Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ССВ интернетда авж олган рекламалар борасида жиддий огоҳлантириш эълон қилди

ССВ интернетда авж олган рекламалар борасида жиддий огоҳлантириш эълон қилди

Сўнгги пайтларда интернет тармоғида қандли диабет ва унинг асоратларидан халос этиши ваъда қилинаётган биологик фаол қўшимчаларнинг рекламаси авж оляпти. ССВ бу борада огоҳлантириш билан чиқди. 

— Диабетнинг икки тури мавжуд бўлиб, биринчиси, организмда инсулин етарли даражада ишлаб чиқарилмаслиги, иккинчиси эса ҳужайраларнинг инсулинга сезувчанлиги пасайиши натижасида пайдо бўлади, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Севара Фахрутдинова.

— Қандли диабетга чалинган инсонларга асосан инсулинотерапия, айрим ҳолларда витаминотерапия тайинланиши мумкин.

Қолаверса, бундай беморлар соғлом турмуш тарзига риоя қилиши, жисмонан фаол бўлиши ва қонда қанд миқдорини камайтирувчи дориларни мунтазам қабул қилиши лозим.

Диабетнинг икки турини ҳам даволаш жараёни комплекс ёндашувни талаб этиб, у биологик фаол қўшимчалар ёрдамида олиб борилмайди.

Умуман олганда, биологик фаол қўшимчалар инсон организмининг физиологик ҳолати барқарор бўлмаган ҳолларда унинг функционал фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган бўлиб, улар ҳеч қандай даволовчи хусусиятга эга эмас.

Шифокорлик амалиётида биологик фаол қўшимчаларнинг «мўъжизавий» таъсирига ишониб, анъанавий даволаш усулларидан воз кечган, яъни инсулин қабул қилишни тўхтатган айрим беморларда бир неча кун ичида кетон таначалари пайдо бўлиши ва қанд миқдори ўта юқорилаб кетиши ҳолатлари кузатилган. Оқибатда бемор гиперглекемик кома ҳолатига тушиб қолиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган биологик фаол қўшимчалар қандли диабетга чалинган беморларни даволашда самара бермаслиги билан бир қаторда, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин.

Қолаверса, бундай маҳсулотлар рекламасида Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг айрим бандлари талаблари бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, мазкур қонуннинг 35-моддасига мувофиқ овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси:

- улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;

- уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;

- уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;

- соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг