Шавкат Мирзиёев: «Болалар боғчада деярли балиқ емаяпти»

Шавкат Мирзиёев: «Болалар боғчада деярли балиқ емаяпти»

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Молия вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасини тузиш, Жамғарма маблағларини нодавлат болалар боғчалари учун бино ва иншоотларни харид қилиш, янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига имтиёзли ставкада кредит ажратишга йўналтириш топширилди.

Мактабгача таълим вазирлигига давлат-хусусий шериклик асосида боғчаларни ташкил этиш моделлари, давлат ва хусусий шерикнинг хуқуқлари ва мажбуриятлари, боғчаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси қўйилди.

Ҳокимликлар ва банкларга 2018 йилда ташкил этиладиган 3 мингдан зиёд хусусий боғчанинг ҳар бири бўйича ер, бино ва кредит ажратиш, боғчаларни ишга тушириш муддатлари аниқ белгиланган жадвалларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш юзасидан кўрсатма берилди.

— Ҳал этишимиз зарур бўлган яна бир муҳим муаммо, — деди давлатимиз раҳбари, — боғчаларда болаларни белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатлантиришни ташкил этишдир. Афсуски, болаларга сут маҳсулотлари ва мева тасдиқланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, балиқ маҳсулотлари эса деярли берилмаяпти.

Йиғилишда бу борада берилган топшириқларга мувофиқ, болаларни сифатли овқатлантириш, кўрпа, ёстиқ ва чойшабларини белгиланган муддатларда алмаштириш, дори-дармон ва ювиш воситалари учун ажратиладиган маблағлар миқдори етарли экани аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари боғчаларда болаларнинг белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этишга шахсан масъул бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги боғчаларда таомларни тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ва сақлашда санитария нормалари ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг