Ўзбекистонда ҳам вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланиши мумкин
Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова «Gazeta»га маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, мазкур масала юзасидан парламент депутатлари ва сенаторлар билан муҳокамалар ўтказилган. Ҳозирда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилмоқда.
«Биз ҳам ҳозир ушбу масалани ўйлаяпмиз. Бу бўйича депутатларимиз ва сенаторларимиз билан ҳам гаплашдик. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчимиз. Бу тартиб бизда ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман», — дейди вазир.
Эъзозхон Каримова болаларни телефондан тўлиқ воз кечтиришнинг имкони йўқлигини, асосий эътибор уни тўғри ва меъёрий тарзда ишлатиш маданиятини шакллантиришга қаратилиши лозимлигини таъкидлади.
«Ҳозир техника асри, болаларимиздан телефонларни юлиб ололмаймиз. Албатта, телефон керак. Аммо ундан фойдаланиш маданияти ва меъёри ҳам бўлиши зарур. Ўқувчининг мактабга киришдан олдин телефонини қолдиришга оид буйруқ чиққан ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳам мавжуд. Лекин бу қоидалар қаердадир ишлайди, қаердадир эса ишламайди. Буни эндиликда қаттиқ назоратга олиб, 16 ёшгача бўлган болаларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун билан чекламоқчимиз», — деган Эъзозхон Каримова.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter