Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Светлана Хон: «Гранд» радиоси Рустам Мадумаровга тегишли эмас»

Светлана Хон: «Гранд» радиоси Рустам Мадумаровга тегишли эмас»

Фото: «Human.uz»

Жорий йил 1 май куни интернет нашрларида Рустам Мадумаров (Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи) га тегишли 7 миллиард сўмдан ортиқ мулк аукционга қўйилгани ҳақида маълумотлар берилди. «Human.uz» сайтида бу борада мақола эълон қилинди.

Жумладан, ЎзА нашри эълон қилган материалда «Ягона электрон савдо майдончасида Тошкент шаҳрида жойлашган йирик фирма – "EDEL VEYS-ALI" масъулияти чекланган жамияти фондидаги юз фоиз улуши, дебитор-кредиторлари ва бошқа турдаги барча мол-мулклари билан билан аукционга қўйилган», дейилади.

e-auksion.uz да объектнинг суратлари жойлаштирилган бўлиб, унда фирмага тегишли Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси 15-уйда жойлашган офис (жиҳозлари билан) ва автомобиллар ҳам кўрсатилган.

«EDEL VEYS-ALI» маъсулияти чекланган жамиятга 101.5 FM тўлқинида жойлашган «Радио Гранд» радиоси тегишли, деб хабар берилди. Қизиғи, савдога қўйилган радио айни пайтда ҳам фаолият юритмоқда.

Хўш, радио чиндан ҳам Рустам Мадумаровга тегишлими?

Биз мазкур масала юзасидан туғилган айрим саволларга жавоб топиш мақсадида «EDELVEYS-ALI» МЧЖ директори Светлана Хонга юзландик.

Унинг айтишича, “Гранд” «Барселона» радиоси 1997 йилда эфирга чиққан. Ўша пайтда у Алишер Тошхўжаевга тегишли бўлган. 2002 йилда эса Хон Светлана «EDELVEYS-ALI» МЧЖ ва «Гранд» радиосининг тўлиқ муассиси ва директорига айланади.

2008 йилга келиб, у акцияларининг 26 фоизини Гулнора Каримованинг вакилига шундайлигича бериб юборган. Тўғрироғи, унга тазйиқ ўтказилгани учун шунга мажбур бўлган. Шундай қилиб, йил якунлари бўйича даромадлар тақсимланганда, Саблина Лариса исмли аёл ўзининг тегишли улушини олиб келаверган.

2013 йилга келиб, Гулнора Каримованинг юристлари С. Хон билан боғланиб, энди шериклик ҳуқуқини бошқа кишига ўзгартириш кераклиги ҳақида кўрсатма беради. Шу тариқа Саблина Ларисанинг 26 фоизлик улуши Емельянова Ирина номига расмийлаштирилади.

Бу орада радио фаолияти билан боғлиқ ишларни ҳал этиш вазифалари турганда И. Емельянова муассислар йиғилишларига умуман келмайди. Унга яшаётган манзил бўйича қайта-қайта таклифномалар жўнатилганига қарамай, тўрт йил давомида умуман кўриниш бермайди. Бора-бора у ўша ерда истиқомат қилмаслиги аён бўлади.

2017 йилда Светлана Хон И. Емельяновани суд тартибида муассислар таркибидан чиқариб ташлаб, МЧЖ акцияларининг қонуний асосда юз фоизлик соҳибига айланади.

2018 йил 25 майда эса Светлана Хонга МИБ ходимлари қўнғироқ қилиб, унга тегишли объектда баҳолаш ишлари олиб борилишини маълум қилади. Светлана вазиятга ойдинлик киритиш учун МИБга келганда унга Тошкент вилоят жиноят ишлари бўйича судининг 2015 йил 20 июлдаги қарори билан «EDEL VEYS-ALI» МЧЖнинг барча активлари Рустам Мадумаровга тегишли деб топгани ҳақидаги қоғозни тутқазишади.

Светлана Хон бунга эътироз билдириб бир неча бор судга мурожаат этади, лекин бари фойдасиз. Бош прокуратура ва Халқ қабулхонасига қилган мурожаатлари ҳам бесамар кетади. У ўзи иштирок этмаган, бутунлай бехабар бўлган суд жараёнида қандай қилиб Р. Мадумаров хусусий фирма эгаси бўлиб қолгани ҳақидаги материаллар билан таниша олмаяпти. Унга маълум қилишларича, бу материаллар тақдим этилмайди ва улар сирли. «Қаёққа борсанг, бор» қабилида иш тутилмоқда...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг