Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги менингит касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабарни изоҳлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги менингит касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабарни изоҳлади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида менингит касаллиги кенг тарқалганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарларга расмий изоҳ берди.

Аниқланишича, 21 ёшли фуқаро менингит хасталигидан вафот этган. Сабаби эса тиббий ёрдамга кеч мурожаат этганлиги билан боғлиқ. Бу касаллик мавсумий бўлиб, республикада учраб туради ва ҳар йили 5 тадан 10 тагача қайд этилиши мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳаммаси бўлиб, 17 нафар фуқаро ушбу касалликда гумон қилинган. Уларнинг 6 нафарида лаборатория текшируви орқали касаллик тасдиқланган. Айни пайтда ўткир респиратор касалликлар яъни, фарингит, назофарингит каби хасталикларга чалинган фуқаролар орасида касалликни эрта аниқлаш бўйича тиббиёт ходимларининг ҳушёрлиги оширилган. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тўлиқ назорати остида. Энг муҳими, менингит аҳоли ўртасида кенг тарқалмаган, эпидемик вазият барқарор. Аслида ушбу хасталикнинг эрта баҳор мавсумида учраб туриши табиий жараён бўлиб, шу кунларда аксарият Европа ва бизга қўшни бўлган давлатларда бир неча юзлаб одамларда ушбу касаллик қайд этилмоқда.

Менингит хасталиги кузатилганда, биринчи навбатда, қандай чораларни кўриши керак?

– Менингитнинг клиник белгилари кузатилганда, аввало, тезкорлик билан шифокорга мурожаат қилиши зарур. Асло ўзича даволанишга ҳаракат қилмаслиги, ўтиб кетар дея бефарқ бўлмаслиги лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш бош инфекционисти, Республика вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабоев. – Шифокор профилактика мақсадида тавсия этган антибактериал дори воситаларини белгиланган миқдорда ва ўз вақтида истеъмол қилишга қатъий риоя этиши талаб қилинади. Имкон қадар стационар шароитда даволаниш тавсия этилади. Ёки бўлмаса, беморни шифокор тавсияси билан алоҳида хонага ўтказиш, ишга, мактабга, умуман олганда, жамоат жойларига бормаслиги, жамоат транспортидан фойдаланмаслиги керак. Бу чоралар касалликнинг соғлом одамга юқишининг олдини олишда жуда муҳим. Чунки, менингит бир одамдан бошқа одамга юққани сари кучайиб боради. Шу боис имкон қадар юқиш эҳтимоли бўлган ҳар бир ҳолатнинг олдини олишга ҳаракат қилишимиз талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳат, яшаш жойларнинг ҳавосини мунтазам алмаштириш, хонани тез-тез артиб-тозалаш менингит касаллигининг олдини олишда жуда муҳимдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг