Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийни тушунишга уриниш: «Эй хуш улким...»

Навоийни тушунишга уриниш: «Эй хуш улким...»

Ҳазрат ўз ғазалларида айрим сура ва оятларга гўзал ишоралар ҳам қилганлар.

Фото: Sputnik Узбекистан

Гўзал қўшиққа айланган ва бизга яхши таниш бўлган бу ғазал ҳазрат Алишер Навоийнинг «Фавойидул кибар» («Кексалик фойдалари») девонидан ўрин олган. Ғазал битилган пайтда Ҳазрат нақшбандийлик тариқатининг Ҳиротдаги пири бўлиб етишган, кўп илмларни эгаллаган эдилар. Хусусан, Қуръон илмини пухта эгаллаган Ҳазрат ўз ғазалларида айрим сура ва оятларга гўзал ишоралар ҳам қилганлар. Биз ўрганаётган ғазалда ҳам бирданига икки сура тилга олинаяпти ва ҳатто бу икки сура вазифа сифатида ҳар куни бомдод ва шом маҳали, балки ундан кейинги дуо қабул бўладиган пайтларда такрор қилингани эътироф этилади.

Эй хуш улким, офият кунжи манга эрди мақом,

Сураи Ваш-Шамсу Вал-Лайл эрди вирдим субҳу шом.

Ваш-Шамс ва Вал-Лайл суралари нега ажратиб тилга олинди экан?

Аллоҳ Ваш-Шамс сурасининг дастлабки саккиз оятида қуёшга, унинг ёғдусига, ойга, кундузга, кечага, осмонга, ерга, жонга ва уларни яратган зотга қасам ичади. Ана шундан кейин асосий мақсад айтилади: «Ўз нафсини — жонини иймон ва тақво билан поклаган киши нажот топди. Ва у жонни фисқ-фужур билан кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди».

Пайғамбар алайҳиссалом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб, Аллоҳга бундай дуо қилар эканлар: «Аллоҳим, Ўзинг нафсимга — жонимга тақво ато этгин, ўзинг унинг эгаси — хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши поклагувчисан».

Вал-Лайл сурасида эса кечага, кундузга, эркак ва аёлни яратган зотга қасам ичган Аллоҳ «Ким закот ва бошқа садақотларни ато этса ва Аллоҳдан қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни, яъни жаннат бор эканини тасдиқ этса бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз», дейди.

Бизнингча, Ҳазрат бу ғазалда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Меърож кечаси арафасидаги, ўша кечадаги ва ундан кейинги ҳолатларини тасвирлаганлар. Биринчи байтни шундай тушунайлик:

Энг хуш дамларим саҳар чоғларида ва шомдан кейин ёлғиз қолиб, Ваш-Шамс ва Вал-Лайл сураларини тиловат қилган чоғларим эди. Бу сураларни тиловат қилиб, нафсимни тарбия қилар, уни поклашни Аллоҳдан сўрар эдим:

Субҳ андин хилватимға нафҳаи Руҳул Қудс,

Шом мундин кунжи фақрим равзаи доруссалом.

Бир куни субҳ чоғида Жаброил алайҳиссаломнинг муборак нафаслари келиб, у зот бу кеч Яратганнинг қошига ташриф буюришимизнинг хушхабарини айтдилар. Субҳда фақирона кулбада бўлган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шомда жаннат боғларидан бирида ўтирганликларини айтаяптилар.

Сайди субҳам донаси бирла малоик қушлари,

Анда қўймай риштаи зуҳду риёи бирла дом.

Тасбеҳ доналаридек саф тортган, ва тасбеҳ доналаридек бир-бирига ўхшаган гўзал фаришталар Аллоҳ дийдори сари бораётган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳавас билан гирдикапалак бўлдилар. Улар Аллоҳнинг энг севимли пайғамбарини риёсиз ва таъмасиз бир кўришга иштиёқманд эдилар ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом жамолига асир бўлган эдилар.

Не бировнинг қомати раъносидан нолам бийик,

Не кишининг ғамзаи жодусидан уйқум ҳаром.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эса фаришталарнинг раъно қоматлари ҳам мафтун этмайди, зеро, у зотнинг нолалари фаришталарни кўриш эмас, Ўзининг жамолини кўриш эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «уйқусини ҳаром этган» нарса ҳурларнинг жодули ғамзалари эмас эди. У зот тунлари бедор бўлиб, Аллоҳ дийдорини сўрардилар.

Не ичимда лоларуҳлар ишқидан қонлиғ туган,

Не бошимда сиймбарлар васлидан савдои хом.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ичларига «қонлиғ» дард лоларуҳлар, яъни малоикалар ишқидан эмас, Аллоҳ таолонинг ишқидан тушган эди. Бошларидаги «савдои хом» эса ҳурларнинг эмас, Аллоҳ таолонинг васлидан эди.

Ҳам кўнгулдан нозанинлар суҳбати бўлғон унут,

Ҳам назардан маҳжабинлар сурати бориб тамом.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганларида кўнгиллари фақатгина Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан тўлиб, у кўнгилда нозанинлар суҳбатига, ҳатто ҳурлар, малоикаларга рағбат кўрсатишга жой қолмади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўзлари энди Ёрни — Аллоҳ таолонигина кўришни истар, ой юзли малоикаларни кўришни ҳам истамас эдилар.

Ногаҳон шоҳ базмида жонимга тушди офате,

Мен ўзимдан бордим, ул билмам қаён қилди хиром.

Парда ортидан бўлса-да, Аллоҳ таолонинг дийдорини кўрган, Аллоҳ таоло билан роз айтишган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг жонларига офат етади ва ҳушларидан кетадилар. Ўзларига келганларида эса «Ёр йироққа йўл олиб» бўлган эди. Дийдорга тўймай қолган, Ёр кетиб, ҳушдан айрилган, ақллари панд бераётган, жонлари ўзлариники бўлмай қолган Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ёрнинг тез кетиб қолганига ўз хатоларидан сабаб ахтарадилар:

Ҳуш кетди, ақл итти, қолмади жону кўнгул,

Ишқ чекти зуҳд ила савдоларимға интиқом.

Аллоҳ таолога ишқим улуғ эди, аммо баъзан зуҳд йўлини тутганлигим, баъзан озгина қилган тоатларим эвазига кўп нарса сўраб юборганларим учун жазоландим.

Тушмиш ўт жонимга ул дамдин бери ул наъвким,

Жон бериб ўлмакни топмон, айлабон юз ихтимом.

Меърож кечасидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жонларига ўт тушади. Яна бир бор Аллоҳ таоло дийдорига етиш учун бир жонни беришни юз марталаб орзу қиладилар.

Ёр ғойиб, дард муҳлик, халқ ғофил, найлайин,

Ғаврима ким етгай, илло шоҳи гардун иҳтишом.

Ёр кетди, унга етиш иштиёқи, дарди беҳад кучли, ҳалок қиладиган, аммо бу дардимни ғофил одамларга айтолмайман. Қалбим тубидаги оҳимга ким ҳам етарди? Аммо Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир ва буюкдир. Умидим фақат Ундан.

Эй Навоий, шоҳдан дардинг иложи бўлмаса,

Бош олиб кетгил, уриб авворалиғ даштини гом.

Агар Аллоҳ таоло тоат-ибодатингни қабул қилмаса, минг уринганинг бекор, барча амалларинг бефойда бўлади. Ваш-Шамс сурасида айтилганидек, «Ва у жонни фисқ-фужур билан кўмиб хорлаган кимса номурод бўлади». Ана унда оворалик даштига бош олиб кетишдан ўзга иложинг қолмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламдек зот ҳам Аллоҳ таоло раҳмат қилмаса оввора бўлиб қолишдан хавотир тортаяптилар, Аллоҳ асрасин!

Балки ғазалнинг ўзини ўқиганимизда бундай ташбеҳлар ахтармасмидик? Биз устоз санъаткор Шерали Жўраев куйга солган ғазални тинглаб, қўшиқдаги оҳанглардан илҳом олиб, ундаги дарддан дардланиб, қўшиқни кўзларда ёш билан тинглаётиб, қалбимизда жунбушга келган туғёнларни қоғозда акс эттиришга уриндик, холос. Эҳтиросга берилиб, хатога йўл қўйган бўлсак, Аллоҳ мағфират қилсин!

Каримберди Тўрамурод

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг