Ўзбекистонда бўш иш ўринлари сони бир йилда қарийб 10 фоизга ошган
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон меҳнат бозорида иш берувчиларнинг ходимларга бўлган талаби ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йил бошида бўш иш ўринлари сони бироз камайган бўлса-да, март ойида вазият ўзгарган. Хусусан, март ойида эълон қилинган вакансиялар сони 15,4 мингтага етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга кўпайган.
Ишчи кучи айниқса хизмат кўрсатиш, чакана савдо, умумий овқатланиш, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида кўпроқ талаб этилмоқда.
Шу билан бирга, иш қидираётганлар сони ҳам ўсишда давом этмоқда. HeadHunter Uzbekistan маълумотларига кўра, биринчи чоракда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 минг нафарга етган. Бу меҳнат бозорида рақобат кучайиб бораётганини англатади.
Таҳлилларга кўра, янги иш ўринларининг асосий қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Айниқса, молия, суғурта, профессионал хизматлар ва маъмурий соҳаларда бандлик ўсган.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил якунида мамлакатда ишсизлик даражаси 4,8 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, 2026 йилнинг иккинчи чорагида ҳам корхоналар, айниқса хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида янги ходимларни ишга қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу эса меҳнат бозорида ижобий тенденциялар сақланиб қолаётганини кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter