Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда нефт қандай қазиб чиқарила бошланган? Юз йиллик суратлар

Ўзбекистонда нефт қандай қазиб чиқарила бошланган? Юз йиллик суратлар

Фото: Xabar.uz

Замонавий дунёни нефтсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юрган йўлимиздан тортиб уйимизда ёниб турган чироққача ёқилғи талаб қилади. Ўзбекистонда нефт қандай қазиб чиқарила бошланганини биласизми? «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Андижоннефт» АЖ томонидан ташкил этилган медиа-тур давомида Марказий Осиёдаги илк нефт конида бўлдик. Бунга қадар на Қозоғистон ва на Туркманистонда нефт олинар эди.

Аслида кўп ихтироларнинг аввали тасодифга бориб тақалади. Фарғона водийси замини эса асрлар давомида нефтга бой бўлган. Айниқса Эски Чимён ерлари. Айтишларича нефт босими шу қадар юқори бўлганки, қатламлардан ер юзига сизиб чиққан. Нефт конларининг очилиши ҳам шунга бориб тақалади.

Ўзбекистон ҳудудида нефт ва газ қидириш ишлари 120 йиллик тарихга эга. 1885 йилда кон қидириш ишлари бошлаб юборилади. Илк нефт кони очилиши учун эса салкам 20 йил вақт керак бўлди.

1890 йилларда Полосон қишлоғи этагидаги тўқай ва чангалзорлар бағри тилиниб, темир йўл қурилиши бошланади. Шундан буён бу ерлардан йўловчи ва юк поездлари ўта бошлайди.

1898 йилнинг ёзида Ванновский бекатида поезд бир муддат тўхтаб қолади. Айнан шу поездда муҳандис К. Ковалевский қайсидир юмушлари билан Андижонга келаётган эди. Ковалевский поезддан тушиб, бекатни айлана бошлайди. Шу вақт унинг кўзи Қўқон араваларидан бирининг гупчагига тушди. Гупчак қорамойга беланган эди. Ковалевский қўли билан қорамойни ушлаб кўрадию, юраги ҳаприқиб кетади. Бу — нефт эди!

Ўша йилдан эътиборан муҳандис Ковалевский бошчилигида кон қидириш ишлари бошланиб кетади. 1901 йилда биринчи қудуқда бурғулаш ишлари бошланади. Албатта ҳаммаси осон кечмаган. Аввало ток ишлаб чиқарадиган буғ двигатели зарур эди. Темир йўл эса Олтиариққача келган. Эски Чимёнга қадар қолган масофа эса қир адирлар аро ўтган йўлда ўтди. Двигател трактор ва юк автомобилида олиб келинди. Ушбу тарихий суратлар илк бора интернетда чоп этилмоқда.

Электр ишлаб чиқариладиган буғ двигатели Олтиариқдаги вокзалда

Марказий Осиёдаги илк нефт қудуғи 1904 йилда очилди. Натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди — қудуқдан кунига 150 тонна нефт олинарди. Аввалига кондан олинган нефт фақат аравалар гупчагини мойлаш ва тандир-ўчоқ учун ишлатилди. 1906 йилда Олтиариқда илк нефтни қайта ишловчи завод ишга туширилди. Энди Эски Чимён нефтидан керосин ва бошқа маҳсулотлар ҳам олина бошланди.

Буғ двигатели қир-адирлар аро ўтган йўлдан олиб келинмоқда

1907 йилда нефт заводи ака-ука Нобеллар томонидан сотиб олинади ва реконструкция ишлари бошлаб юборилади. Эътиборли томони, Чимёндаги нефт конларидан заводга қадар тўрт дюймли қувурлар тортила бошланган. Бунга қадар эса нефт от-араваларда ташилган.

Илк юк автомобиллари ва тракторлардан иборат карвон. Буғ двигатели ва эхтиёт қисмлари Чимёнга олиб келинмоқда
Фарғона водийсидаги илк электр токи шу ерда ишлаб чиқарилган. Айтишларича ўша вақтда ҳатто марказ Фарғона шаҳрида ҳам электр чироқ бўлмаган
Илк нефт қудуғи минораси. Суратда қувурлар мавжуд, демак нефт қувур орқали олиб кетиш бошланган вақтлар...

Бугунги кунда Марказий Осиёдаги илк нефт қудуғи ўрнида музей ташкил этилган. Эски Чимёнда эса ҳозирга қадар нефт олинади. Музейнинг ёнгинасида тўртта нефт қудуғи ишлаб турибди.



«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Андижоннефт» АЖ томонидан ташкил этилган медиа-тур давом этмоқда. Тафсилотлар «Xabar.uz»да бериб борилади.

PS.: Тарихий суратлар маҳаллий аҳоли томонидан Xabar.uz учун тақдим этилди.

Илк нефт қудуғи
Нефт тортиб олинган илк мослама макети

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг