Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёлғиз кекса шахслар «Инсон» марказларида тиббий кўрикдан ўтказилади

Ёлғиз кекса шахслар «Инсон» марказларида тиббий кўрикдан ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2023 йилдаги «Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 539-сон қарори қабул қилинди, деб хабар берди «Норма».

Ҳужжат билан белгиланишича:

  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • ижтимоий ходимларга фуқаролардан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам  тайинлаш бўйича аризаларни қабул қилиш ваколати берилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади. Бунда таҳлил қилиш маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида акс эттириб борилади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик танловининг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган ижтимоий ходимлар давлат олий таълим муассасаларига «Ижтимоий иш» мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизими ишга туширилади. Ҳар бир фуқаро (оила) учун ижтимоий тўловлар ва имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамлар «Ижтимоий ҳимоя» АТда рўйхатга олинади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан:

  • 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади;
  • 2023 йил 15 ноябрга қадар Агентликнинг тизимига кирадиган ташкилотларга тегишли бино ва иншоотларга ижтимоий ҳимоя йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини, заруратга кўра, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чоралари кўрилади;
  • 2023 йил 1 декабрга қадар тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш натижасига кўра ногиронлиги бўлган шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади;
  • 2024 йил 1 январга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга мўлжалланган «Ишонч телефони» рақами ишга туширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.10.2023 йилдан кучга кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг