Эко-стикерлар: транспорт воситалари ташламаларини тартибга солишга доир янги тартиб ва муҳим қоидалар
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва фуқаролар саломатлигини асраш мақсадида мамлакатимизда автотранспорт воситаларидан чиқариладиган зарарли моддаларни назорат қилиш борасида “Экологик транспорт” тизими жорий этилмоқда.
Шу муносабат билан транспорт воситаларини экологик тоифа ва синфларга ажратиш ҳамда улар асосида экологик стикерлар бериш тартиби белгиланди. Эко-стикер мутлақо бепул ҳисобланади.
Экологик стикер нима?
Экологик стикер — бу транспорт воситасининг экологик тоифасини тасдиқловчи электрон маълумотларни ўз ичига олган ёрлиқ ҳисобланади.
Стикерлар уч хил рангдан иборат бўлади:
• 🟢 Яшил — “тоза” экологик даража;
• 🟡 Сариқ — “ўртача” экологик даража;
• 🔴 Қизил — “зарарли” экологик даража.
Эко-стикер қайси транспорт воситаларига татбиқ этилмайди?
Мазкур Низом талаблари қуйидаги транспорт воситаларига нисбатан қўлланилмайди:
• транзит орқали ҳаракатланаётган транспортлар;
• Ўзбекистонда 90 кунгача вақтинча бўлиб турган транспорт воситалари;
• электромобиллар ва электромототсикллар;
• мотоцикл, скутер, мопед ва уч ғилдиракли транспортлар;
• тезкор ва махсус хизмат транспортлари;
• жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксидан ташқари);
• қишлоқ хўжалиги техникалари;
•“ногиронлиги бўлган шахс” белгиси ўрнатилган транспорт воситалари.
Экологик тоифа қандай аниқланади?
Транспорт воситасининг экологик тоифаси:
• ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синф (“Евро” стандартлари) асосида;
• экологик синфи аниқланмаган ҳолатларда эса диагностика текширувлари натижаларига кўра белгиланади.
Диагностика текширувлари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги махсус экологик операторлар томонидан ўтказилиб, барча маълумотлар “Автомототранспорт ҳисоби” ягона электрон тизимида қайд этилади.
“Евро” стандартларига кўра тақсимлаш
Бензин ва газда ишловчи транспортлар:
• 🟢 “Евро-2” ва ундан юқори — тоза;
• 🟡 “Евро-0” ва “Евро-1” — ўрта.
Дизель ёқилғили транспортлар:
• 🟢 “Евро-4” ва ундан юқори — тоза;
• 🟡 “Евро-3” — ўрта;
• 🔴 “Евро-0”, “Евро-1”, “Евро-2” — зарарли;
Гибрид ва 3 йилдан ошмаган транспортлар автоматик равишда тоза тоифага киритилади.
Эко-стикер қаерда ва қандай берилади?
• Фойдаланишда бўлган транспортлар учун стикер ихтиёрий мурожаат асосида расмийлаштирилади.
• Транспорт воситасини рўйхатга олиш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида экологик стикер бепул берилади.
• Стикер олд ойнанинг пастки ўнг бурчагига, ички томондан ёпиштирилади.
Экологик стикерлар муддатсиз берилади. Бироқ қуйидаги ҳолатларда у қайта расмийлаштирилади:
• транспорт эгаси ёки давлат рақами ўзгарганда;
• олд ойна алмаштирилганда;
• стикер шикастланганда ёки ўчиб кетганда.
Қайта диагностика ва тўлов масаласи
Транспорт воситаси эгаси:
• йилига бир марта бепул қайта диагностика ўтказиб, экологик тоифани яхшилаш ҳуқуқига эга;
• ундан ортиқ қайта текширувлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари асосида тўловли амалга оширилади.
Мазкур тартиб аҳоли пунктларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш, хусусан транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ва шаҳарларимиз ҳавосини тозалашга қаратилган муҳим тадбирдир. Эко-стикер тизими орқали ҳар бир фуқаро ўз транспорт воситасининг атроф-муҳитга таъсири ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади ва бу борада мустақил назоратни амалга оширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter