Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умумий амалиёт шифокорига бўлган вакансиялар тўлиқ қопланмоқда

Умумий амалиёт шифокорига бўлган вакансиялар тўлиқ қопланмоқда

Фото: «Спутник»

Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар олиб бориш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Xabar.uz»га хабар берди.

Ўрганиш натижасида вакант ўринлар аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йил январь ойида тиббиёт олий таълим муассасаларининг 7-босқич бакалавриат битирувчилари якуний давлат аттестациясидан ўтказилди ва улардан 1811 нафари умумамалиёт шифокори сифатида ишга йўлланма олди. Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида умумий амалиёт шифокорига бўлган вакансиялар тўлиқ қопланди.

Бундан ташқари, 926 нафар 2-босқич клиник ординатура битирувчиларидан 907 нафарини тор соҳа мутахассиси сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига тор доирадаги мутахассисларга бўлган вакансиялар яна қисқаради. Шунингдек, бу йил тиббиёт олий ўқув юртларида бакалавриатура йўналишида таълим олаётган 6-босқич талабалари ҳам ўқишни якунлаб, ишга йўл олади.

Яна бир янгилик — жорий йилдан бошлаб пенсия ёшидаги шифокорлар меҳнат фаолиятини давом эттирган тақдирда уларга ойлик маош ва пенсия тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.

Ўтказилаётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 82 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг