Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинги эълон қилинди

Давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинги эълон қилинди

Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлиги рейтинг баҳолашдан ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, ушбу рейтинг Президентнинг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарорига кўра, баҳолаш 29 та махсус индикаторлар асосида «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилган.

Шу билан бирга рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилган.

Қайд этилишича, баҳолаш натижалари бўйича 62 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 12 та ташкилот фаолияти самарадорлиги «яхши» – (81-100 балл), 30 та ташкилот «қониқарли» – (55-80 балл) ва 20 та ташкилот «қониқарсиз» – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди. 

Мазкур рейтингдаги дастлабки «учталиклар»:

  • «яхши»лар – Солиқ қўмитаси (93), Ипотекабанк (93) ва Ўзсаноатқурилишбанк (91);
  • «қониқарли»лар – Ўзбекнефтгаз (80), Ўрмон хўжалиги агентлиги (80) ва Бухоро вилояти ҳокимлиги (77);
  • «қониқарсиз»лар – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (54), Қишлоққурилишбанк (50) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги (46).

Коррупцияга қарши энг суст курашаётган ташкилотларнинг охирги «учталиги»дан эса Андижон вилояти ҳокимлиги (18), Сув хўжалиги вазирлиги (13) ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (11) ўрин олган.
Аксилкоррупция агентлиги, шунингдек, таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидламоқда.

Жумладан, раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ташаббускор эмаслиги, жавобгарлик механизмининг белгиланмаганлиги ҳамда самарали коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаганлиги ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлган.

«Рейтингда «яхши» деб баҳоланган ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.

Хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни минималлаштириш бўйича аниқ ва манзилли чоралар кўрилган ҳамда коррупцияга қарши курашишда ташкилот раҳбарлари шахсий намуна сифатида ўрнак бўлган», – дейилади Агентлик маълумотида.

Шунингдек, баҳолаш якунлари бўйича «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилиши маълум қилинди.

Ўз навбатида «қониқарли» деб баҳоланган ташкилотларга бу борадаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилиши, «қониқарсиз»ларига нисбатан эса аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши, ижроси юзасидан ҳисоботлар эса ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилиши белгилаб қўйилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг