Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«VisitUzbekistan» журнали америкалик муҳаррирни ишга олди

«VisitUzbekistan» журнали америкалик муҳаррирни ишга олди

Бухоро вилояти ҳокимлиги, маданий мерос бошқармаси кўмагида вилоятда «VisitUzbekistan» журналининг махсус сонига бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди.

Журнал таъсисчиси бўлган Dinara&Cо нашриёти ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб келаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу қадимий шаҳарга икки кунлик ташриф билан келишди. Ушбу саёҳат Visit Uzbekistan Partnership уюшмасининг навбатдаги тақдимоти бўлиб, шу пайтгача бундай учрашувлар Сингапур, Лондон, Деҳли ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган.

Икки кун давомида меҳмонлар санъат, маданият ва инвестиция муҳити билан танишишди.

Акбар Ҳакимовга тегишли сўзана ва миллий матолардан иборат хусусий коллекция, Bonum Factum ва Швейцария ҳамкорлик бюросининг Art Residence лойиҳаси доирасидаги замонавий санъат кўргазмаси, Давлат Тошевнинг Устоз-шогирд амалий санъат мактабида миниатюралар кўргазмаси, Оши сўфи тайёрлаш бўйича мастер класс шулар жумласидандир. Меҳмонлар минораи калон манзараларида тошкентлик ва бухоролик дизайнерлар Марҳамат Умарова, Ирина Шарипова ва Нодир Расулов (зардўзлик) коллекциялари билан ҳам танишди.

Жорий йилда журнал ички туризм ва вилоятлар ҳақидаги сонларини тайёрлай бошлади. Хусусан, Visit Uzbekistan нинг 25-сони Тошкентга бағишланган бўлиб, унинг саҳифаларида пойтахтнинг кўплаб ижодкорлари ва ноёб манзилгоҳлари ҳақида сўз боради.

Ноябр ойида «VisitUzbekistan» журнали америкалик журналист Меган Ивсни муҳаррир ва халқаро маслаҳатчи сифатида ишга таклиф қилди. Бухорога бағишланган махсус сон эса Меган иштирокидаги биринчи журнал сони бўлди. Бундан аввал Меган Ивс Lonely Planet муҳаррири бўлиб ишлаган. У CNN, BBC телеканаллари, Independent ва Culture Trip нашрлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. 15 йиллик тажрибаси давомида Меган 60 та китоб лойиҳаларида иштирок этиб, саёҳатнома ва туризм мавзуларида катта обрўга эга бўлган. Дублиндаги Сити Университети битирувчиси бўлиб, Меган Хитойдан Техасгача дунё кезган.

– Ўзбекистон ажойиб мамлакат, менга жуда ёқади, – дейди Меган. – Биз унинг очилмаган қирраларини халқаро ҳамжамиятга танитишни давом этмоқчимиз. «VisitUzbekistan» каби ажойиб журналда ишлаш ва Dinara&Cо жамоасида бўлиш имкониятидан жуда хурсандман. Журнал жамоаси яхши натижа кўрсатиб келмоқда. 26-сонини дунёнинг 14 тилида нашр этди. Чет элларда мустаҳкам обрўга эга бўлди.

Яқин орада VisitUzbekistan.cо веб-сайтининг ишга туширилиши кутилмоқда. У ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун инглиз тилидаги етакчи ахборот манбаига айланиши кутилмоқда. Веб-сайт устида Буюк Британиялик мутахассислар иш олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг