Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи: Асал бочкаси ва тарихнинг бошқа гўзал экспонатлари (фото)

Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи: Асал бочкаси ва тарихнинг бошқа гўзал экспонатлари (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Музейлар халқ тарихининг кўзгусидир. Мана шундай гўзал кўзгулардан бири 2017 йили Жиззах шаҳрида қад кўтарган бўлиб, унда ўзбек адабиётининг атоқли адиби ва шоири Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфиянинг абадий хотираси жам бўлган.

2017 йилнинг 3 ноябр куни Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан атоқли ва истеъдодли адибларимиз Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Жиззах шаҳридаги  1902 йилда қурилган  “Хўжа Нуриддин” мадрасаси қайта реконструкция қилиниб, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи ташкил этилган.

Музей 16 та ҳужрадан ташкил топган бўлиб, уларда Ҳамид Олимжон ва Зулфия Исроилованинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ кўплаб экспонатлар қўйилган.

Ҳужраларда Ҳамид Олимжоннинг илк бор тушган сурати, ўша даврдаги уй-рўзғор, кулолчилик буюмларидан намуналар, Ҳамид Олимжон яшаган дала ҳовли макети, адибнинг болалиги тасвирланган картиналар, дутор, ХХ асрга мансуб бўлган жойнамоз, сўзана ва кашталар, Ҳамид Олимжоннинг онаси ўқиган араб алифбосидаги китоб ҳамда Комила аянинг кийган кийими ва рўмоли каби буюмлар жойлашган.

Ҳамид Олимжон яшаган дала ҳовли макети. Адибнинг укаси Сарвар Азимов сўзларига кўра Гайваронский томонидан ишланган.

Шунингдек, музейда Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг асарлари намуналар, яқин инсонлар, оила аъзолари, ҳамкасблар ва хорижлик ёзувчилар билан тушган суратлари, сценарийлар, ҳужжатлар ва гувоҳномалар, кийимлар, ўша даврда аҳоли ўртасида муомалада бўлган вексил, пуллар ва тангалардан намуналар, XIX аср охири XX аср бошларидаги тошбосма усулида чоп этилган китоблардан намуна қўйилган.

1970 йилда Ш.Ахтемов томонидан Ҳамид Олимжоннинг бронзадан ишланган бюсти ясалган. 2017 йилда Баҳром Норбоев томонидан Зулфиянинг ҳам бюсти ясалган бўлиб, иккала бюст ҳам  музейдан жой олган.

Шунингдек, музейда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним янги ёзган шеърларини бир-бирларига ўқиб бераётгани тасвирланган ҳайкал ҳам қўйилган.

Зулфияга бағишланган ҳужраларда шоиранинг суратлари, мукофотлари, жумладан, Украина, Болгария, Қозоғистондан берилган орден ва медаллар, 1999 йил Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган “Дўстлик” ордени  қўйилган.

Зулфия 1965 йили Ўзбекистон халқ шоираси, 1968 йили Жавоҳарлаъл Неру, 1970 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1971 йили Халқаро Нилуфар мукофотига, 1977 йили Болгариянинг “Кирилл ва Мефодий” орденига, шунингдек, 1984 йили шоиралар ичида биринчи бўлиб Меҳнат қаҳрамони унвонига  сазовор бўлган.

Музейда Ҳамид Олимжон ва Зулфияга мухлислар томонидан ҳадя қилинган буюмлар, кийим ва эсдалик совғалар ҳам сақланади.

Улардан бири 15-ҳужрада Бошқирд шоири Мустай Карим томонидан Зулфияхонимга берилган асал бочкаси.

Мустай Карим Зулфияхонимга совға қилган асал бочкаси

Музейда сақланаётган ҳар бир экспонат ўз тарихига эга ва ўзбек адабиётининг икки намоёндаси Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг бутун ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг