Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канн кинофестивалида хориж кино ижодкорларига Ўзбекистонда фильм суратга олиш таклиф қилинади

Канн кинофестивалида хориж кино ижодкорларига Ўзбекистонда фильм суратга олиш таклиф қилинади

Фото: «Stmegi»

Жорий йилнинг 8-19 май кунлари Францияда бўлиб ўтадиган 71-Канн халқаро кинофестивалида илк бор «Uzbekistan» павильони ташкил этилди, деб хабар берди «Халқ сўзи online».

Бу ҳақда нашрга киношунос Шоҳира Рауфбоева Франциядан маълум қилган.

Нуфузли Канн фестивалида илк бор ташкил этилган «Ўзбекистон» павильонида фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларига юртимизнинг юксак туристик салоҳияти, фильм суратга олиш учун бой имкониятлар намойиш этилади. Бу хорижлик кинокомпаниялар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, энг асосийси, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «PROlogue — 2018» халқаро фестивалига дунёнинг турли бурчагидан мутахассис ва ёш киноижодкорларни жалб этиш имконини беради.

— «Ўзбекистон» павильонида тақдим этиладиган тарихий-меъморий обидаларимиз, юртимиз табиатини акс эттирувчи кино журналлар ва бошқа тарқатма материаллар хорижлик киносаноати вакилларини эътиборсиз қолдирмайди, — дейди «Ўзбеккино» миллий агентлиги Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси Ойбек Абдушукуров. — Бундан ташқари япониялик киноижодкорлар ҳамкорлигида Тошкент ва Жиззахда суратга олинган «Dragonhead», Эрон ва Россия киноижодкорларининг Бухорода тасвирга туширган «Omar Khayyam», шунингдек, россиялик ижодкорлар томонидан Хоразмда суратга олинган кўплаб кинокартиналар ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, юртимизнинг нафақат кино санъати ва саноати, балки туристик салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг