Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қишда қушларга кўмак: Тошкентда фаоллар акция ўтказди

Қишда қушларга кўмак: Тошкентда фаоллар акция ўтказди

Фото: Eco.gov. uz

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 3 феврал — Халқаро қушларни озиқлантириш кунига бағишлаб “Қишда қушларга кўмак” акцияси ўтказилди.

Тошкент Ботаника боғидаги тадбирда 200 га яқин ёш экофаоллар, волонтёрлар қатнашди.

“Экология вазирлиги томонидан ҳар йили қишнинг совуқ кунларида ҳайвонларни, жумладан, қушларни совуқдан асраш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш мақсадида республикамиздаги барча муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирлар ўтказилади. Бу йил ҳам муҳофаза ҳудудларидаги қушлар, ҳайвонлар кўп тўпланадиган жойларга ем, дон, хашак каби озуқа воситалари қўйиб чиқилди, — деди Экология вазирлигининг биохилма-хиллик сиёсати бўлими бошлиғи Абдурашид Содиқов. — Бугунги акциямиз ҳам биотехник тадбирларнинг давоми ҳисобланади. Мақсадимиз нафақат қушларни асраб қолиш, балки, келажак авлодда, ёшларда қушларга, ҳайвонларга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини, уларни сақлаб қолишга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдир”.

Акция давомида иштирокчилар боғдаги дарахтларга қуш инларини ўрнатиб, унга озуқаларни қўйиб чиқишди. Шунингдек, боғнинг турли ҳудудларига ҳам озуқалар тарқатилди. 

“Бу акция нафақат Тошкент, балки, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ўтказилди. — деди Экология вазирлиги Волонтёрлар ва экофаоллар билан ишлаш бўлими бошлиғи Заррина Абдуллаева. — Кўнгиллилар, экофаоллар томонидан қушлар кўп тўпланадиган жойларга озуқа маҳсулотлари қўйиб чиқилди. Нафақат қушлар, балки, барча тирик жонзотларни асраб қолишга қаратилган тадбирларимизни кейинги йилларда ҳам давом эттирамиз”.

Маълумот учун, бугунги кунда юртимизда жами 487 турдаги қушлар мавжуд. Булардан 52 турдаги қушлар Қизил китобга киритилган, яъни ноёб қушлар ҳисобланади.

Учраш хусусиятига кўра, қушларнинг 86 тури ўтроқ, 122 тури уяловчи, учиб ўтувчи, 63 тури фақат учиб ўтувчи, 80 тури учиб ўтувчи, қишловчи, 16 тури қишловчи, 54 тури уяловчи, учиб ўтувчи ва қишловчи, 55 тури тасодифан учиб келувчи (камдан-кам ҳолда учровчи) қушлар ҳисобланади. Умумлаштириб айтганда, юртимизда учровчи қушларнинг 320 тури миграцияда иштирок этади.

Халқаро қушларни озиқлантириш кунининг тарихи 1890–1891-йилларга бориб тақалади. Ўша йиллари Европадан қиш жуда совуқ келади, Сена ва Темза дарёлари музлайди. Англия нашрларида эса одамлардан қушларни боқиб олиш, парваришлаш сўралган эълонлар чоп этилади. Бора-бора Англияда ҳар йили қиш фаслида қушларни озиқлантириш одат тусига киради. Кўп ўтмай қушларни боқиш бутун дунёда анъанага айланади. 1984 йилда Халқаро қушларни озиқлантириш ойлиги бўлиб ўтади ва 1994 йилда 3 феврал Халқаро қушларни озиқлантириш куни деб эълон қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг