Тошкентдаги «Poytaxt parking» монопол ташкилот деб топилди
Рақобат қўмитаси ўрганишлардан сўнг жорий йилнинг 22 декабрь кунидан эътиборан «Streetpark Systems» МЧЖни (Poytaxt parking) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этди.
«Рақобат тўғрисидаги» қонуннинг 18-моддасига мувофиқ устун музокара кучига эга деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан қуйидаги ҳаракатлари тақиқланади:
товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;
истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги товарни ва лозим даражадаги сифатли товарни олишга бўлган ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйиш;
шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;
товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш;
шартнома тузишга фақат контрагент томонидан бошқа товарни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шарти билан розилик бериш;
тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;
товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун тўсиқлар яратиш;
нархларни давлат томонидан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар учун белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибини бузиш, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар ёки бепул кўрсатилиши керак бўлган хизматлар учун ҳақ олиш;
бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқарилган товарларни олишни ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 17 декабрь куни Тошкент шаҳри кўчаларининг 86 та участкасида пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун ўтказилган такрорий аукцион савдоларида 62,93 миллиард сўм — бошланғич баҳодан (57,2 млрд сўм) 10 фоизга кўпроқ таклиф қилган «Streetpark Systems» МЧЖ компанияси ғолиб деб топилган эди.
Маълумот учун, айни пайтда Рақобат қўмитаси «устун музокара кучига эга» деб топган компаниялар сони 68 тага етган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter