Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Фото: «Belta.by»

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонда келтирилишича, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.

Фармонда талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилгани ва тергов олиб борилаётгани маълумот учун келтирилган.

Президент фармонида Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгиланган.

биринчидан, божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, шунингдек, божхона органлари марказий ва ҳудудий маҳкамаларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил қилишда соҳавий тузилмаларнинг мувофиқлаштирувчи роли ва услубий кўмагини кучайтириш;

иккинчидан, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

учинчидан, Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш;

тўртинчидан, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемалари ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, ўрганиш ва умумлаштириш орқали божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш, бюджетнинг даромад қисмини ошириш;

бешинчидан, «ялпи» божхона назоратини ўтказишдан ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини берувчи хавфни бошқариш тизимига ўтиш;

олтинчидан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш;

еттинчидан, божхона органлари барча таркибий тузилмаларининг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

саккизинчидан, хорижий давлатларнинг божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, божхона иши соҳасида илғор тажрибани, халқаро норма ва стандартларни тизимли ўрганиш ва жорий қилиш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг