиган гербарийлар 1 минг 400 турдан иборат.

  

Бугунги кунда ҳар бир соҳада рақамлаштириш йўлга қўйилган, шунингдек ушбу институтда ҳам. Масалан Марказий Осиё ва Хитой гербарийларининг ягона электрон тармоғини ташкил этиш учун Хитой илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урилди.

Ушбу музейда коллекциянинг электрон базаси ўсимлик турларининг георафик тарқалишини таҳлил қилиш учун муҳим манба бўлмоқда. TASH гербарий намуналарини рақамлаштириш HerbSsan TM +Epson Expression 10000 XL ёрдамида сканерлаш орқали амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Ўрта Осиё бўлими ва Тип бўлими (тўлиқ) (3684 та намуна) гербарий коллекцияларидаги 50000 дан ортиқ намуналар сканердан ўтказилган.

Ўрта Осиё жумладан қўшни республикалар флорасини ўрганишга қаратилган ҳалқаро лойиҳаларда ҳам TASH маълумотлар базаси асосий ўрин тутади. Мазкур халқаро тадқиқотлар натижасида қатор илмий ишлар нашр қилинмоқда. Институт Ўзбекистон флораси лабораториясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган «Жанубий-ғарбий Ҳисор, Ҳисор-Дарвоз ва Панж Олди округлари флорасининг полиморф ўсимликлар оилаларини таксономик ревизияси» мавзусидаги давлат дастури доирасида Сурхондарё вилоятида тўр тизимли хариталаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу лабораторияда яна бир хайрли иш – инглиз тилида «Ўзбекистон флораси» журнали чоп этилаётганидир.

                                                                                                      Барно Султонова

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг