Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Содда тилда айтганда. Янги виртуал қабулхона олдингисидан қандай фарқланади?

Содда тилда айтганда. Янги виртуал қабулхона олдингисидан қандай фарқланади?

Скрин: Президент виртуал қабулхонаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, бугун, 1 февраль куни тест режимида ишга туширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Президент виртуал қабулхонасининг янги талқинида мурожаатчи ўз хоҳишига кўра, шахсий кабинет очиши мумкин. Бунинг учун жисмоний шахс рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаролик паспортида кўрсатилган шахсий идентификация рақамини ҳам киритиши керак. Бу — мурожаат қилувчи учун идентификациялаш (электрон гувоҳнома) имконияти бўлиб, катта қулайлик яратади.

«Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад — фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда максимал қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда жамлашдан иборат.

Виртуал қабулхона тизимида фуқаролар киритган маълумотларда (исм-фамилия, туғилган йили, яшаш манзили ва ҳоказо) турли хатоликлар учраб турарди. Натижада, дейлик, айни бир шахс юборган бир нечта мурожаатлар тарихини ўзаро боғлиқликда ўрганишда қийинликларга дуч келинарди. Мурожаатчи билиб-билмай ўзи ҳақидаги маълумотларни киритишда хатога йўл қўйса, тизимда буни аниқлаш механизми мавжуд эмас эди.

Шу пайтгача ҳар бир мурожаатни топиш учун унинг рақами, мурожаатчининг тўлиқ исм-шарифи, манзили, мобиль телефон рақамини базага киритиб, излаш керак эди. Мурожаатчи учун ўзининг барча мурожаатлари ҳаракатини бир жойда кўришнинг иложи йўқ эди. Мурожаатчилар эса бир масаладаги турли мурожаатлари ва уларга йўлланган жавобларни, одатда қоғозга чоп этилган ҳолатда сақлайди. Буларнинг барчаси мурожаатчилар учун ҳам, мурожаатлар билан ишлашда ҳам ноқулайлик, ортиқча вақт ва куч сарфлашни тақозо қилиб келаётган эди.

Скрин: Президент виртуал қабулхонаси

Шу пайтгача мурожаатчилар янги мурожаат юборишда персонал маълумотларни такроран киритиши лозим эди. Энди мурожаатчи ўз шахсий кабинетига кириб, персонал маълумотларни бир марта киритса, бўлди — кейинги барча амалларни бажаришда шу маълумотлар тизимга автоматик юкланиб бораверади. Мурожаат юбориш учун ҳар сафар персонал маълумотларни янгидан киритишга зарурат қолмайди.

Ўз навбатида, ариза, шикоят ва таклифларнинг фуқаролар шахсий паспорт маълумотлари билан тасдиқланиши мурожаатчилар шахсини аниқлаш ишончлилигини таъминлайди. Шахсий кабинет орқали шахснинг давлат органлари билан бўлиб ўтган барча ёзишмалари (барча мурожаатлар ва жавоб хатлари) бир жойда, қулай тартибда жамланади ва керакли мурожаат жавобини излаб топиш осонлашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг