Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қандай ҳолларда мотам эълон қилинади?

Қандай ҳолларда мотам эълон қилинади?

Фото: «Xabar.uz»

Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти Ирғиз туманида рўй берган фожиа ҳар биримизнинг, бутун халқимизнинг қалбига чуқур қайғу солди. Ижтимоий тармоқлар ҳамдарлик битиклари, дардли марсиялар билан тўлиб-тошди. Бутун мамлакат бўйлаб мотам кайфияти ҳукмрон.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қозоғистондаги фожиа халқимизга етарли шароит яратиб бермаганимизни исботлаб турибди. Содир бўлган фожиа кўп нарсадан, шу жумладан, халқимиз олдида ҳали қарзимиз кўплигидан далолат бериб турибди. Одамларга шароит яратиб беролмаганимиз учун аҳоли бошқа давлатларга иш қидириб чиқишга мажбур бўлмоқда», — деб айтиб ўтди. Ўзбекистон раҳбарининг топшириғига кўра, фожиада ҳалок бўлган 52 нафар фуқаронинг оилаларига бир марталик нафақа ажратилди.

Фожиавий ҳалок бўлганлар орасида ота-бола, ака-укалар, амакиваччаларнинг борлиги кишини ларзага солмай қўймайди. Бир кунда оиласининг устунларидан — эри ва ўғлидан ёки икки нафар навқирон фарзандидан айрилганларнинг ҳолатини тасаввур қилинг-а! Худо кўрсатмасин! Беихтиёр «Э, воҳ» деворади одам.

Мусибатнинг катта-кичиги бўлмайди, дейишади. Аммо 52 нафар ўғлоннинг ўлими юрт учун катта йўқотиш! Шу боис ижтимоий тармоқларда нега Ўзбекистонда мотам эълон қилинмагани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Таҳририятимизга ҳам бу борада кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Ўқувчиларимизнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб бу ҳақдаги саволларга қонун ҳужжатлари асосида жавоб қидириб кўрдик.

Мотамни ким ва қачон эълон қилади?

Ўзбекистонда мазкур жараён қайсидир ҳужжат билан тартибга солингани ҳақида маълумот топа олмадик. Ҳар ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва бошқа очиқ маълумотлар базасида бундай ҳужжат топилмади.

Фақатгина «Ўзбекистон республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида мотам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мотамга мослаб кўтарилиши, бундай ҳолларда давлат байроғи дастаси ёки флагштокнинг юқори учига байроқ энининг 1/20 қисмига тенг бўлган кенгликдаги қора тасма боғланиши, тасманинг икки учи байроқнинг бутун эни узунлигида осилиб туриши, давлат байроғи мотам муносабати билан флагштокда кўтарилган тақдирда у флагшток узунлигининг 1/3 бўлагича тушириб қўйилиши ҳақида сўз боради холос.

Бошқа қонун ҳужжатларида мотам қандай ҳолатларда (террорчилик акти, бахтсиз ҳодиса, қурбонларнинг сони) ва ким (мамлакат президенти, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси) томонидан эълон қилиниши ҳақидаги маълумотлар топилмади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда неча марта мотам эълон қилинган?

1991 йилдан буён республикамизда уч марта мотам эълон қилингани ҳақида маълумотга эгамиз. Биринчиси 1999 йилга тўғри келади. 1999 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳрида содир бўлган фожиали ҳодисалар муносабати билан бир кунлик мотам куни эълон қилинган эди. Террорчилик хуружи оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиғи эса турли даражада яраланган эди.

1999 йил 16 февраль. Тошкент.
Фото: «Wikimedia.org»

Бегуноҳ ҳалок бўлган ватандошларимизнинг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, ёри биродарларига ҳамдардлик билдириб, қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Президент фармонига асосан 1999 йил 18 февраль Ўзбекистон Республикасида Мотам куни деб эълон қилинган, мотам куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи туширилган, маданият муассасаларига, барча телерадиокомпанияларга 18 февраль куни кўнгилочар томошалар, кўрсатув ва эшиттиришларни тўхтатиш тавсия этилган эди.

Иккинчи мотам 2004 йилнинг 13 январида содир бўлган авиаҳалокат билан боғлиқ. Ўша куни Термиздан ҳавога кўтарилган ЯК-40 самолёти Тошкентга қўниш пайтида ҳалокатга учрайди.

ЯК-40 самолёти.
Фото: «Airliners.net»
ЯК-40 самолётининг ҳалокати. 2004 йил 13 январь.
Фото: «Posadki.net»

Натижада самолёт бортида бўлган 37 киши: 5 нафар экипаж аъзоси (4 нафар эркак ва 1 нафар аёл) ҳамда 32 нафар йўловчи (28 нафар эркак, 3 нафар аёл ва 1 нафар бола) ҳалок бўлишади. Шундан 28 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди.

ЯК-40 самолётининг ҳалокати. 2004 йил 13 январь.
Фото: «Posadki.net»

Ҳалок бўлганлар рўйхатида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ричард Конрой ҳам бўлган. Бу мустақиллик йилларида Ўзбекистонда рўй берган энг катта авиаҳалокат ҳисобланади. Ушбу фожиа муносабати билан 2004 йилнинг 15 январи бутун мамлакатда мотам куни дея эълон қилинган.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи мотам мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан эълон қилинган эди.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мамлакатда 2016 йил 3 сентябрдан уч кунлик мотам эълон қилинган, дафн маросими марҳумнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Мотам кунлари мамлакатимизда ва хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикаси элчихоналарида Ўзбекистоннинг давлат байроғи туширилган, маданият муассасалари, барча телерадиоканаллар томонидан 2016 йилнинг 3—5-сентябрь кунлари кўнгилочар томошалар, кўрсатув ва эшиттиришларни тўхтатилган эди. Шунингдек, Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан мамлакатнинг барча ҳудудларида мотам маросимлари ўтказилган эди.

Фото: «Sputnik»
Фото: «Darakchi.uz»

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Кубада ҳам расман бир кунлик мотам эълон қилинган эди.

Фото: «Gazeta.uz»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг