Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Алишер Шодмоновга ҳайфсан берилди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Алишер Шодмоновга ҳайфсан берилди

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Коронавирус касаллиги юртимизга кириб келганидан бери давлатимиз раҳбари эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олиб, деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага тўхталиб ўтмоқда. Кеча бўлиб ўтган селекторда ҳам жойларда бу борадаги ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилган эди. Уларнинг ҳозирги мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани, хавфни тушуниб етмаётгани аёнлашди.

Айниқса, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган, деди бугунги йиғилишда давлатимиз раҳбари. «Тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган».

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаяпти. Дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳри шифохоналарида 418 та, Тошкент вилоятида эса 816 та штат бирликлари бўш тургани вазирлик ва ҳокимият томонидан жорий вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлмоқда. Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетган.

Вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган.

Президент бундай ачинарли ҳолатлар аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг