Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хон саройи, масжид, қамоқхона ва мактаб — Қаршидаги бир обида тарихи

Хон саройи, масжид, қамоқхона ва мактаб — Қаршидаги бир обида тарихи

Фото: Xabar.uz

Навтак, Евкратидея, Нахшаб, Насаф, Қарши...

Қашқадарё соҳилида жойлашган бу шаҳар 2700 йиллик тарихи давомида нималар кўрмади — сўғдлар асос солди, юнонлару араблардан тортиб, мўғулларгача босиб олди. Вайрон қилинди, бузилди, ёқилди — у эса култепалар аро яна бош кўтариб чиқаверди.


Шаҳар марказидаги «Одина» масжидининг қисмати ҳам шаҳар тарихига жуда ўхшайди...

Бу ерда бир вақтлар, XIV асрнинг бошларида мўғул хони Кебекхон томонидан сарой қурилган. Аслини олсангиз, Қарши шаҳрининг номи ҳам ўша «сарой»дан олинади — мўғул тилида «қарши» сўзи сарой маъносини билдирарди.


Кейинчалик, орадан бир аср ўтгач шайбонийлар авлодининг буюк вакили Абдуллахон II шу жойда масжид қурди. Масжидда ўтган асрнинг 30-йилларига қадар ҳам намоз ўқилди, жума ибодатлари адо қилинди. Айнан ўша даврга келиб шўроларнинг зулми ошгандан ошади ва масжид эшигига қулф осилди.

Шундан сўнг масжид тарихида қора кунлар бошланди. Бир муддат омборхона вазифасини ўтади, кейин эса қамоқхонага айлантирилди. Мустақиллик йилларида қамоқхона бошқа жойга кўчирилди, аммо тарихий обидага эътибор жуда кучли бўлди, деб айтиш қийин. Моддий-маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олиндию, бошқа иш қилинмади.


Ҳаммаси 2019 йилнинг 27 декабрида ўзгариб кетди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда ёшлар томонидан Қашқадарёда заргарлар мактабини очиш таклифи берилди. Президент бу таклифни қўллаб-қувватлади ва миллий заргарлик мактабини очиш ҳақида топшириқ берди. Яқинда мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ерда нафақат заргарлар, балки ҳунармандчиликнинг турли соҳаларини кўриш мумкин.

Яна бир эътиборли томони — 2018 йилнинг сентябр ойида Шаҳрисабзда мақом фестивали бўлиб ўтган эди. Кузатишларга кўра, шундан сўнг Қашқадарёга туристлар ташрифи тўрт баробарга ошди. Бу эса ҳунармандчилик ривожига ҳам катта туртки бўлиб хизмат қилди.


Дилноза Тўраева — мажмуада фаолият юритаётган ҳунармандлардан бири. У тиккан кашталар сайёҳлар орасида жуда машҳур. Аммо яқингача ҳам маҳсулотини Хоразмга олиб бориб сотишга мажбур бўларди. Чунки сайёҳлар учун асосий маршрут Самарқанд-Бухоро-Хива йўналишида чекланиб қолганди.

— Мақом фестивали жонимизга оро кирди, аввал Хоразмга қатнашга мажбур бўлардик. Энди тикканимиз ўзимизда сотилиб кетяпти, — дейди Дилноза Тўраева.


У гапга жуда чечан, ўзи бўладими, 5 ёшидан сайёҳлар орасида юради. Ҳунарни ҳам, маркетинг юритишни ҳам онаси Саодат Низомовадан ўрганган. Дилноза бешта тилда савдо қила олади — италиялик келса италянча, француз билан французча, инглиз билан инглизча, немис билан немисча ва япон билан япон тилида суҳбатлашади.

— Ҳар қандай одам ўз она-тилини эшитса яйраб, эриб кетади. Айниқса чет элда юрганида. Чўнтагидаги пулини чиқарганини билмай қолади, — дейди кулиб Дилноза Тўраева. — Агар сайёҳлар дўконимга кирсаю, ҳеч нарса олмай чиқиб кетса, худди менинг пулимни олиб чиқиб кетаётгандек туюлади. Шунинг учун ҳар бирига ширин муомала қиламан, ишимни чиройли қилиб кўрсатаман.


Ҳозирда Дилноза Тўраеванинг бир мақсади бор — каштачиликда роса асқотадиган канава матосини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Ҳозир бу мато Хитойдан келтирилмоқда. Агар уни ўзимизда чиқариб бошласак борми...

Қарши шаҳрига келганингизда «Одина» масжидига ҳам бир кириб ўтиб кетинг. Шу ерда ўтганлар ҳаққига дуо қилинг, ҳунармандларнинг ажойиб меҳнатидан баҳра олинг. Афсусланмайсиз...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг