Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент: «бомжлар» ва бошпанасиз шахсларга муносабат ўзгардими?

Тошкент: «бомжлар» ва бошпанасиз шахсларга муносабат ўзгардими?

Фото: «Sputnik»

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил июнь ойидан бошланган махсус тадбирлардан сўнг Тошкентдаги реабилитация марказига олиб келинган бошпанасиз шахслар сони 3590 нафарни ташкил қилган. Шулардан 2135 нафари қариндошлари томонидан олиб кетилган, дейилади «Спутник» хабарида.

«Ўзбекистонда 25 йил мобайнида расман «бомжлар» мавжуд бўлмаган, одамлар чайлаларда, ертўлаларда, ҳатто кўчаларда яшаб, кун кечиришган, уларнинг аксарияти қаҳратон қиш кунларида кўчаларда ўлиб кетган», деб ёзади нашр муаллифи.

«Спутник» мухбири ҳозирча республикада ягона бўлган Тошкентдаги бошпанасиз шахслар учун реабилитация марказида бўлиб, у ердан махсус репортаж тайёрлаган.

2018 йил апрел ойи охирида «ички ишлар органларига қарашли бошпанасиз кимсаларни реабилитация қилиш марказларини тасдиқлаш тўғрисидаги» низом қабул қилинган, ёз ойининг бошида Тошкент ИИББ қошида реалибилитация маркази ташкил қилинган. Ўша пайтдан эътиборан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон пойтахтида 3590 нафар бошпанасиз шахс аниқланган.

Тошкент ИИББ қошидаги реабилитация маркази раҳбари подполковник Баҳодир Душаевнинг сўзларига кўра, «Меҳр-саховат уйи»деб номланувчи ушбу марказга шу кунгача нафақат бошпанасиз, балки турли ижтимоий оғир вазиятда қолган шахслар ҳам мурожаат қилиб келиб келишмоқда. Мурожаат қилганлар, ихтиёрий равишда марказда яшаб қолади.

Бундай шахслар кийим-кечак, озиқ-овқат, зарурат бўлса доривор препаратлар билан таъминланади.

Марказга мурожаат қилганлар, биринчи навбатда тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ишлар кейинчалик ҳам давом эттирилади, албатта. «Агар марказга келган шахсда қандайдир касаллик аниқланса, биз унга даволаниб чиқиши учун ёрдамлашамиз. Йўлланма ёрдамида Тошкент шаҳри бўйича шифохоналарга жойлаймиз», — дейди Душаев ва пойтахтдаги бир нечта касалхоналарда бошпанасиз кимсаларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус палаталар жиҳозланганини қўшимча қилади.

Таъкидланишича, бошпанасизлар орасида нафақат тошкентликлар, балки вилоятдан келган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

«Бугунги кунда марказда жами 122 нафар фуқаро истиқомат қилади. Улар орасида Ўзбекистоннинг турли регионларидан бўлган фуқаролар бор. Масалан, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва бошқа вилоятлардан келганлари ҳам бор. Уларнинг барчаси Тошкентда зарурат туфайли келишган ва қайсидир сабаб туфайли, кўчада қолишган», — деб ҳикоя қилади подполковник Душаев.

Одатда, бошпанасизларнинг аксариятида ҳеч қандай ҳужжат бўлмайди. Шу боис, марказга мурожаат қилган бундай шахслар нафақат кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминланади, балки уларга ҳужжатларини тиклашларида ҳам ёрдам кўрсатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг