Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оролдаги ҳақиқий Робинзон

Оролдаги ҳақиқий Робинзон

Александр эчки терисидан мих ёрдамида ўзига ажойиб либос тикиб олади.

Фото: Мир Приключений

«Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари» китобини кўпчилигимиз ўқиганмиз, шу асар асосида ишланган филмни завқ билан томоша ҳам қилганмиз. Бундан уч аср олдин кимсасиз оролда Робинзонданда мураккаб вазиятга тушиб қолган денгизчи ҳақида кўпчилигимиз билмасак керак. Даниел Дефонинг бу асари сюжетига қаҳрамонлик қилган жасур денгизчи Александр Селкиркнинг саргузаштлари Робинзон Крузоникидан ҳам қизиқроқ ва энг муҳими, ҳар қандай ижодий муболағалардан йироқ, ҳаётийдир.

XVIII аср бошларидаги Лондон битмас-туганмас бойлик, ўта қашшоқлик, ҳар куни оламшумул зафарлар ва фожеалар бўлиб ўтадиган, юқумли касалликлар аҳолини аёвсиз қираётган шаҳар эди. Денгиз қароқчилари асри бўлган бу даврда дунё океанларида ўлжа илинжида кезиб юрган қароқчилар кемалари ҳар қачонгидан ҳам кўп бўлиб, Испания ва Франция билан уруш олиб бораётган Англия ҳукуматининг ўзи бу кемаларга хайрихоҳлик қиларди.

Робинзон Крузонинг прототипи бўлган Александр Селкирк 1676 йили Шотландиянинг Шимолий денгиз бўйидаги Ларго шаҳарчасида, этикдўз оиласида туғилди. Отаси унинг ўз касбини давом эттиришини истар, лекин Александрга уйлари яқинидаги «Қизил шер» қовоқхонасига ташриф буюрадиган денгизчилар кўпроқ ёқарди. Уларнинг аксарияти лофдан иборат турли мамлакатлар ва ёввойи одамлар ҳақидаги ҳикоялари болада шу даражада кучли таассурот қолдирардики 15 ёшидаёқ Александр албатта денгизчи бўлишни мақсад қилганди. 18 ёшида у уйидан кетади ва бахтини излаб дуч келган кема билан денгизга равона бўлади. Айнан шундан кейин унинг ҳаётида омадсизликлар бошланади, лекин ҳар сафар ўта мушкул вазиятга тушса-да, нимадир бўлиб омон қолаверарди. У сузаётган кема француз қароқчиларининг ҳужумига дуч келади ва ёш денгизчини асирга олишади ҳамда қул қилиб сотиб юборишади. Асирликдан қочишга муваффақ бўлган Александр Лондонга қайтади. Биринчи саёҳатидаги омадсизлик уни ниятидан қайтара олмайди. У яна саккиз йил турли кемаларда дунё кезади ва қулоғида сирға, қўлида тилло узук, чўнтаги тўла пул билан уйига қайтиб келади. Лекин энди тинч ҳаёт уни қизиқтирмас, саргузаштларга тўла денгиз уни ўз бағрига чорлайверарди.

1703 йилда машҳур қароқчи Уилям Дампер капитанлигидаги уч кема испан олтинларини кўзлаб шимолга йўл олади. Александр ёлланган бу кемалардан бири — «Сентпор»нинг капитани йўлда вафот этади ва унинг ўрнига ёш инглиз жентлмени Томас Стредлинг капитан этиб тайинланади. Ўзи тенги йигитнинг кемани бошқариши шу кемага штурманлик қилаётган Александрга ҳеч ёқмас, имкон туғилганда лавозимига нолойиқлигини писанда қилиб капитан билан ғижиллашаверарди. Кемалар Тинч океанига чиққанида «Сентпор» карвондан ажралиб, Жанубий Америка сари йўл олади. Аста-секин кемада аҳвол оғирлаша бошлайди. Деярли бир йил сузсалар-да, тузукроқ ўлжани қўлга кирита олмайдилар. Денгизчилар офати бўлган цинга касаллиги экипажни битта-битта қира бошлайди. Озиқ-овқат, ичимлик суви тугаётган, бирдан-бир умид Чили яқинидаги Хуан Фернандес архипелагига етиб олиш эди. Бу пайтга келиб Александр Селкирк ва капитан ўртасидаги тортишувлар очиқдан-очиқ ёвлашишгача етади. Александр тезлик билан қирғоққа етиб бориб, қуртлар еб битирган кема корпусини таъмирламасалар чўкиб кетишларини айтиб дўқ урар, капитан уни эшитишни ҳам истамасди. Норозиликлар ғалаёнга айлана бораётганидан хавфсираган капитан Стредлинг Селкиркни боғлаб трюмга ташлашни буюради.

1704 йилда «Сентпор» абгор ҳолатда Хуан Фернандес архипелагига таркибидаги Мас-а-Терра оролига етиб келади. Бу пайтга келиб 90 кишилик экипаждан фақат 42 нафари омон қолганди. Александр ўзини оролда қолдиришларини талаб қилади, у денгизчилар ичида ўзига тарафдорлар чиқишига умид қилган, лекин қаттиқ адашганди. Капитан унга милтиқ, озгина порох, асбоблар, икки кунлик овқат ва Инжил китобини бериб оролга туширади ҳамда кемани ортга буради. Кимсасиз оролда ёлғиз қолишнинг даҳшатини шу ондаёқ ҳис қилган Селкирк узр сўраб ўзини бортга олишларини айтиб шунча ёлворса-да, Стредлинг фикридан қайтмайди ва уни ташлаб кетади.

Энди узрнинг фойдаси йўқ эди...

 

Қирғоқда фарёд ураётган Александр номини тарихга киргизадиган кимсасиз оролда буткул ёлғиз қолганди. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, уни ташлаб кетган кема тез орада ҳалокатга учрагани, экипаж денгизга ғарқ бўлганидан хабар топганида Селкирк оролда қолгани учун шукроналар айтган бўлармиди?

Лекин бундан бехабар Александр йиғлай-йиғлай иложсизлигини ҳис қилади ва тирик қолиш чораларини кўради. Егуликларининг тугаши, номаълум хавф-хатарлар уни ҳаракат қилишга ундайди. Оролни кезиб чиққан Александр унинг ўсимликларга жуда бой эканлигини, энг муҳими, чучук сув борлигини аниқлайди. Қирғоқдаги иссиқ қумларда тошбақалар тухум қўяр, Александр уларни йиғиб олиб пишириб ерди. Айниқса, денгиз устрицалари жуда тотли эди. Оролда ёввойи эчкилар гала-гала бўлиб ўтлаб юришарди. Дастлабки ойларда қаттиқ тушкунликка тушган Александрнинг қўли ҳеч ишга бормади. У дуч келган жойда ётиб юрар, топганини ерди. Кейинчалик ҳикоя қилишича, ёлғизликка кўниккунича бир йилдан ортиқ муддат ўтиб кетади.

Александрга қолдирилган ўқ-дори ва ярим кило порох кўпга етмасди. У ўқларни эчкиларни овлашга, порохни олов ёқишга сарфлади. Порох тугаганидан сўнг Александр чақин ёрдамида олов ёқишни ўрганди, эчкиларни эса қопқонда тута бошлади. Селкирк қулай жойдан ўзига кулба қуриб олди. Егулик ва бошпана муаммоси ҳал бўлгач, у оролдаги энг баланд чўққига чиқиб олиб соатлаб уммонга тикилиб ўтирарди. Александр оролга тез кунда қандайдир кема албатта келишига умид қилар, ойлар ўтиб орзуси саробга айланаётганини сезган сайин денгизни ва тақдирни ланъатларди.

Аста-секин кийимлари титилиб адо бўлди. Шунда этикдўз фарзанди эканлиги асқотди ва эчки терисидан мих ёрдамида ўзига ажойиб либос тикиб олди. Найза отишни ўрганди, ясаган камони парранда овлашда жуда қўл келди. Оролдаги ўсимликлар ичида қора мурч ва карам топиб истеъмол қила бошлади. Ёлғизликни енгиш, қолаверса, гапиришни унутиб қўйишнинг олдини олиш мақсадида у Инжил китобини қайта-қайта ўқир, ҳайвонлар ва ҳатто буюмлар билан ўзича гаплашарди. Кечалари денгиз томондан келадиган ваҳимали овозлардан қўрқиб анча вақт ухлолмай юрди. Кейинчалик бунга ҳам кўникиб кетди, қолаверса, бу товушларни чиқараётган денгиз арслонларининг анчайин беозор жониворлар эканлигини аниқлаб олди.

Ойлар, йиллар ўтар, уммондан кема шаклидаги нажотни кутиш саробга айлана боргани сайин Александр ҳам кимсасиз оролга мослашиб борарди. Денгизчи энди соқоли кўксига тушган, эчки терисидан бўлган кийимлари бақувват маймунни эслатадиган ҳақиқий ёввойига айланганди.

Кунларнинг бирида эчкини таъқиб этаётган Александр устига шох-шабба ёпилган чоҳга қулаб тушади. Мия чайқалиши, жароҳатлардан эзилиб чоҳда уч кун оч наҳор ётади. Бир амаллаб халос бўлганидан сўнг Селкирк бир неча кун овга чиқолмайди ва қийин вазиятлар учун захира тайёрлаб қўйиши кераклигини англаб етади. Шундан сўнг кулбасидан нарироқда яна бир бошпана қуради ва у ерга озиқ-овқат ғамлай бошлайди. Лекин оролга кемалардан тушиб қолган, кейинчалик жуда кўпайиб кетган каламушлар унинг захирасини ташиб безор қилишади ва Александр қийинчилик билан ёввойи мушукларни қўлга ўргатди ҳамда каламушларга қирон келтиради.

Йиллар ўтаверди. Александр чизиқлар ёрдамида белгилаб кетаётган тақвим ҳам кенгайиб бораверди. 1707 йили чўққи устида океанга тикилиб ўтирганида ногаҳон уфқда елканлар кўринди. Юраги ҳаприқиб кетган Александр бор овозда бақирганича кўзида ёш билан қирғоққа қараб чопди. Лекин тўрт йил куттириб ушалаётган орзу ажал шаклига кирган армонга айланди. Бу испан кемаси эди! Испанлар қўлига тушиш оролда бутун умрга қолишданда даҳшатлироқлигини ҳали унутмаган Александр орол ичкарисига қараб қочди. Ғалати одамни кўришган, лекин оролни титиб уни тополмаган испанлар сув билан бирга унинг барча захираларини олишди, камига унинг кулбаларини бузиб уммонда сузиб кетишди. Қайғуга ботган Александр бошпанасини қайтадан тиклади ва яна тақдирга тан бериб яшай бошлади.

Океанда жон асари кўрингунча яна икки йил ўтиб кетди. 1709 йилнинг 31 январида тўлқинлар ортида икки кема кўринди. Улардаги Англия байроғини кўрган Селкирк териси ичига сиғмай олдиндан тайёрлаб қўйган ўтинларига чўғ қалаб катта гулхан ёқди ва қирғоққа чиқиб бор овозда бақира бошлади. Лангар ташлаб, қирғоққа қайиқда сузиб келган денгизчилар инглизчани ярим-ёрти гапирадиган бу ёввойини кўриб ҳайрон бўлишар, Александр эса уларни қучиб олганича дод солиб йиғларди. Келганлар «Дюк» ва «Качес» елканли кемаларининг денгизчилари эдилар. 

«Дюк»нинг капитани Вудс Рожерс Александр эслайдиган қароқчи Уилям Дамперни яхши биларди. Кемага чиқиб олган бўлса-да, Селкиркка Лондонни кўриш яна деярли уч йил насиб қилмади. Юртига етиб боргунича у ўттиз уч ой давомида етти денгизни сузиб ўтиб, деярли бутун дунёни айланиб чиқди. 1711 йилнинг 14 октябрида Александр Селкирк ўлжага олинган «Инкриз» кемасининг капитани сифатида Англияга қайтиб келди. Унинг кимсасиз оролда бошидан кечирганлари оммада катта қизиқиш уйғотди ва Александр жуда машҳур бўлиб кетди. Селкиркни зодагонлар давраларига таклиф қила бошладилар. Лекин оролдаги ҳаёт таъсири камлик қилгандек, аслида ҳам табиатан қўрс ва камгап бўлган Александр кўп ўтмай эътибордан қолди. Ҳолбуки, саргузаштларидан усталик билан фойдаланиш учун сўзамоллик ва одоб уни ўз даврининг юқори табақасига олиб чиқиши мумкин эди. Лекин Селкирк ичкилик ва жанжалларга ўралашиб қолди.

Даниел Дефо бу пайтда бир неча китоблар чиқарган, лекин бирорта асари тилга тушмаган камбағал ёзувчи эди. Шундай бўлса-да, у ўз бахт қушини тута билди. Селкирк ҳақида эшитиши ҳамон Дефо денгизчи билан учрашишга ошиқди.

1717 йили Александр яна денгизга равона бўлди. Даниел Дефо эса ўзининг энг машҳур романини ёзишга киришди. «Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари» китоби унга узоқ кутилган шон-шуҳрат ва бойликни олиб келди. 1719 йилнинг апрелида чоп этилган китоб бутун дунё бўйлаб миллионлаб нусхаларда чоп этилди ва орадан уч аср ўтган бўлса-да уч юздан ортиқ тилларда ҳали-ҳануз чоп этилмоқда. Бу асарда Дефо муболағага йўл қўйган — Робинзон оролда ёлғиз эмас, Жумабой билан бирга тасвирланган. Александр Селкирк эса оролда якка-ёлғиз умр кечирган. Асардаги Робинзон Крузо кекса ёшларга етиб бахтли одам сифатида қаламга олинган бўлса, Александр ҳаётда омадсизлигича қолади. У 1721 йилнинг 13 декабрида, 45 ёшида кема бортида касалликдан нобуд бўлади ва одатга кўра денгизга дафн этилади. Таъкидлаш жоизки, ёзувчи Даниел Дефо ҳам ўз бахтини тутиб қололмайди. Китоб чоп этилганидан сўнг ўн йилча вақт ўтиб у яна қашшоқликка юз тутади ва қарз берганлардан қоча-қоча 71 ёшида хўрликда вафот этади. Замондошлари уни Лондонда дафн этишади.

Гарчи биз тилга олган ҳар икки инсон ҳаётлик чоғларида рўшнолик кўрмаган бўлсалар-да, тарихга ўз номларини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишга муваффақ бўлганлар.

Александрнинг кулбаси ҳозирги кунда қайта тикланган.

 

Александр Селкирк яшаган Мас-а-Терра оролига Дефонинг қаҳрамонига ҳурмат сифатида «Робинзон Крузо» номи берилган. Унга энг яқин бўлган орол денгизчи шарафига «Александр Селкирк» деб номланган. Бу ороллар ҳозирда сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади.

Аброр Зоҳидов

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг