Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вашингтон кўчасидаги тиланчи

Вашингтон кўчасидаги тиланчи

Бизнинг ёшлик йилларимизда республикамиз вилоятларидан Тошкентга келиш ҳам бир воқеа эди. Масалан, мен 1964 йилда мактабни битириб, Тошкентга ўқишга бораман, деганимда барча қариндошларимиз, айниқса кексалар ҳайратга тушган: Тошкентга? Нима, Самарқандда ўқиш йўқми, дейишган. Гўё Тошкент дунёнинг нариги чеккасида.

Бугун Ер куррасининг исталган нуқтасига бориб келиш оддий ҳодиса бўлиб қолди. Одамлар пул тўлаб, космосга чиқиб тушяпти.

Ярим аср ичида дунё шундай ақл бовар қилмас даражада ўзгариб кетди. Илм-фан, техника тараққиётини ҳеч нима билан ўлчаб ҳам, солиштириб ҳам бўлмайди. Биргина интернет одамлар онгию тафаккурини қанчалар кенгайтириб юборди. Энди инсоният усиз гўё яшай олмайди. Уйқудан турибоқ телефон «титкилайди»,  дунёнинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқади. «Гугл» бобо истаган саволингизга бир зумда аниқ жавоб беради.

Бир вақтлар қишлоғимизга кино келиб қолса, гўё байрам бўлиб кетарди. Уни бирон-бир оқланган деворга ёки оқ сурпни деворга қоқиб кино қўйиб берарди киночи акалар. Бугунги ёшлар эртакка ишониши мумкин, аммо бу гапларга ишонмайди. Майли, бу ҳам яхши.

Бу гапларнинг даромади қаёққа боряпти, сезгандирсиз? 2001 йил март ойида Америка Қўшма Штатларида хизмат сафарида бўлиб қайтганимдан кейин мен ўзим туғилиб ўсган қишлоғимга бордим. 1964 йилда Тошкентга ўқишга боришимга ишонмаган одамлар (улардан айримлари ҳали ҳаёт эди) Америкага бориб келганимни эшитиб, пинагини ҳам бузмади. «Хўш, нима бўпти борган бўлсанг, суюнчи берайми?» дегандай мўлтираб турибди. Тўғри-да, бунинг нимаси қизиқ ёки янгилик?

Қўнишга аэродром қидираётган самолёт гоҳ пастлаб, гоҳ баландлаб учгани каби менинг ҳам муқаддимам чўзилиб кетди. Узр, азиз ўқувчи.

Энди гапнинг индаллосига ўтсак.

2001 йил март ойида Ўзбекистон ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси директори Тўйчи Аҳмедов билан АҚШга хизмат сафарига бордик. Асосий вазифамиз – Биринчи президентимизнинг «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида» китоби асосида ишланган ҳужжатли фильмнинг тақдимотини ўтказиш.

12 март куни Нью-Йоркда фильм тақдимотини ўтказдик. Фильм намойишидан кейин бир неча киши сўзга чиқди. Улар орасида Тошкентдан кетган Бухоро яҳудийлари, жумладан, Илёс Маллаев, Изро Малаков, Муҳаббат Шамаева ва бошқа санъаткорлар бор эди. Улар фильм ҳақида, айниқса, Ўзбекистон ҳақида тўлқинланиб, баъзилари кўзига ёш олиб гапирди. Ўзбекистонни, ўзбек халқини, ўзбекча таомларни соғиндик, деди. Илёс Маллаев менга «Иложи бўлса, ўзбек мақомларидан фильм-концерт қилиб берсангиз. Биз уларни соғинамиз. Бу ерда ўзимиз билганларимизни йиғилиб куйлаймиз. Бошқа ҳофизлар ижросидагилар ҳам бўлса дейман-да», деди.

Албатта, бу яхши таклиф, уларни тушуниш мумкин. Аммо мени бошқа масала ўйлантирди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўзга миллат вакилларидан баъзилари ўзларининг тарихий ватанига кета бошлади. Жумладан, яҳудийлар ҳам. Ўзбек халқи мустақилликни қўлга киритгандан кейин бирон-бир миллат вакилларига зуғум ёки босим ўтказгани йўқ. Ўз ватанига кетишни истаганлар кетди. Лекин юқорида мен эслаган санъаткорларни Америкага кўчиб кетишига нима мажбур қилди? Улар қайси ўзбекдан кам яшарди? Билишимча, турмуш шароити ҳеч кимникидан ёмон эмасди. Халқимиз уларни ҳурмат қиларди, ашулаларини севиб тингларди, иззат-ҳурмати жойида эди. Боз устига, АҚШ уларнинг асл ватани эмас-ку! Тўғри, қаерда, қайси мамлакатда яшаш ҳар бир инсоннинг шахсий иши, хоҳиши. Бироқ ўзининг ватани бўлмаган бир мамлакатда тинч-хотиржам, фаровон яшаб юрган одамнинг бошқа юртга кўчиб кетишида нима маъно, қандай мантиқ бор? Бунинг устига, олдинги жойида эл-юрт ҳурматида бўлган, янги келган жойида ҳеч ким танимаса!

Худди шу миллатга мансуб яна бир санъаткор – Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидовага танишлари кел, деб, даъват қилганда у рад этгани, ўлсам ўзимнинг ўзбекларим тепкилаб-тепкилаб кўмади, деганини эсласак, инсон боласи ҳар ишни қилишдан олдин ҳар томонини обдон ўйламоғи зарурлиги қанчалар тўғри эканига амин бўламиз. Дарвоқе, Америкага кўчиб кетган санъаткорларнинг баъзилари Ўзбекистон халқ артисти, айримлари хизмат кўрсатган артист унвонларига эга эди. Улар обрў-эътиборда ҳам, яшаш шароити бўйича ҳам Берта опадан яхши бўлса яхши эдики, ёмон эмасди. Берта опада туғилиб ўсган тупроғига садоқат, ўзини ардоқлаган халққа ҳурмат кучли эди. Мен опа ҳақида мақола ёзиш баҳонасида уйига бориб, суҳбатидан баҳраманд бўлган эдим.

Бизнинг халқимиздай бағри кенг, кечиримли халқ яна борми-йўқми, билмадим. Президентимизнинг ташаббуси билан 2018 йилда Изро Малаковга Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди. Аллоҳ халқимизни кечиримли бўлишдан қўймасин. Бунинг ҳам ўз ажри бор, иншоаллоҳ...

Нью-Йоркда мени энг хурсанд қилган, кўнглимни кўтарган нарса – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг биноси олдида давлатимиз байроғи ҳилпираб турганини кўриш бўлди. Тўғри, Нью-Йорк – жаҳондаги энг катта, нуфузли, дунёдаги барча мамлакатлар фуқаролари лоақал бир марта боришни орзу қиладиган шаҳар. Бу ердаги Метрополитен музейи, Озодлик ёдгорлиги, Эгизак бинолар, дунёга машҳур Бродвей, гўзал парклар ва бошқа иншоотлар, аҳолининг турмуш тарзи ҳар кимнинг ҳавасини келтиради. Биз буларнинг барини кўрдик, ҳаяжонландик, таъсирландик, нималаргадир ҳавас қилдик. Аммо ҳаммаси жаҳоннинг бош халқаро ташкилоти ҳисобланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олдида жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мағрур ҳилпираётганига фахр ва ғурур ила қараб туришдаги қувончу ҳаяжон олдида ҳеч нарса эмас эди. БМТга аъзо икки юздан зиёд давлат байроқлари орасида мен учун энг чиройлиси, энг гўзали, энг жозибалиси Ўзбекистон байроғи эди. Гўё бу байроқни биринчи марта кўраётгандай узоқ термилдим. Яшил, кўк, қизил, оқ рангларига, ўн икки юлдузга, ҳилолга маҳлиё бўлиб қарадим. 1992 йил 3 мартдан буён бизнинг давлат байроғимиз дунёнинг манаман деган давлатлари байроқлари қаторида савлат тўкиб турибди. Бу – истиқлол шарофати, мустақиллик натижаси. Бу кунларга етиш учун не-не улуғ аждодларимиз қурбон бўлди. Байроғимиздаги қизил ранг Ватан, миллат озодлиги, эрки учун курашган, шу йўлда азиз жонидан кечган ўша боболаримиз қонининг ифодасидир. Шу байроқ мана шу ерда ҳилпираб тургани учун ҳам биз Нью-Йоркда юрибмиз, давлатимиз раҳбарининг китоби асосида ишланган ҳужжатли фильмни Нью-Йорк, Вашингтон аҳлига кўрсатмоқдамиз. Фильм баҳона мамлакатимизнинг истиқлол йилларида эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беряпмиз.

Бундан қувонмай, ҳайратга тушмай бўладими?!

Ўша кунлар ҳаётимнинг энг унутилмас кунлари сифатида сира хотирамдан кўтарилмайди. Бу воқеаларни, БМТ олдидаги байроғимиз тагида суратга тушган онларни ҳар гал эслаганимда тўлқинланиб кетаман, қалбим фахр-ифтихорга тўлиб-тошади. Ва Аллоҳдан мустақиллигимизни абадий қил, юртимизни ёмон кўзлардан ўзинг асра, деб илтижо қиламан.

Албатта, ҳар бир давлатнинг юзи – унинг пойтахти. Шу боис АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрига йўл олдик. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида фильм тақдимотини ўтказдик.

Вашингтонда энг машҳур бино – Капитолий. Янги сайланган президентлар шу ерда қасамёд қабул қилади, сўнгра Оқ уйга ўтади.

Шаҳар кўчаларида одатдаги машрутларда қатнайдиган автобусларга ўхшамаган автобусларга кўзим тушди. Сариқ рангдаги бундай автобуслар мактаб ўқувчиларини олиб юрар экан. Ёнига «Мактаб автобуси» деб ёзилган. Улар мактаблар учун махсус ишлаб чиқарилган, зирҳланган бўлиши ҳам мумкин, дейишди. Умуман, АҚШда болаларга алоҳида эътибор билан қарашади. Хиёбонда ёки болалар майдонларида ўйнаб юрган болаларни ота-онаси ортиқча койиши мумкин эмас, полиция танбеҳ беради, ҳатто жарима солади. Уриш ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас.

Биз болажон миллатмиз. Фарзандларимиз одобли бўлишини истаймиз. Лекин тарбияда қаттиққўлликни баъзан жуда ошириб юборамиз. Натижада болаларимиз кўпинча ҳаддан зиёд тортинчоқ, айрим оилаларда муте бўлиб ўсади, ўз фикрини айтишдан тортинади, ҳатто қўрқади. Бу, табиийки, боланинг келажагига салбий таъсир қилади. Бугун – ХХI асрда масаланинг бу жиҳатлари ҳақида ҳам жиддийроқ ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди.

Демак, дунё билан интеграциялашаётган замонда ўзгалардан бошқа соҳалар қатори таълим-тарбия борасида ҳам ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлар борлигини унутмаслигимиз лозим. Аммо булар ўзлигимизни унутиш, миллий урф-одатларимизни оёқ ости қилиш, хусусан, она тилимизни менсимаслик ҳисобига бўлмаслиги зарур. Зинҳор-базинҳор бунга йўл қўймаслик керак. Тан олишимиз керак, биз кўпинча ё у томонга, ёки бу замонга ўтиб кетамиз, ўрта йўлни топишга қийналамиз ёхуд эринамиз. Осон, енгил йўл ҳар доим ҳам яхшиликка элтавермайди, камолот, мукаммалликка машаққат билан эришилади. Шуни унутмасак бас.

АҚШ пойтахтида бир воқеа эсимда қолган. Тўйчи билан шаҳар кўчаларини айландик. Бир жойда, кўча бўйида бўйинбоғ сотишаётган экан. Қизиқиб кўра бошладик. Шу маҳал кекса бир киши – тиланчи келди олдимизга. Кепкасини кўрсатиб, имо-ишора қилди. Кепка ичида бир, икки доллар, балки ундан йирикроқ пуллар бор эди. Узоқ юртларда, мусофирчиликда юрибмиз, садақа қилай, деб чўнтагимни кавладим. Майда пул йўқ экан. Табиийки, йирик пулларни беролмайман. Бошқа чўнтагимни кўрдим, танга пуллар, яъни, центлар чиқди, қанчалигини билмайман. Шу центларни унинг кепкасига ташладим. Бояги киши буни кўриб, авзойи бузилди, жаҳл билан кепкасини ерга урди. Ичидаги пуллар ҳар ёнга сочилиб кетди. Сездимки, шуни берасанми, деб жаҳли чиқди. Менинг кулгим қистади. «Эй, ошна, ўзим центни центга улаб юрган бўлсам юртингда, сенга эллик доллар берсам, кейин нима қиламан?» деб кулдим. Албатта, у менинг гапимни тушунмади, аммо юз ифодамдан, аниқроғи, кулганимдан баттар жаҳли чиқди. Тўйчининг билагидан ушладим, юр, тезроқ кетайлик бу ердан, ҳозир бир балога гирифтор бўламиз, дедим ва йўлимизда давом этдик. Бой мамлакатнинг гадойи ҳам бой бўлади шекилли-да. Унча-мунчани менсимайди.

Юқоридаги воқеа 60-йилларда Тошкентда бўлган бир воқеани эсимга солди. Тошкент давлат университети ҳозирги юридик университет биносида эди у пайтда. Биз шу бинода ўқирдик. Ёзнинг жазирамасида скверга (ҳозирги Амир Темур хиёбони) чиқиб, салқинда дам олардик. Бир яҳудий аёл газли сув сотарди, сироп қўшилгани уч тийин, сиропсизи бир тийин бўларди. Уч-тўрт курсдош шу бир тийинлик сувдан ичиб тургандик, тиланчи келди. Мен беш тийин бердим. Уялмайсанми беш тийин беришга, деса бўладими! Талаба бўлсам, ўзимдан уч тийинни қизғаниб, сиропсиз бир тийинлик сув ичиб турган ҳолда гадойга беш тийин берсаму, раҳмат дейиш ўрнига, мени уялтирса! Ё тавба. Ўзи ҳирсдай, кўринишидан соппа-соғ, тиланчилик қилишдан уялмайди-ю, беш тийин берган талабани уялтиради.

Вашингтондаги тиланчининг қилиқларига қараб, барчасининг лойини бир жойдан олармикан, деган фикрга бордим...

Хуллас, ҳар қандай мамлакатда, ҳар бир миллатда бошқалар ўрганса арзигулик жиҳатлар бор. Шу билан бирга, жонажон Ўзбекистонда туғилиб, шу заминда яшаётганимиздан, ўзбек эканимиздан фахрланадиган, ғурурланадиган томонлар кўп. Зеро, ҳаммаси таққосда яққол намоён бўлади. Фақат ҳар бир ҳодиса, воқеа, урф-одат ва анъанага теран фикр, зийрак ақл, ўткир кўз билан қараш даркор...

Маматқул Ҳазратқулов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг