Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёввойи табиат, қор қоплони, қўнғир айиқ ва осмон – Ҳисор қўриқхонаси ҳақида (видео)

Ёввойи табиат, қор қоплони, қўнғир айиқ ва осмон – Ҳисор қўриқхонаси ҳақида (видео)

Инсон табиатдан анча узоқлашиб кетди. Бугун биз ёввойи табиат нима эканлигини деярли билмаймиз. Айиқ қувса нима қилиш керак? Дунёда 5-6 мингтагина қолган қор қоплони одамга кўринадими? Силовсин нима овлаб кун кўради? Қизил суғурнинг ноёблиги нимада? Умуман, бу ҳайвонлар қандай жойларда кун кечирадилар? Биз бу саволларнинг жавобини билмаймиз.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ҳисор давлат қўриқхонасига борганимизда саволларимизга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Олдинга ўтиб айтамиз, сафаримиз бироз оғир, бироз хатарли, аммо жуда қизиқарли бўлди.

Афсонавий Ғилон
Қўриқхона ҳақида гапирилганда, аввало афсонавий Ғилон қишлоғига ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Бу ерга туризм қишлоғи номи берилган, ўзи ҳам шунга яраша эртакмонанд жой. Атрофи баланд тоғлар билан қуршаб олинган Ғилонга бориш осон эмас. Аммо жуда завқли. Илгари йўллар асосан тошлоқдан иборат бўлгани учун Шаҳрисабздан 85 километрлик масофа 3-4 соатда босиб ўтиларди. Туризм ривожлангани сари юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам йўл яхшиланиб боряпти, Ғилоннинг йўли ҳам анча текисланиб қолган.

Тоғлар бағрига киргандан сўнг эса ҳақиқий машаққат бошланади. Йўлтанламас машиналардан бошқаси юра олмайдиган йўл текис эмас, уловимиз бир томонга қийшайиб боради. Исталган вақтда машина пастга тойиб кетадигандек тасаввур пайдо бўлади.

Ҳайдовчимиз ёш бўлсада анча тажрибали, машинани дадил бошқариб кетади. Бизга ҳамрохлик қилаётган қўриқхона ходимлари эса бу йўлларда юравериб кўникиб кетган. Ҳеч нарсага парво қилмай кетадилар. Биз эса бироз қўрқамиз.

Қўриқхона
Ҳисор қўриқхонаси – Ўзбекистондаги энг йирик қўриқхоналардан бири бўлиб, унинг майдони 81 минг гектарни ташкил этади.

Тоғлар жуда мафтункор. Шу билан бирга бироз қўрқинчли ҳам.

Бу тоғларнинг тарифини ўз вақтида шоир Ойбек келтириб қўйган - ваҳший тоғлар. Аммо одамлар тоғдан кўра ваҳшийроқ бўлиб чиқди, агар шу чўққилар бўлмаганда қизил китобга киритилган ҳайвонлар қирилиб кетган бўларди.

Хозир Ҳисор давлат қўриқхонаси ўз бағрида минглаб ноёб жонзотларни асраб келмоқда.

Қўриқхонанинг мард, фидойи ва меҳнаткаш ходимлари ўтказган охирги саноқ натижаларига кўра, бу ерда:

- 177 та Тян Шан қўнғир айиғи;
- 52 та Қор қоплони;
- 3850 та Сибир тоғ эчкиси, яъни халқимиз тили билан айтганда кийик;
- 4320 та ноёб қизил суғур;
- 837 та тулки;
- 981 та тўнғиз;
- 76 та бўри;
- 191 та силовсин;
- 449 та жайра;
- 28407 та каклик;
- 1114 та ҳилол каклиги;
- 4015 та қуён яшаб, кун кўриб келмоқда.

Шунингдек Ҳисор тоғ қўриқхонаси осмонида:

- 138 та Қора ғажир;
- 161 та оқбош қумой;
- 150 та Болтаютар.

Ва халқимиз томонидан жуда ардоқланадиган 162 та Туркистон бургути каби йиртқич ва ноёб қушларни кўриш мумкин.

Қор қоплони
Бу жонзотларнинг ҳар бири бизнинг фахримиз. Масалан, қор қоплонини олайлик. Мушуксимонлар оиласига кирувчи бу жонзот бутун дунё бўйлаб ардоқланади.

Қор қоплони - энг юқори чўққиларда яшайди, унинг изини денгиз сатҳидан 6 минг метр юқорида бўлган жойларда учратиш мумкин.

Қор қоплони шу қадар юқорида яшайдики, у бургут, оқбош қумой ёки бошқа йиртқич қушнинг уясини тортиб олиб, ўзига ин қилиши ҳам мумкин. Яшаш муҳити имкон берган ҳолатда эса 1.5-3 минг баландликкача тушиб келади. Ўтиб бўлмас баланд тоғлар, чўққилар, тошлар - қор қоплонининг дунёси ҳисобланади.

Қор қоплони ҳисобини юритувчи қўриқхона ходимлари ҳам шундай жойлардан юришга мажбур бўладилар – у қолдирган ҳар бир нарса - қордаги панжа изи, буталардаги тирноқ изи, ҳатто қор қоплони қолдирган аҳлат ҳам махсус китобга қайд этиб борилади.

2023 йилда Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходимлари тоғ тошлар бўйлаб қор қоплони изидан юзлаб километр юрдилар ва ўнлаб фотоқопқонга тушган ноёб кадрларни ўргандилар. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига бугун биз ҳам ўша кадрларни кўришимиз мумкин.

Қўнғир айиқ
Қўриқхонадаги яна бир ноёб йиртқич ҳайвон эса – Тян-Шан қўнғир айиғи ҳисобланади. У анчагина йирик ҳайвон - тана узунлиги 2 метрдан ошиқроқ, вазни эса 200 килограммгача бориши мумкин.

Қўнғир айиқ арчазор ва мевазор тоғли ҳудудларни хуш кўради. Емиши эса ҳамма нарса бўлиши мумкин - ўт ўлан, мева-чевадан тортиб, арчаларнинг донигача истеъмол қилади. Шу билан бирга қўнғир полвон гўштни ҳам жуда хуш кўради, майда ҳайвонлардан тортиб тўнғизгача овлаб ейиши мумкин.

Айиқнинг ўзига ҳос хусусиятларидан бири, у қишда 5-6 ойлик уйқуга кетади. Қизиқ жиҳати - она айиқ айнан шу вақтда болалайди. Айиқ одатда бир ёки иккита бола кўради, улар жуда кичкина, нари борса 300 граммлик бўладилар ва қишдан чиққунча она сути билан кун кўрадилар.

Баҳорда она айиқ болаларини эргаштириб инидан чиқади. Бу вақтга келиб айиқчалар 3-5 килограммли бўлиб қоладилар. Кузгача эса она айиқнинг қарамоғи остида мева-чева ва гўшт еб, 30 килограммлик айиқларга айланадилар.

Бизнинг мақсадимиз қўриқхонадаги ноёб ҳайвонларни кўриш ва кўрсатиш. Жуда бўлмаганда ўша жонзотларнинг яшаш ареоли билан танишиб чиқишни истаймиз.

Айиқ қувса...
Қўриқхона ходимлари билан кенгашиб олгандан кейин юрар маршрутимизни аниқлаб оламиз. Бу ёғи энди омадга боғлиқ.

Қўриқхоначилар ҳаёти анча саргузаштларга бой бўлади. Масалан, йўлбошчимиз Содиқни ўтган ёзда мана шу даралар ичида айиқ қувлаган. Бу ҳақда унинг ўзи камерага айтиб беришга истиҳола қилади, аммо микрофонлар ўчган вақтда бизга ҳазиломуз айтиб берди.

Хуллас, Содиқ қўриқхона ҳудудини кўздан кечириш вақтида чарчаб, бироз дам олиш учун тўхтайди. Шу вақтда ортидан ҳарсиллаган овоз эшитилади, ўгирилиб қараса, айиқ полвон югуриб келяпти. Бундай вақтда тажрибасиз одам шошиб қолиши турган гап, аммо қўриқхоначилар айиқни ортга қайтаришнинг йўлини яхши билишади, шунчаки шовқин кўтариб, уни ҳуркитиш керак. Бунинг учун эса кўпчилик бўлиш лозим.

Айнан шу сабабга кўра қўриқхоначилар ҳеч қачон кузатув ишларига ёлғиз чиқмайдилар. Кўплашиб, ҳай-ҳайлашиб айиқни тўхтатиб қоладилар.

Айиқ воқеаси билан боғлиқ мутойибадан сўнг яна йўлимизда давом этамиз.

Излар...
Тез орада кийиклар ва бир жуфт силовсин қолдирган изга кўзимиз тушади. Тажрибали йўлбошчиларимизнинг айтишича, икки уч кунлик из экан бу, аввал бир тўда кийиклар ўтган, уларнинг ортидан эса силовсин кузатиб келган. Ов тақдири қандай бўлганини эса афсуски биз била олмаймиз. Жонзотлар ўзини кўрсатишни ёқтирмайдилар, яхши ҳамки фотоқопқонлар бор. Улар орқали ёввойи табиат ҳаёти билан танишиб бориш мумкин.

Юрган йўлимиздан бот-бот ҳайвонлар излари чиқиб туради. Аммо изини кўрсатган жонзотнинг ўзидан дарак йўқ. Қиш ёввойи ҳайвонлар сув ичиш учун сувлоққа мунтазам келмайдилар. Бу эса уларни муқаррар кўриш мумкин бўлган ягона чора.

Ишимиз оғирлашади, йўл бошловчиларимиз ҳам кийиклар нимага кўринмаётганини тушунтиришга уринадилар.

Кузатишлар наф беравермагач, ижодий гуруҳимиз иккига бўлинишга қарор қилади.

Бир гуруҳ сувлоқни кузатишда давом этади, иккинчи гуруҳ эса Тян Шан қўнғир айиғининг яшаш ареолини ўрганиш учун йўл олади.

Айиқ макони
Тоғда юқорига юриш оғир ва хавфли, айниқса тошли жойлардан юришга эхтиёт бўлиш керак. Чунки тош сирпанади, бизга йўлбошчилик қилган ходимлар бир неча бор огоҳлантирадилар.
Юриш биз учун осон бўлмайди. Уриниб, суриниб, илгарилаб борамиз.

Ниҳоят айиқлар яшайдиган ҳудудга яқинлашамиз. Бу ерда Тян Шан қўнғир айиғининг бир нечта ини бор, у ўша ерда қишки уйқуга кетган.

Биз эса айиқнинг баҳорги, ёзги жойларини ўрганамиз. Бу ерларда хозир юрса бўлади, аммо кўклам келгач яна эгаси - айиқ полвон қайтиб келади. Ёзда бу ерларга чиқиш ўта хавфли, яхшиси узоқдан айланиб ўтган афзал.

Ниҳоят, айиқнинг инига етиб келамиз. У ерга бундан ортиқ яқинлашиб бўлмайди, қўнғир полвон шу ерда уйқуни уриб ётибди.

Ортга қайтиш
Ортга қайтишга чоғланамиз. Бу ҳам осон эмас, аввалгидан кўпроқ эҳтиёткорлик лозим. Тоғда юқорига ўрлашдан пастга эниш хавфлироқ.

Сув музлаган, ҳаво тобора совуб бормоқда.

Излар, яна излар. Аммо ҳайвон ўзини кўрсатмайди. Ким билади дейсиз, қор қоплоними ёки бирор силовсин мана шу тошлар орасидан бизни кузатиб тургандир.

Биз эса музда тойина тойина яна из топамиз.

Излар бор, аммо уларни қолдирган жонзотлар бизга кўриниш бермаслиги тайин. Шунинг учун ҳам ёввойи табиат бу.

Ортга қайтиш фурсати етди. Тоғлар эса ўз ҳаёти билан яшашда давом этади.

Қўриқхона осмони
Ғилонга келиб билдикки, қўриқхонада нафақат ҳайвонот ва наботот дунёси, флора ва фауна, балки мана шу юлдузлари бор осмон ҳам қўриқланаркан. Бунақа тиниқ осмонни болаликда, ҳали экология анча тоза, табиат эса инсонга хозиргидан кўра яқинроқ бўлган вақтларда кўрардик.

Ғилонда юлдуз кўкда узиб олгудек даражада яқин кўринади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг