Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

ДХХ Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушлангани ҳақида хабар берди.
Бухоро шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилган шахс (1997 й.т.) ўзини сайёҳлик фирмаси вакили деб таништириб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқаронинг ишончига киради.
Сўнгра Хорватияда танишлари борлигини айтиб, уларни ишчи виза асосида шу мамлакатга ишга юборишга ваъда бериб, эвазига 6 000 АҚШ доллари сўрайди.
ДХХ Тошкент шаҳри бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган маблағдан 3 000 АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланган.
Шу каби фирибгарлик Наманган вилоятида ҳам қайд этилган: Наманган шаҳрида яшовчи шахс (1999 й.т.) алдов йўли билан 3 нафар ҳамшаҳрининг ишончига киради.
У Хорватияда ишловчи акасининг кўмагида уларни ушбу мамлакатга ишлаш учун юборишга ваъа бериб, эвазига ҳар биридан 2 600 доллардан, жами 7 800 АҚШ доллари сўрайди.
Янги Наманган туманида ушбу пул маблағидан 3 900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан қўлга олинган.
Иккала қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter