Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда энг илиқ қишлардан бири кузатилди — «Ўзгидромет»

Ўзбекистонда энг илиқ қишлардан бири кузатилди — «Ўзгидромет»

Фото: Xabar.uz

Республика Гидрометеорология хизмати Ўзбекистонда ўтган қиш фаслининг иқлимий тавсифини эълон қилди.

Ўзбекистонда 2024 йилнинг февраль ойида ҳарорат тартиби турли хил бўлди. Ойнинг биринчи ярми (1−4 февраль) жуда илиқ бўлиб, у меъёрдан ўртача 7−8 даражага, шимолий ҳудудларда эса меъёрдан 10−12 даража иссиқроқ бўлди.

Айрим кунларда максимал ҳаво ҳарорати, ҳатто республиканинг шимолида ҳам +20…+23 даражага, жанубий вилоятларда эса +24…+26 даражага етди.

Иқлимий маълумотларга кўра, бундай ҳарорат қишнинг охирига қараганда баҳорнинг ўрталарига хос бўлди. Аммо метеорологик кузатувлар тарихида февраль ойида ҳаво ҳарорати +25…+27 даражагача, жанубда +29…+32 даражагача кўтарилган йиллар ҳам кузатилган.

16−17 февраль кунлари совуқ арктика ҳавосининг кириб келиши натижасида ҳарорат фони кескин пасайди ва ойнинг иккинчи ярми эса меъёрдан ўртача 5 даражага совуқроқ бўлди.

Ушбу даврнинг энг совуқ кечаларида ҳаво ҳарорати −5…−10 даражагача, жанубда 0…-4 даражагача, шимолда −12…−15 даражагача пасайди.

Февраль ойида бундай ҳарорат қийматлари одатий ҳодисадир. Ҳатто, ушбу асрда ҳам кечалари ҳарорат −15…−20, шимолда −25…−30 даражагача пасайган февраль ойлари кузатилган.

Бу йилнинг февраль ойида ўртача ойлик ҳарорат республика ҳудудининг катта қисмида ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди. Ўзбекистоннинг шимолида февраль ойи иқлимий меъёрдан 1,5−2 даражага илиқроқ бўлди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёрга яқин, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Қизилқум шимолида меъёрга нисбатан кам (30 фоиздан кам) бўлди. Ойнинг илиқ даврида (5 февралдан 15 февралгача) ёғингарчилик кам бўлиб, текислик ҳудудларда эса фақат жадаллиги бироз бўлган ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди.

Ойнинг бошида ва унинг иккинчи ярмида асосан жадаллиги кучлироқ бўлган қор кўринишидаги ёғингарчилик тез-тез кузатилди. Ушбу даврда республиканинг текислик ҳудудларида қор қоплами шаклланди. Қор қопламли кунлар сонига кўра, февраль ойи ўтган қишда энг қорли бўлди.

Тоғли ҳудудларда қор қоплами ой давом сақланиб турди. Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғларида ой охирига қор баландлиги 70−115 сантиметрни, Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида 30−50 сантиметрни ташкил этди, бу ўртача кўп йиллик қийматларга мос, аммо ўтган йилнинг февраль ойи охирига нисбатан 15−25 фоизга кам бўлди.

2023−2024 йилларнинг қиш мавсуми илиқ бўлиб, ўртача мавсумий ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1,5−2,6 даражага юқори бўлди.

Январь ойи ўтган қишнинг манфий аномалиясига асосий ҳисса қўшди. Ҳудуднинг катта қисмида (республика шимолидан ташқари) 2024 йилнинг январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди.

Ўтган ойда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3−4 даражага, шимолда 1−2 даражага кўп бўлди.

Декабрь ҳам илиқ бўлди. Иккинчи ўн йилликда сезиларли совуқ тўлқинларига қарамай, декабрь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёрий қийматлардан 1,5−2 даражага, жанубдаги 2,5−3 даражага юқори бўлди.

Февраль ойининг ҳарорат тартиби эса ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлди.

Ҳудуднинг катта қисмида ўтган қиш учун энг паст ҳаво ҳарорати 2023 йил декабрь ойида кузатилди. Тошкентда декабрь ойининг минимал ҳарорати -15,9 даража қайд этилди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг