Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент виртуал қабулхонасида энди сохта рақамлар ва мурожаатларга йўл қўйилмайди

Президент виртуал қабулхонасида энди сохта рақамлар ва мурожаатларга йўл қўйилмайди

Скрин: Президент виртуал қабулхонаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, 1 февралдан тест режимида ишга туширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Энди порталда фуқаролар мурожаат йўллашдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, мурожаат маданиятини юксалтиришга туртки беради.

Шу пайтга қадар айрим мурожаатчилар томонидан мурожаат юбориш жараёнида бошқа шахсларга тегишли бўлган ёки умуман мавжуд бўлмаган телефон рақамини кўрсатиш, бошқа фуқаролар номидан мурожаат юбориш ҳолатлари учраб турарди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш муайян вақт ва ресурсларни талаб қилишини, аниқ мақсадсиз мурожаат учун сарфланган вақтни бошқа асосли ариза ёки шикоят устида ишлашга йўналтирган ҳолда муаммони ҳал қилиш фуқаролар учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканидан келиб чиқиб, янги тизимда мобиль телефон рақамини тасдиқлаш механизми жорий этилди.

Бунда мурожаатчи махсус мурожаат шаклига ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Бу барча давлат органларининг виртуал қабулхоналари фаолиятига татбиқ этилади.

Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорлар ўз мурожаатлари кўриб чиқилишининг жорий ҳолатини исталган вақтда базага махсус рақамни киритиш йўли билан текшириб кўриш имкониятидан фойдаланиб келаётган эди. Янги талқиндаги тизимда мурожаатнинг қабул қилингани ва назоратдан ечилгани тўғрисида тасдиқланган мобиль телефон рақамига СМС-хабарнома юборилиши йўлга қўйилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг