Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришнинг конституциявий кафолатлари

Бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришнинг конституциявий кафолатлари

Янгиланаётган Конституциянинг 43-моддасида давлат ишсизлик билан курашиб, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтириш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизнинг меҳнат ресурслари сони 19,5 миллион кишини ташкил этмоқда. Қайд этилишича, банд аҳоли сони 13,8 миллион киши, бандлик даражаси эса 68,0 фоиз, ишсизлар сони 1,3 миллион киши, ишсизлик даражаси 8,6 фоизга тўғри келади.

Бандликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш бўйича сўнгги йилларда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Унда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солинган.

Халқаро Меҳнат ташкилоти расмий саҳифасида эълон қилинган прогнозга кўра, ишсизлар сони 2023 йилда 3 миллионга ошиб, 2020 йилдан бери биринчи марта жами 208 миллион кишига етиши кутилмоқда (жаҳон ишсизлик даражаси 5,8 фоизга тўғри келади). 2023 йилда жаҳон бандлигининг ўсиши 1,0 фоизни ташкил этишини, бу 2022 йил даражасининг ярмидан кам бўлишини кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинишини назарда тутмоқда.

Ижтимоий ҳимояга ажратилган бюджет харажатлари деярли икки бараварга кўпайди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тизимлари йўлга қўйилди. Уларда 595,6 минг камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар, 433,0 минг нафар эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, 591 минг эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож ҳамда ишсиз ёшлар рўйхатга олинди.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» билан интеграция қилиш белгиланган.

Ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд аҳоли муаммолари ечимининг асосий қисми бандликни таъминлаш орқали бўлар экан. Бугунги кунда янги иш ўринлари яратиш, ўзини-ўзи банд қилиш, касаначилик, уй меҳнати, тадбиркорликни ривожлантириш каби тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб, ижтимоий кафолатларни белгилаш орқали ижтимоий-иқтисодий манфаатлар таъминланмоқда.

Камбағалликка барҳам беришнинг биринчи шарти – унга муносиб иш топиш. Бироқ, юқорида қайд этилган ижобий ишлар билан биргаликда, ишсизлик, камбағаллик ҳамон бор ва унга қарши курашиш тизимли бўлиши лозим. Айнан мана шу жиҳат Конституцияда ҳам мустаҳкамланмоқда. 43-модданинг иккинчи қисмида «Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради», деган янги норма киритилмоқда.

Давлат ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни камбағаллик ботқоғидан чиқариш билан бирга профессионал касб ўргатиш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг 37-мақсадини амалга оширишда, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баравар ошириб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш белгиланган.

Умумтаълим мактабларининг касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш навбатдаги вазифалардандир.

Шу билан бирга, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш кўламини икки баробарга ошириш белгиланган ва бунда:

  • ҳар йили касб-ҳунарга ўқитиладиган фуқаролар сони, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга оид давлат буюртмасини ишлаб чиқиш;
  • маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириб, уларнинг сонини 1000 тага етказиш;
  • 16 та «Ишга марҳамат» мономарказлари ва 59 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари қувватларидан самарали фойдаланган ҳолда ишсиз фуқароларни профессионал касблар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш;
  • Мономарказ ҳузуридаги «Ўқув-маслаҳат офис»ларига хорижий давлатлардан, жумладан, Россия, Туркия, Япония, Корея, Германиядан 100 га яқин хорижий ўқитувчиларни жалб қилиш;
  • касб-ҳунарга ўқитишда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш бўйича грантлар эълон қилиш кабилар назарда тутилган.

Қайд этилган мақсадларни Давлат ўз зиммасига олишидан мақсад, меҳнаткаш халқимиз учун муносиб меҳнат қилиш, яхши иш ҳақи олиши ва фаровон яшаши учун шароитларни яратиш. Шунингдек, ходимларни доимий ўқитиб, тажрибасини ошириб туришга оид қоида ҳам муҳим.

Энг муҳими, давлат ўз фуқароларининг бандлиги, моддий шароити, касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўз зиммасига вазифа олмоқда. Бу ҳолат Конституцияга киритилиши эса ушбу ишларнинг изчил давом эттирилишини кафолатлайди.

Нодира Гаибназарова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси аппаратининг бўлим мудири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг