Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мирзо Улуғбекка мактуб ёзган Нобел мукофоти лауреати

Мирзо Улуғбекка мактуб ёзган Нобел мукофоти лауреати

Муаллиф жўнатган фотолар

Буюк қомусий олим, «астрономия шаҳзодаси» Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги бу йил жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг нишонланади. Эртага, 22 март — Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун.

Ушбу муҳим воқеа арафасида «Самаркандиана» энциклопедик лойиҳасига дунёнинг турли давлатлари томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Жумладан, швейцариялик таниқли астрофизик олим, физика бўйича Нобел мукофоти лауреати Мишел Майор Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) қошида янги ташкил этилган «Инсон. Маданият. Тинчлик» халқаро илмий ва ўқув маркази томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган худди шу номли халқаро дастурда қатнашиш таклифимизни мамнуният билан қабул қилиб, ижобий жавоб берди.

Профессор Мишел Майор ўз мурожаатида шундай ёзади: «Ҳурматли Анатолий! Билдирган тилакларингиз учун ташаккур! Бу хабарга шахсан Улуғбекка мурожаат қилиб ёзган «мактуб»ни илова қиламан! «Самаркандиана» энциклопедик лойиҳаси муваффақиятли давом этмоқда, деган умиддаман ва барчангизга эзгу тилакларимни билдираман!».

Самарқандга юборилган суратлардан бирида шундай ёзувга кўзимиз тушади:

«Менинг буюк ва машҳур ҳамкасбим Мирзо Улуғбек изидан.

Мишел Майор».

Женевадан «астрономия шаҳзодаси»га йўлланган мактубда қуйидаги фикрлар билдирилган:

«Мирзо Улуғбекка!

Сизнинг ҳукмронлик қилган йилларингизда Самарқандда яратилган Пегас юлдуз туркумининг тасвири нақадар гўзал! Осмоннинг менинг қалбимга нақадар яқин бўлган бу ҳудудида биринчи кашф этилган экзосайёра — Пегас 51 жойлашган. Асрлар давомида биз осмонни ўрганишни иштиёқ билан яхши кўрган Сиз каби буюк ҳамкасбимиз хотирасини қадрлаб келмоқдамиз. Мен Сиз билан суҳбатлашишни ва Сиз ижод қилган даврлардан бери қанча ютуқларга эришганимиз ҳақида Сизга айтиб беришни жуда хоҳлардим.

Мирзо Улуғбек!

Коинотни ўрганишимизга қўшган беҳисоб ҳиссангиз учун сизга чексиз эҳтиромимни билдираман!

Мишел Майор, Женева университети астрономия профессори, физика фанлари бўйича Нобел мукофоти лауреати (2019)».

Мишел Майор бутун дунёга донғи кетган машҳур олимлардан бири. У «Қуёш ортидаги дунё кашфиётчиси» ва «юлдузлар овчиси» номлари билан танилган.

Женева университетининг фахрий профессори Мишел Майор Халқаро астрономия иттифоқининг (MAC) галактик тизимнинг тузилиши ва динамикаси, Қуёш ортидаги сайёраларни ўрганиш мақсадида тузилган ҳамжамиятга раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, Европа жанубий обсерваториясининг илмий-техника қўмитаси ва астрофизика ва астрономия фанлари бўйича Швейцария жамияти раҳбари вазифасида ҳамда Женева расадхонаси директори каби қатор нуфузли лавозимида фаолият юритган. Кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби, дунёнинг нуфузли академиялари аъзоси ҳисобланади. Ҳатто битта астероидга унинг (125076 Мишелмайор) номи берилган.

1995 йилда профессор ўзининг аспирантларидан бири Диде Куэлоз билан ҳамкорликда Қуёш тизимидан ташқаридаги биринчи сайёра — Сомон йўли галактикасида Қуёшга ўхшаш юлдузни айланиб юрувчи 51 Pegasi b (51Peg b) экзосайёрасини кашф этади. Экзосайёралар пайдо бўлишига сабаб бўлган ушбу инқилобий кашфиёт учун ҳар иккала олим Нобел мукофотига сазовор бўлган.

2022 йилда Самарқанд халқаро технология университети томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси иштирокида ва Eriell компаниялар гуруҳи кўмагида Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» астрономик асарининг нодир нашри тайёрланди ва ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида нашр этилди.

Дарвоқе, суратлар бизга Мишел Майор томонидан алоҳида эҳтиром билан юборилган.

Анатолий Ионесов,
Самарқанд халқаро технология университети
қошида ташкил этилган халқаро илмий ва ўқув марказ директори,
«Самаркандиана» энциклопедик лойиҳаси муаллифи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг