Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Таклиф: дабдабали тўй қилмоқчимисиз? Марҳамат!

Таклиф: дабдабали тўй қилмоқчимисиз? Марҳамат!

Ҳашамдор ва дабдабали тантаналарни ёқловчилар ҳам йўқ эмас.

Фото: «kloop.kg»

Бир йил олдин ёзилган мақола

Замонамиздан ўргулай, шу қадар тезкорки, бир масала юзасидан фикр айтилса, шу ондаёқ ҳамманинг оғзига тушиб, муҳокама бўлмоқда. Айниқса охирги кунларда тўйларни камчиқим қилиш масаласи роса мунозараларга сабаб бўлди.

Албатта, ортиқча ҳаражатлардан қочган ҳолда, миллийлигимиз мос тўйлар ўтказиш ниҳоятда муҳим масала. Ижтимоий тармоқлардаги бу мавзу бўйича мунозараларни ўқир эканмиз, аксарият юртдошларимиз чекловларни олқишлаётганини кузатамиз. Шу билан бирга ҳашамдор ва дабдабали тантаналарни ёқловчилар, бундай тўйлар ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб қолганини, чекловлар ортидан кўплаб одамлар ишсиз қолиши мумкинлигини таъкидлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Келинг, бир таклифга қулоқ тутинг. Бир бадавлат инсон ҳаммани қойил қолдирувчи тўй қилмоқчи бўлса – қилаверсин! Фақат шундай тўй қилишга қодир бой-бадавлат эканми, шу юртда маблағ орттирибдими, топганини кўз-кўз қилишни ният қилибдими, асл бойларга хос иш тутсин: тўйга қанча пул ишлатса, шунинг ярмини, борингки чорагини, зиқнароқ бўлса ўн фоизини хайрияга сарфласин.

Хайрия шунчаки эмас – аниқ, мақсадли бўлсин. Айтайлик, пойтахтдаги гемоталогия шифохонасида юзлаб гўдаклар жон талашиб ётишибди, уларга ҳар куни қимматбаҳо дорилар зарур. Ижтимоий тармоқларда соатига ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар чиқиб туради. Уларни кўриб ҳар қандай инсоннинг қалби титрайди.

Тўйлар ортидан шундай болалар соғайиб кетиши қандай бахт!

Фақат бундай амал аниқ-ҳисоб китобларга асослансин, хўжакурсинга бўлмасин. Тўйларга меҳрибонлик уйининг болалари қиёфасидаги болаларни олиб келиб, меҳмон қилдиришга ўхшаб қолмасин. Худога шукр, бундай масканлардаги болаларнинг қорни тўқ, усти бут, шундоқ ҳам ҳар байрамда сўровчиси кўп. Тўй қилувчилар ҳаражатига кўра маълум бир маблағни аниқ бир ёки бир неча бемор боланинг ҳожатини чиқаришга сарфлашсин. Шунда ҳам кўнгилдагидек тўй қилиш истаги амалга ошади, ҳам ўша бадавлат юртдошимиз қилган хайрия ортидан кўнгли ҳаловат топади ва энг муҳими ҳаёт-мамот ўртасида турган бир бемор болага нажот эшиги кўринади.

Нима дедингиз?

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг