Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистонда ҳиндистонликни ўғирлаб кетган ўзбекистонликлар қамалди

Қозоғистонда ҳиндистонликни ўғирлаб кетган ўзбекистонликлар қамалди

Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳри Қозибекбий туман суди томонидан одам ўғирлаш ва зўрлик билан ўзбошимчалик қилиш (Қозоғистон Жиноят кодекси 125-моддаси 2-қисми 1-банди, 389-моддаси 3-қисми)да айбланган 5 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Дастлабки тергов ҳаракатларида уларнинг ўтган йилнинг кузида олдиндан жиноий тил бириктириб, Ҳиндистон фуқаросини ўғирлаб автомашинада Остона шаҳрига олиб боришгани ва у ерда қарзни қайтариш шарти билан квартирада сақлагани аниқланган.

Суд тергови давомида эса 2022 йил 22 ноябрь куни Ҳиндистон фуқароси Қарағанда шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан  мурожаат қилгани, тезкор тадбирларда эса полиция жабрланувчи сақланган уйда ашёвий далиллар топгани маълум қилинди.

Суд мажлисида Ҳиндистон фуқароси Ўзбекистон фуқароларидан биридан катта миқдорда қарз олиб, лекин тўлашни кечиктиргани, кейин Ўзбекистон фуқаролари қарзни қайтариш мақсадида қарздорни ўғирлаб кетишга қарор қилгани аниқланди. Шу мақсадда улардан икки нафари жабрланувчини кузатиб юрган ва кундузи Ҳиндистон фуқаросини ўғирлаб кетишган.

Судда прокурор айбланувчиларни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Ҳимоя томони эса айбловни рад қилиб, судланувчиларни оқлашни сўраган.

Суд жиноий ҳуқуқбузарликлар жамидан келиб чиқиб, одам ўғирлашда ташкилотчи деб топилган ўзбекистонликни 8 йилга, қолганларни эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг