Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Айдар-Арнасой кўлларида сув сатҳи 2 метргача пасайиб кетган

Айдар-Арнасой кўлларида сув сатҳи 2 метргача пасайиб кетган

Арнасой, Тузкон ва Айдар кўллари ўзаро бирлашиб, уларнинг умумий юзаси 370 минг гектарга, узунлиги 250 километрга, ўртача кенглиги 26 километргача етган, энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлик 7 метрни, сув ҳажми 2006 йилда 42,1 млрд м3 ни ташкил этган.

Сўнгги йилларда иқлимнинг ўзгариши ва ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдорда айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб, кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метргача пасайиб, сув ҳажми 36,8 млрд куб метргача тушган. Сувнинг минераллашув даражаси эса 5,1 г/л-8,6 г/л га, кўлнинг охирги қисмларида эса 12-15 г/л га етган.

Бу ҳақда 16 феврал, пайшанба куни ялпи мажлис олдидан ўтказилган Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида қайд этиб ўтилди.

Мажлисда қайд этилишича, сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15–20 см гача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан сувли-ботқоқли ҳудудларининг ўзига хос флора ва фаунасининг камайиб боришида намоён бўлган.

Айдаркўлга ҳар йили қишлаш учун январ-март ойларида 400 га яқин, шулардан 13 турдаги халқаро ва 24 турдаги Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган қушлар учиб келган бўлса, кўл ва кўл атрофидаги экотизимнинг ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартириши ва йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.

Ҳозирда Айдар-Арнасой кўлларидан унумли фойдаланиш ва уни асраб авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида Жиззах ва Навоий вилоятларининг кўлларга туташ ҳудудлари хатловдан ўтказилган ва сувни муҳофаза қилиш минтақалари бўйича дастлабки электрон харита яратилган.

Шунингдек, Жиззах вилояти ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича 11 та лойиҳа ишга туширилиб, ички туризм обектлари томонидан 15 млрд  сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, ҳудудда 2022 йилнинг баҳор мавсумида 200 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиб, 2 км масофада чорвачилик билан шуғулланишни чеклаш бўйича назорат ўрнатилган.

 Кўллар тизими сув ҳажмини сақлаб туриш мақсадида Мирзачўл коллекторининг назорат пунктида «ақлли сув» қурилмаси ўрнатилиб, сув ҳисоби олиб борилиши йўлга қўйилган. Назорат ишлари натижасида 2022 йил давомида кўллар тизими 1 млрд 918 млн куб метр ички коллектор-дренаж сувлари билан тўйинтирилган.

Келгусида кўллар тизимининг гидрометеорология фаолияти самарадорлигини ошириш, гидрологик кузатувлар тизимини такомиллаштириш мақсадида 2 та гидропост ташкил қилиш режалаштирилган.

Энг муҳими, ташқи  сув манбаларидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига жорий йилнинг 10 феврал ҳолатига 500 млн куб метрдан ортиқ чучук сув  ташланган. Шунингдек, келгусида кўллар тизимига ташқи манбаларидан  қўшимча  1 млрд куб метр чучук сув олиш масаласи юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Сенат мажлиси якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг